Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 26 июля 2016 г.

э п л е п с и я н и м а

ЭПИЛЕПСИЯ: БЕМОР ТИШЛАРИ ОРАСИДА ҲЕЧ НАРСА ТИҚМАНГ!


Эпилепсия бош миянинг сурункали касаллиги бўлиб, асосан тутқаноқ ёки тиришиш хуружлари билан кечади. Бу касаллик бирламчи, яъни туғма ёки иккиламчи, яъни баъзи бош мия касалликлари натижасида ривожланади. Бундан ташқари, эпилепсия ҳеч қандай сабабсиз ҳам келиб чиқиши
мумкин.

Эпилепсия наслдан-наслга ўтиши ҳам, ўтмаслиги ҳам мумкин. Иккиламчи тури бош мия жароҳатлари, организмнинг заҳарланиш касалликлари, менингитлар, менингоэнцефалитлар, ўсмалар, бош мияда ўтказилган турли операциялар, инсультлар, бундан ташқари, бола туғилаётган пайтда ёки ҳомиладорлик пайтида олинган жароҳатлар, болаларнинг турли юқумли касалликлари туфайли келиб чиқиши кузатилади. Қолаверса, айрим хасталиклар тутқаноқ билан кечиши мумкин, масалан, бош мияга қон қуйилиши – геморрагик инсульт, ҳомиладорлик даврида кузатиладиган эклампсия.

Агар ўз вақтида даволанса, эпилепсиянинг айниқса иккиламчи тури тўлиқ тузалиб кетиши мумкин.

Тутқаноқ хуружларининг турли шакллари бор. Генераллашган тутқаноқлар албатта беморнинг ҳушдан кечиши билан кечади. Фокал (парциал) тутқаноқларда тиришиш юз беради-ю, ҳушдан кетиш кузатилмайди.

Баъзилар тутқаноқда албатта тиришиш ва ҳушдан кечиш кузатилади (бу катта тутқаноқлар деб аталади) деб ўйлайди. Аслида ундай эмас, тутқаноқ хуружларининг тури жуда кўп. Баъзан бемор бир неча сонияга (10-20 сонияга) ҳушидан кетади – қотиб қолади, буни ҳатто ўзи сезмайди ҳам (бундай хуружлар кичик тутқаноқлар – абсанс деб аталади) Худди ана шу хуружлардан беморнинг атрофидагилар бехабар қолишади, чунки беморнинг ўзи ҳам нима юз берганини билмайди-да. Бу хуружлар бир кунда бир неча бор такрорланса, яқинлари эътибор беришни бошлайдилар. Эпилепсиянинг ўзига хос томони ҳам шунда: бемор хуруж пайти нималар бўлганини мутлақо эслай олмайди. Бу ҳолат тиббиётда тутқаноқдан кейинги амнезия (яъни эслай олмаслик) деб аталади. Фақат бемор у ер-бу ери шилингани ёки кўкарганидан хуруж бўлганини билиб қолиши мумкин.

Тутқаноқнинг онг бузилиши билан кечадиган яна бир тури ҳам бор. Бунда бемор соғлом одамлардек ҳаракат қилади, масалан, кўчага чиқади, машинага ўтиради, ҳатто бошқа жойларга бориб қолиши ҳам мумкин. Хуруж ўтганидан кейин эса у ерга қандай келганини эслай олмайди.

Тутқаноқ хуружи юз берган пайт биринчи навбатда беморни текис, жароҳат етмайдиган жойга ётқизиш ва бошини ўнгга ёки чапга буриб туриш зарур. Беморнинг тишлари орасига қўл ёки бошқа нарса тиқиш керак эмас. Акс ҳолда беморнинг тишлари синиши ёки қўлингизга жароҳат етиши мумкин. Унутмаслик керакки, тутқаноқ хуружи одатда бир дақиқада, узоғи билан уч дақиқада ўтиб кетади.

Тутқаноқ хуружлари кўп бўладиган беморлар буни олдиндан сезишади, яъни уларда даракчи белгилар кузатилади. Бундай беморлар хуруждан олдин дарров текис ерга ётишади-да, тишларининг орасига бирор юмшоқ нарсани тиқиб олишади. Хуруждан икки-уч дақиқа олдин кузатиладиган даракчи белгилар тиббиётда аура деб аталади, унинг бир нечта турлари бор. Кўриш аурасида беморнинг кўз олдида турли шакллар ва ранглар (масалан, қон ранги), ёнғин, чақмоқ пайдо бўлади. Эшитиш аурасида эса қулоққа ҳар хил овоз, қичқириқ, ҳуштак, тасир-тусурлар эшитилади. Ҳид билиш аурасида турли хил нохуш ҳидлар; мотор аурасида кутилмаган ҳаракатлар; вегетатив аурада кўнгил айниши, қусиш, юрак уриши, нафас олишнинг бузилиши, оқариб ёки аксинча қизариб кетиш кузатилади. Беморда ауранинг муайян тури учрайди ва ҳар сафар тутишидан олдин айнан шу тури безовта қилади. Аура ҳамма беморларда ҳам учрайвермайди.

Агар тутқаноқ хуружлари бирин-кетин содир бўлаверса, ярим соат ичида ҳам ўтиб кетмаса, бу эпилептик статус деб аталади. Бундай ҳолатда зудлик билан «Тез ёрдам» чақириб, беморни касалхонага олиб бориш зарур. Бундай беморга шифокорлардан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмайди. Эпилептик статус ҳатто ўлимгача олиб бориши мумкин, шунинг учун ҳам кечикиш асло мумкин эмас.

Эпилепсия касаллигини даволаш албатта қатъий тартиб асосида олиб борилиши шарт. Беморлар буюрилган дорини ўз вақтида қабул қилишлари жуда муҳим. Айрим беморлар муолажа олсалар-да, хуружлар сони камаймаётганидан шикоят қилишади. Бундай ҳолатлардаё дориларнинг дозаси нотўғри белгиланган, ёки тутқаноқнинг ўша турига мос дори танланмаган бўлади.

Агар бемор дори ичишни ўзбошимчалик билан тўхтатиб қўйса, бир-икки кундан кейин аввалгидан ҳам кучлироқ хуруж тутиши, хуружлар сони кўпайиб кетиши мумкин.

Иккиламчи эпилепсияда дорилар асосан уч йилдан беш йилгача буюрилади. Бу вақтда дорининг дозаси ё камайтириб, ёки кўпайтириб борилади. Агар шу вақт ичида тутқаноқ тутмаса, электрэнцефалография ва бошқа текширувлар натижалари яхши чиқса, дорилар тўхтатилиб, бемор рўйхатдан чиқарилади

Комментариев нет:

Отправить комментарий