Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 9 июня 2016 г.

ғани мажид

ЎЧМАС  ХОТИРАЛАР


Эркин Воҳидовни мен бугунги кундаги ғазал жанрида ёзадиган шоирларнинг энг чўққисидаги шоир деб таниганман. Ёшликдан унинг ғазалларини, шеърларини хавас қилиб шеърлар машқ қилардим. Унинг телевизорда чиқишлари ҳам менда катта таъссурот қолдирарди.
Бир вақтлар Андижон пахтачилик институтида институтни янги битириб келиб ишлаётган пайтимда Эркин Воҳидов
ва бир неча шоирлар билан кутилмаганда учрашув бўлиб қолди. Ўша пайтда анчайин зарур ишларимни ҳам ташлаб бу учрашувга катта қизиқиш билан қатнашганим ёдимда. Учрашувда менинг эътиборим фақатгина Эркин акада бўлгани учун бошқа шоирларнинг ким экани ва қандай шеърлар ўқигани, ўзларини қандай тутганлари ҳам ёдимда йўқ. Эркин аканинг эса ҳар бир ҳатта-ҳаракати ҳозиргача кўз ўнгимда.
У учрашувда ўртада икки қўлини мушт қилиб унга иягини тираб ўтирганни кўз олдимдан кетмайди. Шеър ўқишлар бошланиб, келган меҳмонлар ўз сўзларини айтаяпти-ю мен Эркин акадан кўз узмасдим. Ниҳоят унга сўз берилди. У минбарга чиқиб ўзини жуда камтарона тутиб сўзлар айтгач “Ҳозирги ёшлар” деган шеърини ўқиб берганда залда гулдурос қарсаклар бўлиб кетди. Учрашув тугагач мен ўша пайтда ёшлик қилиб на дастхат олиш, на олдига яқин келиб қўл бериб кўришиб қўйиш, на бирор савол бериб қўйишни ҳам билмабман. Ҳатто унга яқинроқ келиб яқиндан кўришга ҳам журъат қилолмагандим.
Шеърият ичига кириб, бир-икки умумий дафтарни тўлдириб, унга-бунга шеърларимни кўрсата бошлаганимдан кейин бир куни Тошкентга борганда Эркин акага шеърларимни кўрсатиш ниятида у ишлаётган “Ёшлик”  журнали таҳририяти олдига келиб у билан учрашмоқчи эканимни айтганимда “У сизни чақиртирганмиди? Чақиртирмаган бўлса телефон қилинг, рухсат берса қўямиз дейишганда ўйланиб қолдим. У мени танимаса, мен ўзимни ким деб таништираман?  Шеърларимни кўриб берсангиз десам кўриб берадиган мутасадди шоирлар қанча, ўшаларга боринг демайдими?  Иккилана-иккилана қайтиб кетгандим. Энди ўйласам жуда тўғри бўлган экан. Агар ўша пайтдаги машқларимни Эркин ака кўрганида менга нисбатан ихлос ўрнига ҳафсаласизлик пайдо бўлиши ҳеч гап эмас экан.
Бугунги кунда бутун Андижон адабий гурнггини олиб бораётган бўлсам ҳам, унинг қанча ғазалларига муҳаммаслар боғлаган бўлсам ҳам, юзлаб ёш ижодкорларга бош бўлиб турган, уларга ижод сабоқларини бераётган бўлсам ҳам агар у тирик бўлиб Андижонга, гурунгга келса шеърларимни кўрсатишга журъат этолмасам керак деб ўйлайман. Ёшлик бебошлик деб балки шунга айтилса керак-да.
Одил Ёқубовнинг ўғли Муроджон уйларига меҳмонга олиб бориб бир кун ётиб келганимда ҳам Одил акага ҳикояларимни кўрсатгани ботинолмай қайтиб келганим, неча марталаб Тошкентга бориб Абдулла Ориповга машқларимни кўрсатаман деб кўрсатмай келганларим, Ўткир Ҳошимовнинг хонасида ўтириб Маҳкам аканинг таниши сифатида гаплашиб ундан бирор нарса сўрашга, машқларимни кўрсатишга ботинолмаганим ҳамон ёдга тушса бир томондан яхши қилган эканман, деб ўйлаб қоламан. Чунки янги бошловчи ижодкор ҳар бир асарини кимгадир кўрсатишга шошилиши, ҳар бир ёзган нарсаси жуда улуғ, катта ижод бўлганга ўхшаши табиий нарса экан. Бу хом-ҳатала машқларни кўрсатиб катта ижодкорларнинг ихлосини эмас, аксинча хафсаласини совитиш мумкин экан. Мен ўша пайтда уларга кўрсатишим мумкин бўлган машқларимни ўзим ҳам ёқтирмай ташлаб юборган бир пайтда агар уларга кўрсатганимда нима бўларди деб, бир ёмон ишдан худо асраган экан деб қоламан.
Бугунги кунда Эркин Воҳидовнинг дунёдан ўтганига қаттиқ қайғураётган бўлсам ҳам унга ўз машқларимни учрашиш мумкин бўлган пайтларда кўрсатмаганимга афсус қилмайман. Лекин барибир уни ўз устозим ва мен ихлос қўйган улуғ инсонлардан бири деб биламан. Шунинг учун унинг шеърлари таъсирида кўплаб шеърларим дунёга келган. Қуйидаги ғазални ҳам Эркин аканинг ғазаллари таъсирда ёзгандим.
ТОЛА  СОЧ

Ёр ўтирган жойга келсам қопти ундан тола соч,
Ўзи ҳам шундай узунки, келадир нақ бир қулоч.

Кўзларимга суртадирман ёрни ҳар он ўйласам,
Ёр хаёли боғига ул экди янги бир қувонч.

Боғладим бўйнимга тунлар, ўйнадим туни билан,
Эҳки соч берган қувончга қилмагай ҳеч ким ишонч.

Мен олиб қўлимга сочни айладим минг бор сўроқ,
Айтди у: тушкун фикрлар йўлидан сен асли қоч.

Ёрга етмоқлик йўлида неки сўрса розиман,
Қолмагай кўнгилда армон ёр агар очса қулоч.

Сочидан ҳам келди хуш бўй хидласам маст айлади,
-Келгин эй, ёр келгуча юзима атрингни соч.

Сочга айтиб бор сиримни йиғладим бу кун Ғани:
-Ёрга етмоқлик йўлининг кел сен эй сирини оч.

Ғани МАЖИД,
“Нафосат” клубининг бадиий раҳбари,

шоир ва носир

Комментариев нет:

Отправить комментарий