Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 21 октября 2016 г.

гижжалар..

ИЧИМИЗДАГИ ГИЖЖАЛАР

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (БЖССТ) маълумотига кўра, инсонда содир бўладиган касалликларнинг 70-80 фоизи паразит-гижжаларнинг таъсирида келиб чиқади. Бугун ер юзи аҳолисининг 3,5-4 миллиардини гижжалар кемирмоқда, улар гижжа касаллигидан азоб чекмоқда.
Гельминтлар организмнинг ҳамма жойида бир неча
ҳафтадан бир неча йилларгача ҳаёт кечиради. Мутахассисларнинг аниқлашича, гижжа инсон ичакларида қирқ-эллик йилгача яшаши мумкин экан. Кўпчилик гижжани фақат қоринда бўлади, деб ўйлайди. Аслида эса у нафақат ичакларда, балки қон томирларда, мияда, лимфада, жигарда, ўт халтасида, ўпкада ҳам бўлиши мумкин.
Гижжалар одам танасига керакли витаминлар, микроэлементлар ва озуқаларни еб яшайди ва ўзидан чиқадиган чиқиндилар билан танани заҳарлаб туради. Натижада терида ҳар хил аллергик касалликлар, турли оқ-қора доғлар, ҳатто пес (витилиго), камқонлик, уйқусизлик, нерв фаолияти бузилиши, ошқозон-ичак, жигар фаолияти бузилиши каби хасталикларга олиб келади.
Гельминтлар ўзи яшаб турган жойдаги нарсаларни еб кун кўради. Масалан, витаминларни, оқсилларни ютади, углеводлар ва микро­элемент­ларнинг ичакларга сурилишига йўл қуймайди. Кўпчилиги эса қонни сўради. Гижжаси бор бемор болада нималар юз беришини санаб ўтайлик:
– гижжаси бор бола яхши ўсмайди, тенгдошларидан бўй жиҳатдан ортда қола бошлайди;
– сколиоз (умуртқа поғонаси қийшайиши) пайдо бўлади;
– бола ақлий ривожланишдан орқада қолиб, буқоқ бези катталашади;
– иммунитети сусайиб кетади, касалликлар юқиши осонлашади;
– сочи тўкилиши, терисига оқ доғлар тушиши кузатилади;
– дерматитлар (дори воситалари таъсирида терининг яллиғланиши), аллергия, анемия, хорея, холецистит, энтерколит, гастрит сингари касалликлардан бири ривожланади;
– боланинг қорни оғрийди, асабийлашади, жиззаки бўлиб қолади, уйқусида тишларини ғижирлатади, гижжалари тухум қўяётганда орқа чиқарув тешиги қаттиқ қичишади, бола уни қашийвериши натижасида у ерда тошма ҳосил бўлади, йиринг­лайди.
Одам организмида паразитлик қиладиган гижжаларнинг 250 дан ортиқ тури (9 тури болаларда) учрайди. Булардан қуйидаги гижжа-паразитлар кенг тарқалган:
Аскарида – думалоқ чувалчангсимон гижжаларнинг бир тури бўлиб, унинг узунлиги 15-40 см гача етади. Бу гижжалар одамнинг ингичка ичагида пайдо бўладиган касалликдир. Аскарида гижжаларининг тухуми ниҳоятда майда, кўзга кўринмайдиган, фақат урчиш пайтида тўпланганда оқ рангда кўриниши мумкин. Етилган гижжалар ингичка ичакда яшайди ва кўпаяди. Бир кеча кундузда 250.000 тагача тухум қўйиб, нажас билан ташқи муҳитга чиқади ва тарқалади.
Лямблия келтириб чиқарадиган касаллик лямблиоз деб аталади. Лямблиоз кенг тарқалган бўлиб, манбаларда келтирилишича, ушбу паразитларни дунё аҳолисининг тахминан 8-10 фоизида топиш мумкин. Бу борада ёш болалар кўпроқ касалланиши исботланган. Ҳозирги вақтда фанга лямблияларнинг 40 дан ортиқ тури маълум. Лямблиялар сут эмизувчи ҳайвонларда ҳам паразитлик қилади. Айрим олимларнинг фикрича, лямблиялар шартли патоген микроорганизмлар ҳисобланиб, улар оз миқдорда соғлом инсонлар организмида ҳам учрайди. Уларнинг миқдори ичакда кўпайиб кетгандагина касалликка сабабчи бўлади, деган қарашлар ҳам мавжуд.
Энтеробиоз – жуда майда думалоқ, оқ, ипсимон, чувалчангсимон гижжадир. Бу гижжалар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида учраб туради. Мазкур касаллик ҳар 100.000 кишидан 1.100 кишида учрайди. Айниқса, у ёш болаларда 70-80 фоиз учрайди. Бу гижжалар ҳам тез кўпаяди. Урғочи гижжаларнинг узунлиги 10-12 мм, эркаклариники эса 2-5 мм.ни ташкил этади. У беморнинг йўғон ва ингичка ичагида паразитлик қилади. Бу гижжалар болаларга оғиз орқали юқади ва уларни безовта қилиб, дармонини қуритади, уйқусини бузади, кўнглини айнитиб, иштаҳасининг йуқолишига сабаб бўлади.
Трихоцефалёз – қилбошли гижжа бўлиб, узунлиги 30-35 мм.га етади. У, асосан, кўричакда яшайди, аммо баъзан йўғон ичакда ҳам учрайди. Озиқ-овқатлар орқали юқади. Бу гижжалар ҳам аскаридаларга ўхшаб юқади ва кўпайиб кетади. Натижада ич кетиши, камқонлик, озиб кетиш, дармонсизлик, инжиқлик каби ҳолатларни юзага келтиради.
Эхинококк ясси чувалчанглар типи, тасмасимон чувалчанглар синфига киради. Унинг узунлиги 0,3-0,6 мм бўлиб, бўри ва тулкилар ичагида паразитлик қилади. Бошидаги икки жуфт сўрғичлари ёрдамида ичак деворига ёпишиб олади. Танаси 5-6 бўғимдан иборат; тухумга тўлган охирги бўғими ҳайвон ахлати билан ташқарига чиқиб кетади, унинг ўрнига яна бошқаси ҳосил бўлади.
Эхинококкнинг тухумлари ем-хашак орқали қорамол, қўй, от ва туя каби ҳайвонларнинг ичагига тушганида улардан чиққан личинкалар қон орқали ўпка, жигар ёки бошқа аъзоларга бориб, жуда йирик, баъзан чақалоқ бошидек ва ундан ҳам каттароқ пуфаклар ҳосил қилади. Бундай пуфак ичидаги суюқликда фақат микроскопда кўринадиган жуда кўп сонли личинкалар бўлади. Итлар ва йиртқич ҳайвонлар ички аъзолари билан бирга ана шундай пуфакларни еганда улар ичагида личинкалар вояга етади. Ҳайвон ичагидан ахлат билан жуда кўп эхинококк тухумлари ташқарига чиқиб туради. Тухумлар ҳайвонларнинг юнгига ҳам ёпишиб қолади. Одам касал итни силаганда эхинококк тухумларини ўзига юқтиради. Одам ва ўтхўр ҳайвонлар эхинококкнинг оралиқ хўжайини деб белгиланади, ит ва йиртқич хайвонлар эса унинг асосий хўжайини ҳисобланади.
Болалар гижжаси тўгарак чувалчанглар типига киради. Мазкур гижжа одамларнинг, айниқса кичик ёшдаги болаларнинг ичагида паразитлик қилади. Болалар гижжасининг урғочиси уруғлангандан кейин орқа чиқарув тешиги яқинида яшай бошлайди ва кечаси шу атрофдаги терига тухум қўяди. Бу пайтда тери қаттиқ қичишиб, кишини безовта қилади. Гижжанинг тухумлари ифлос қўл орқали яна ичакка тушиб қолса, қайтадан ривожлана бошлайди. Гижжа тухумлари касал одамнинг кийими, тўшаги ёки бошқа буюмлари орқали юқади.
Чўчқа тасмасимон гижжалар ясси чувалчанглар типининг тасмасимон чувалчанглар синфига киради. Унинг тузилиши ва ҳаёт кечириши қорамол тасмасимон чувалчангникига ўхшаш бўлиб, вояга етган даврида одам ичагида, личинкалар чўчқалар гўштида яшайди. Одам яхши пиширилмаган чўчқа гўштини истеъмол қилиб, паразит финнасини юқтиради.
Тениаринхоз – цестодозлар гуруҳига мансуб гельминтоз. У 6-7 м гача узунликдаги, одам ичагида паразит кун кечирадиган, гермофродит, йирик тасмали чувалчангсимон гижжадир. Паразит ўн йиллаб умр кўради. Одам етарлича термик ишлов берилмаган, шунингдек, хом ва тарикибида цистицерк (буқа цепени личинка босқичи) бўлган қуритилган (сур) гўштни истеъмол қилганида шу паразит билан зарарланади.
Касаллик юқтирадиган манба бемор одам бўлиб, улар йиллар давомида ахлат билан бирга ташқи жинсий аъзо атрофига тухумларни чиқаради. Уларнинг ҳар бири 150-180 минг тухум қўяди.
Тухумларда шаклланиб улгурган личинка (ликосфера) бўлиб, ташқи муҳитда қўшимча ривожланишга муҳтож эмас. Оралиқ хўжайин (қора мол) ичагида тухумдан холи бўлган личинкалар илгаклар ёрдамида ичак капиллярларига ўрнашади ва қон оқими билан исталган аъзога тарқалади. Асосан, мушаклараро бирлаштирувчи тўқимада ўрнашади ва кейинги личинка босқичи – цистецерк (финна)га айланади.
Цистецерк – одам ва ҳайвонлар паразитларидан биридир. У тиниқ суюқликли пуфакча шаклида тузилган овалсимон паразит бўлиб, катталиги нўхотдек келади. Цистецерк одамнинг тери ости ёғ клечаткасида, мияда, кўзида, юрагида, жигарида, ўпкасида ва талоғида жойлашган бўлиши мумкин. Цистецерклар 10 ойгача яшаб, кейин чуқур жойлашиб олади. Қора мол гўшти билан бирга ютиб юборилган тасмасимон гижжалар ичакда овқат ҳазм қилиш безлари таъсирида қобиғидан холи бўлади ва холи бўлган гижжа уруғлари ичак деворига ўрнашади. Гижжа уруғлари аста-секин ривожланади ва 2-3 ойдан кейин етилган пакана гижжалар ўсиб чиқади. У кунига 6-11 та тухум ажратиб чиқаради. Бу гижжаларнинг узунлиги 1-4 см.ни ташкил этади.
Гижжалар қандай юқади?
Гижжаси бўлган беморлар аскаридоз тарқатувчи манба ҳисобланади, улардан соғлом одамга эътиборсизлик натижасида юқади. Шунингдек, эринчоқлик қилиб, гигиена қоидаларига амал қилмаган инсонларда ҳам бу касалликка чалиниш кўп кузатилади. Масалан: бозордан шивит, петрушка, сельдр, редиска, помидор ва бодринг олиб келиб, тўғраб, салат тайёрладингиз, дейлик. Кўриниши яхши, деб аҳамият бермай, яхшилаб ювмагансиз. Уларнинг баргига ёпишиб олган гижжа ва аскарида­лар тухумлари билан бирга организмингизга тушади. Кейин ошқозон-ичак йўлига ўтади ва шиллиқ пардага ўрнашади.
Касалликнинг соғлом одамга юқишида гижжа тухумлари билан ифлосланган қўл етакчи роль ўйнайди. Шу боис мазкур хасталикни«ифлос қўл» касаллиги ҳам дейишади.
Гижжалар болаларга:
– организмида иммунитет пасайганда;
– тозаликка, яъни санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаслик натижа­сида;
– ўйингоҳларда ўйнаганда;
– очиқ ҳавзаларда чўмилганда пайдо бўлади;
– уй ҳайвонлари (сигир, эчки, қўй, ит ва мушуклар) билан ўйнаганда. Шунингдек, бу касаллик кўрпа-тўшаклар ва сочиқлардан;
– қўлларни яхши ювмасликдан, кир бармоқларини оғизга солишдан, чала пиширилган гўшт, балиқ, қисқичбақа ва бошқа овқатларни истеъмол қилишдан;
– сувни ва сутни қайнатмасдан ичиш орқали юқади. Айниқса, болалар сувда чўмилганда ўзи билмаган ҳолда сув ютади, бунда гижжалар тери шиллиқ пардалари орқали баданга ўрнашиб олади ва ўзига қулай шароит топиб кўпаяди. Мазкур гижжалар қаерга жойлашиб олса, ўша жойдан озиқланади.
Барча гельминтлар босқичма-босқич ривожланади. Бутун ҳаёти давомида гельминт қуйидаги босқичларни кетма-кет бошидан ўтказади: тухум – личинка – етук гельминт. Бу ривожланиш даври дейилади. Гельминт одам организмига ривожланишининг биринчи босқичида тушиб, бошқа босқичда уни тарк этади. Бу беморнинг зарарсизланишини таъминлайди, лекин ташқи муҳит гижжаларни тарқатиш манбаи бўлиб қолади.
Гижжа касаллигининг асосий белгилари
Гижжалар инсон организмининг турли аъзоларига ва умумий саломатлигига зиён етказади. Касаллик аломатлари гижжаларнинг турига, миқдорига ва тананинг қаерида жойлашганига қараб белгиланади. Касалликнинг асосий белгилари:
Катталарда:
– бемор вазни камайиб боради;
– доимий ҳолсизлик кузатилади, тез чарчайди;
– тана ҳарорати кўтарилади;
– одам танасининг терисига ҳар хил тошмалар тошади;
– иштаҳа пасаяди;
– бемор осойишталигини йўқотади, ухлай олмайди, боши айланади ва оғрийди;
– инжиқ ва тажанг бўлиб қолади, тез жаҳли чиқади;
– гижжалар ичакда жойлашган бўлса, беморнинг ичи қотади ёки кетади, кўнгли айнийдиайрим ҳолатларда қусади;
– жигарда бўлса, кўз оқи ва бадан териси сарғаяди;
– ўпкада бўлса, йўтал тутади, тумов, шишлар пайдо бўлади.
Болаларда:
– болалар қориннинг киндик соҳасида оғриқ пайдо бўлишидан шикоят қилади;
– боланинг вазни камаяди, унда ланжлик, жирканиш пайдо бўлади;
– жисмоний ва ақлий ривожланиши орқада қолиши кузатилади;
– бўй ўсиши секинлашади, жинсий ривожланишда, хотирада ўзгаришлар сезилади;
– гижжалар ичакда бўлганида боланинг ичи қотади, айрим ҳолларда ичи кетади;
– жигарда бўлганида кўз оқи ва бадани сарғаяди, шиш пайдо бўлади;
– гижжалар ўпкада ривожланганда болада йўтал пайдо бўлади, баъзан кўнгли айниб қайт қилади, жиғилдон қайнайди ва иштаҳаси йўқолади;
– қоринда оғриқ, айниқса, киндик атрофида оғриқ кучаяди, ичакларда яралар пайдо бўлади;
– орқа чиқарув тешигининг атрофида кучли қичиш пайдо бўлади, бола уялиб, кучли безовта бўлгандан кейин ота-онасига айтишга мажбур бўлади;
– ишлаш ҳамда ўқиш қобилияти пасаяди, дарсларни ўзлаштириши сусаяди.
Энг яхши ҳимоя йўллари
Аввало, инсон ва уй ҳайвонлари (мушук ва ит) ўртасидаги “мулоқот”га ойдинлик киритиш керак. Бу уй ҳайвонлари инсонларда гельминт касалликларини келтириб чиқарувчи омил ҳисобланади. Инсон яна кучук ва мушуклардан ташқари, балиқ, чивин, пашша, қисқичбақалар билан мулоқотда бўлиб, бу касалликни ўзига юқтириши мумкин.
Итлар 150 турдан ортиқ гельминтлар ташувчиси ҳисобланади, лекин шунга қарамасдан улар орқали фақат эхинококк ва альвеокок юқиши мумкин.
Шахсий гигиенада бир нечта қоидаларга риоя қилиш талаб этилади:
а) овқатланишдан олдин қўлни ювиш – бунга болани одат­­­лантириш катта аҳамиятга эга бўлиб, чуқур маъно касб этади.
б) ота-оналар фарзандларига иложи борича қайнаган сув беришлари керак. Кўкатларни хом ҳолда истеъмол қилишдан олдин қайнаган сув билан ювиш лозим.
в) очиқ ҳавзалардан сув ичмаслик, бу – гельминтларнинг олдини олишда яна бир энг асосий ва долзарб сабаблардан ҳисобланади.
Гельминтлар чивин ва пашшалар чаққанида ҳам юқиши мумкин. Касал бўлмаслик учун фарзандларимизга оддий гигиена қоидаларини ўргатсак, уларни гельминтлардан ҳимоя қилган бўламиз. Бу унчалик оғир, мураккаб иш эмас.
Катталар, айниқса, мактаб ёшигача ва мактаб ёшидаги болаларда доимо гижжалар билан зарарланиш хавфи бўлади. Шу сабабли гижжалар билан зарарланишнинг олдини олишнинг оддий, осон йўлларини ҳар бир одам билиши керак. Буларга шахсий гигиенага қатъий риоя қилиш, қўл, оёқ тирноқларини ўз вақтида олиб, қўлни яхшилаб совун билан ювиш, идиш-товоқларни ҳам тозалаб ювиб туриш киради. Гижжалар, асосан, тупроқдан, яъни кўк ўтлар, сабзавотларни яхшилаб ювмасдан истеъмол қилишдан келиб чиқади, шу боис уларни қайнаган сув билан ювиш шарт – бу касалликнинг олдини олишга катта ёрдам беради.
Тасмасимон гижжалар эса, асосан, қорамол, чўчқа гўштини хом хатала пишириб истеъмол қилиш натижасида юқади. Оилада гўшт тўғрайдиган тахтачалар хом гўштга алоҳида, пишган гўштга алоҳида бўлиши керак.

Комментариев нет:

Отправить комментарий