Лола Каримова-Тилляева турмуш ўртоғи билан “Ислом ота”
масжиди очилишида иштирок этди
“Ислом ота” жоме масжиди Ўзбекистон Республикасининг Биринчи
Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева ҳамда унинг
турмуш ўртоғи Темур Тилляев томонидан қайта таъмирланди.
Бироз аввал, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти
Ислом Каримовнинг кенжа қизи, “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси раиси,
Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Лола Каримова-Тилляева ваъда
қилганидек, Тошкентдаги “Жўрабек” жоме масжиди капитал таъмирланиб, унга Ислом
Каримов хотирасига “Ислом ота” номи берилгани ва масжид очилиши муносабати
билан эҳсон дастурхони ёзилгани ҳақида хабар берган эдик.
Лола
Каримова-Тилляева бугун, 7 октябрь куни мазкур масжиднинг расмий очилиш
маросими ўтказилгани, унда ўзи ва турмуш ўртоғи Темур Тилляев иштирок этгани ва
масжидда таъмирдан сўнг илк бор Жума намози ўқилгани ҳақида ижтимоий
тармоқлардаги саҳифаси орқали хабар берди.
“Бугун қайтадан
таъмирланган “Ислом ота” жоме масжидида илк бор Жума намози ўқилди. Тошкент
шаҳрининг Фарғона йўли кўчасида жойлашган ушбу масжид 2015 йилнинг баҳорида
содир бўлган ёнғин натижасида деярли буткул вайрон бўлган эди.
Ўзбекистон
мусулмонлари идораси раҳбарияти, Тошкент шаҳар бош имом хатиби, масжид имом
хатиби ва қавми ҳамда кенг жамоатчилик таклифига биноан қайта қурилган жоме
масжидига марҳум Юртбошимиз, отам Ислом Каримовнинг хотираларига бағишлаб
“Ислом ота” номи берилди.
Бугун эрталаб бўлиб
ўтган масжиднинг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,
муфтий Усмонхон Алимов, Тошкент шаҳар Бош имом хатиби Анвар қори Турсунов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вакиллари, Тошкент шаҳар масжидларининг
имом хатиблари, маҳалла вакиллари ҳамда турмуш ўртоғим билан мен иштирок этдик.
Ушбу масжидни қайта тиклашдек
савобли ишни бажариш бахтини мен ва турмуш ўртоғимга насиб айлагани учун
меҳрибон Парвардигорга беҳисоб ҳамду санолар ва шукроналар айтамиз.
Масжидни қайта тиклаш
ишлари бошланган вақтда биз қурилиш падари бузрукворимнинг вафотларидан сўнг
битиши ва масжидга уларнинг номлари берилишини хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик.
Аллоҳ таолодан
раҳматли отамнинг диний қадриятларни тиклаш, Ватан озодлиги, юрт тинчлиги ва эл
фаровонлиги йўлидаги солиҳ амалларини қабул айлаб, Ўз мағфиратига олиши ҳамда
охиратларини обод этишини илтижо қиламиз.
Ҳозирда “Ислом ота” жоме масжидининг умумий
майдони қарийб икки баробар ошган бўлиб, энди масжидда 1000дан зиёд киши (ҳар
бир қаватда 500 дан ортиқ киши) намоз амалларини адо этиши мумкин. “Ислом ота”
масжиди бундан кейин ҳам Ислом динининг эзгулик, тинчлик, меҳр-мурувват,
раҳмдиллик, муҳтожларга ёрдам бериш каби қадриятларини тарғиб қилувчи муҳим
маънавий-диний маскан бўлиб қолишини Ҳақ таолодан сўраб қоламиз”, деб ёзади
Каримова-Тилляева.
Комментариев нет:
Отправить комментарий