Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 4 июня 2016 г.

шарқлик аёл



ШАРҚЛИК АЁЛ

Сал катта бўлдиму, дунёга боқдим,
Кўнглимни қуршади турфа хаёллар.
Ғарблик хонимларнинг кўзидан ўқдим:
“Севишни билмайди шарқлик аёллар!”

Назокат бобида булоқдек тиниқ
Оврўпо – ҳаммадан фарқлик аёллар.
Ғарблик йигитнинг-да тасдиғи аниқ –
“Севишни билмайди шарқлик аёллар!”


Голливуд кўрсатар ҳар бир йўлакда
Минг бир Ромеолар бўлмиш уволлар.
Жульетта топилмас бошқа ўлкада,
“Севишни билмайди шарқлик аёллар!”

Шарққа сафар қилиб не муаррихлар
Муштипар нигоҳдан сўрмиш саволлар.
Жавоб йўқ, бу ҳолни иложсиз шарҳлар:
“Севишни билмайди шарқлик аёллар!”

Ҳуқуқшунос хоним айлайди тафтиш
Ва ўз хулосасин уялмай йўллар:
“Нега хўрланмасин, ахир, оддий иш –
Севишни билмайди шарқлик аёллар!”

Анжели Жоли ҳам топибди бир гап,
Ўзи кўрса ҳамки, турли висоллар:
“Кундоши бўлса ҳам индамас, сабаб –
Севишни билмайди шарқлик аёллар!”

Не зотлар фарангий ишқ оташида
Куйиб ёнмишдирлар, кўпдир мисоллар:
Не боис фарангқиз Зидан қошида?
“Севишни билмайди шарқлик аёллар!”

Ҳа, бундоқ мисоллар кўпдир эҳтимол,
Эҳтимол гўзалдир ғарблик аёллар,
Шу сабаб айтарсиз балки бемалол:
“Севишни билмайди шарқлик аёллар!”

Тўғри, шарқ аёли айтмас севгисин,
Бир умр сир тутар ёстиқдошидан,
Қаттиқ рашк қилганин била олмайсиз,
Сезиб қолмасангиз кўзда ёшидан.

Ўша шарқ аёли қаттиқ суйгандан
Муҳаббат боғига хаёлан кирар,
Ҳаёси ўта зўр кучли бўлгандан
Тушини ҳам зўрға, уялиб кўрар.

Жимгина қимтиниб, кулиб одимлар,
Само ҳам тинглаюр буюк хаёл бу.
Қанийди, билишса ғарблик хонимлар -
Севишда беқиёс шарқлик аёл бу!

Бировга сочмайин кўнгил сирини
Қўлини жимгина тутган ҳам удир,
Жангда ўлиб кетган содиқ эрини
Ўлгунча индамай кутган ҳам удир.

Садоқат бобида чексиздир диди,
Тунлари ёстиққа тўкар кўз ёшин,
Мусибат чоғида кўрсангиз эди
Шарқлик аёлларнинг темир бардошин:

... Момом бор эди, қирқ учинчи йили
Қорахат олгану, кучайган дарди.
Совчилар уч йилча қўйишмаган тинч,
Фарзанди йўқ эди... Тегса бўларди.

Эрга тегса, биров койимас сира,
Локин момом мани шарқлик эди-да -
Бировнинг қўйнига киришдан кўра
Ёқарди ёнишлик хижрон дардида.

Кутди, кутаверди хаёл тўрида,
Шод бўлиб яшарди ишқ таскинидан.
Бирдан... қирқ олтинчи йил охирида
Бобом қайтиб келди финн заминидан.

Қорахат не бўлди, дерсиз, аслида
Бунга сабаб – жангда кўп офат эди.
Бобомнинг қайтиши сирсиз – аслида
Момомнинг сабрига мукофот эди.

Урушгача ўн йил яшаб бефарзанд,
Уларнинг қалбига санчиларди ўқ.
Тақдирни қарангки, ажиб, шул кундан
Фарзандлар туғилди бирин-кетин шўх.

Мана сизга севги, мана сизга ғам!
Кўринг дунёдаги энг юксак фарқни -
Инсофдан бўлурму шундан кейин ҳам
Севишдан бехабар дейишлик шарқни?!

Мен ғарблик аёлнинг шаънига зинҳор
Ёмон сифатларни тиркаламасман,
Аммо ўз момомнинг шаънин беғубор
Ҳимоя қилмасам, фарзанд эмасман.

Эй ғарблик дўстларим, билмасангиз гар
Ҳақиқий севгини, буюк хаёлни,
Тилингизни тийинг қиёмат қадар
Тинч қўйинг, тинч қўйинг ШАРҚЛИК АЁЛНИ!!! 

Комментариев нет:

Отправить комментарий