Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 29 июля 2016 г.

японлар умри

Нега японлар кўп яшайди?
«Япониялик фалончи 116 ёшга кириб, энг узоқ яшаган инсон сифатида «Гиннесснинг рекордлар китоби»га кирди, «фалон япониялик 114 ёшини нишонлади», каби хабарларни дунё янгиликларида тез—тез эшитиб турамиз.

Бу миллат инсонларининг кўп йил яшаши билан боғлиқ ғаройиб афсоналар ҳам юради. Ажабки, японлар 100 йил ва ундан ошиқ
яшайдилар, аммо қаримайдилар, семирмайдилар, кексайган чоғда ҳам беллари букилмайди. Бунинг сири нимада?

Уларда «семириш» деган муаммо йўқ!

Японлар — рекордчи миллат. Умр узоқлиги ва саломатлик билан боғлиқ бошқа жиҳатларда улар дунё аҳлидан анча олдинда. 2011 йилда Японияда ўртача умр кўриш бўйича эркакларда ёш 79 ни, аёлларда эса 86 ни ташкил этган ва бу рақамлар ўсишда давом этмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, узоқ умр кўрган япон бобо-момолар улуғ ёшда ҳам ўзларини аъло даражада ҳис этади, соғлигидан кўп шикоят қилмайди, фаол турмуш тарзи олиб боришади. Кунчиқар мамлакатда касал бўлиб ётиб қолган кексалар жуда кам. Инфаркт, инсульт, простатит ва кўкрак бези саратони сайёрада бу мамлакатда энг кам фоизни ташкил этади.

Японияда «семириш» деган муаммо йўқ. Юз кишидан учтасигина ортиқча вазндан шикоят қилиши мумкин. Солиштириш учун: АҚШ да ҳар 100 кишидан 30 таси семизликдан азият чекади.

Япон аёллари дунёдаги энг гўзал аёллар эканлиги аллақачон тан олинган ҳақиқат. Чиннидек оқ ва тоза тери, жилокор сочлар, асосийси, ёшлик даврининг чўзилиши кўпчиликни ҳайратга солади. Суратдаги ёшгина мафтункор қиз аслида 40-50 ёшли аёл бўлса ҳеч ким ҳайрон бўлмайди. Агар Жанубий Кореяда бунга жарроҳ асбоблари ёрдамида эришилса, японлар бу учун ҳаракат ҳам қилишмайди, чунки улар табиий гўзал.

Бу борада изланишлар олиб борган мутахассислар «японча мўъжиза»ни шундай изоҳлайдилар: «японлар ўзлари ва саломатликларига нисбатан жуда синчков, ғамхўр, улар ҳаёт тарзига оқилона ёндашадилар».

Агар сабаб самурайларнинг камёб ва нодир генларида бўлмаса, японча абадий ёшликнинг сири нимада? Энг аввало -тўғри овқатланиш, кўп ҳаракатлилик, япон оролларидаги минерал сувли булоқларга бориш ва ўзини парвариш қилиш — мана японларнинг узоқ яшаш сирлари.

Японча гўзаллик

«Касалликни даволашдан кўра, олдини олган афзал», дейди ҳар бир япониялик ва бунга қатъий амал қилади.

«Ёшлик давриданоқ соғлиқни асраш, организмга ғамхўрлик қилиш, жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланиш лозим, шунда кексайганда шифокорма-шифокор югурмайсиз», дейишади япониялик кексалар.  Бизда  бунга эътибор беришмайди, японлар эса 20-25 ёш­даёқ «яшартирадиган олмалар» — денгиз коллагени билан тўйинтирилган дори воситаларини қабул қилишни бошлайдилар. Бу эса келажакда  бўғим хасталигига чалинишнинг олдини олиб, терининг ёш кўринишига хизмат қилади. Япон аёллари юз ва тери парваришига жуда эътибор берадилар, турли муолажаларни эринмай бажарадилар, бу масалада вақтларини аямайдилар ва натижа шунга арзийди.

Японча саломатлик қоидалари «Кеп қолинг, саккизоёқлар бор!»

Японияда балиқ, сабзавотлар, мевалар, гуруч ва дуккакли ўсимликлар —  ҳар кунги овқатланиш рационининг асосий маҳсулотлари.

Япон ошхонаси ҳамда  балиқ ва денгиз маҳсулотлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Ахир, Япониядаги денгиз қирғоқларида балиқнинг 3000 дан ортиқ турини овлаш ва улардан мазали ва фойдали таомлар тайёрлаш мумкин. Ҳар бир япониялик йилига ўртача 68 килограмм балиқ истеъмол қилади, бу бошқа мамлакатларда яшовчи халқлардан уч-тўрт марта кўп деганидир.

Лосось балиғи — япон ошхонасининг энг мазали ва севимли балиғидир, шунингдек, гулмоҳи (форель) скумбрия, тунец креветкалар, саккизоёқлар, илонбалиқ (угорь) қисқичбақа ва бошқа денгиз маҳсулотларига Японияда талаб катта.

Бундай «денгиз диетаси» шарофати билан организм мўл-кўл равишда оқсиллар, турли минераллар, йод, селен ва асосийси, «Омега-3» ёғ кислотаси билан таъминланади. Айнан «Омега-3» юрак ва қон томирлари фаолияти учун жавоб беради.

Япон ошхонаси таомларининг калорияси паст ва организм учун зарарли ҳисобланадиган ҳайвон ёғларидан холи. Тозаланмаган гуруч ва турли сабзавотлар эса организм учун жуда фойдали саналадиган клетчатка манбаидир.

Сабзавотлар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Японлар ҳар қандай ўсимлик ва сабзавотдан таом тайёрлашни ва уни дастурхонга чиройли қилиб тортишни қотирадилар. Ҳатто энг инжиқ болажонлар ҳам бу мазали таомлардан бош тортмайдилар ва улар ёшлигиданоқ шундай тарбияланади.

Японияда «таомлар календари» бор. Ҳар мавсумда сабзавотлар ва мевалардан турли таомлар тайёрланади, халқ сайллари уюштирилади. Бу анъанага айланиб кетган.

«Олмадан уч, ўрикдан беш кило тортинг!»

Япон халқи меваларни  севиб истеъмол қилади. Мева бошқа жойлардан олиб келингани сабаб жуда қиммат нархларда сотилади, аммо шунга қарамай, японияликлар дастурхонидан қишин-ёзин мевалар аримайди. Янги узилган мевалар, шунингдек, мевали салатлар хуш кў­риб ейилади. Олма, шафтоли, хурмо, банан, ўриклар ва цитрус мевалардан сайлаб олаверасиз…

Японлар сабзавот ва мевалар юрак-қон томир хасталиклари келиб чиқишининг олдини олишда катта аҳамиятга эга эканлигини яхши биладилар. Карамнинг турли навларида учрайдиган фитоэстоген моддаси эса саратон касаллигига чалинишнинг олдини олиши ҳақида уларга ёшлигидан уқтирилади. Японларнинг хушбичимлигига келсак, сабзавот ва мевалар ортиқча вазн йиғилишига йўл қўймайди.

«Кам-кам е…»

Японларнинг таом порцияси ғарб порциясининг учдан бир кисмига тенг келади. Биз ошқозонда таомни «заҳира» қилмасак, қўл артмаймиз тўғрими, японлар эса дастурхондан бироз оч ҳолда туришади. Улар шошмай овқатланишади. Таомнинг мазасини обдон билиш учун яхшилаб чайнашади («Сарой жавоҳири» сериалидаги қиролнинг овқат ейишини эсланг).

Япон аёллари ҳақиқий бекалардир – улар нафақат мазали овқат тайёрлашади, балки уни дастурхонга иштаҳани очадиган тарзда тортишниям билишади. Уларнинг фикрича, таомдан лаззатланиш лозим.

Хаси (махсус таёқчалар) билан кўп микдорда овқат еб бўлмайди, семириб кетмасликнинг яна бир сабаби балки шудир.

Факт

Дунёдаги 110 ёшдан ошган 40 нафар қариянинг 20 таси Японияда яшайди. Дзироэмон Кимура бобо  — 116, Мисао Окава буви эса 117 йил умр кўрган.

«Макарон, пицца, гамбургер ЕМАЙМИЗ!»

Соя маҳсулотларисиз  япон ошхонасини тасаввур қилиш қийин. Соя ва соя маҳсулотларида калория кам бўлгани ҳолда улар аминокислота ва протеинларга тўйинган бўлади. Соя ҳайвон ёғларида бўладиган оқсил ўрнини бемалол боса олади. Соя маҳсулотларининг сероблиги японларнинг саломат ва ёш кўринишининг яна бир сабабидир, дейишади шифкорлар.

Японлар фаст-фуд таомларни деярли истеъмол қилишмайди. Макарон, пицца, гамбургерларни ҳам уларнинг дастурхонида кўрмайсиз. Қизил гўшт, сариёғ, картошкани ҳам истеъмол қилишмайди ёки жуда кам миқдорда таомларга қўшишади, шунингдек, сут маҳсулотларидан ҳам ўзларини тийишади.

Ҳафтада оддий япон оиласи 70 га яқин турли таомларни татиб кўради, европалик дастурхонида эса бу рақам ўттизни, баъзида бундан камроқни ташкил қилади.

Нон камроқ, гуруч кўпроқ…

Биз ҳар куни нон еймиз. Японлар доимий равишда нима истеъмол қилишади дейсизми? Гуруч. Гуручни улар гарнир сифатида, шунчаки қайнатиб, салатга қўшиб ҳам еяверишади. Бугунги кунда айрим ёш японлар нон ейишга одатланишган, аммо у ҳам уйда гуручдан тайёрланган махсус нон.  Гуруч таркибидаги углеводлар, минерал ва витаминлар организм учун жуда фойдалидир.

«Нонушта қилдингми?»

Японлар эрталабдан нонуштага бизга ўхшаб  тўйиб олмайдилар. Ширин бўтқалар, булочкалар, қуймоқлар, қовурилган тухум улар наздида тез ҳазм бўлади, шу сабаб тушликка етмай одам оч қолади. Японияда нонуштага сизга гуруч, пиёзли шўрва, бир бўлак лосось балиғи ва албатта, кўк чой таклиф қилишади. Бундай нонушта билан кечгача оч қолмас эмишсиз.

«Ширинликни бир ўзинг ема!»

Японлар ҳам ширинликни хуш кўришади, аммо жуда кам ейишади. Япон десертлари бизнинг десертлардан тубдан фарқ қилади. Улар асосан денгиз ўсимликларидан тайёрланган, қаймоқсиз ва кремсиз ширинлик ва мармеладларни истеъмол қилишади.

Бир-икки, уч…

Бугунги кунда ўтириб ишлаш замона зайлига айланди. Кўпчиликка маълумки, доимий равишда ўтириб ишлаш кўп касалликларни келтириб чиқаради. Аммо японлар бунинг ҳам чорасини топишган. Улар узоқ масофадаги уйларига пиёда боришдан эринишмайди (биз бир бекат наридаги уйимизга ҳам автобус ёки таксида кетамиз), юқорига лифт эмас, зинапоя орқали кўтарилишади, кўп ҳолларда машиналарини велосипедга алмаштиришади, кўчаларда ҳатто катта-катта ташкилот раҳбарлари ҳам велосипед ҳайдаб юришади.

«10 минг қадам» пиёда юрамиз!»

1960-йилларда тадқиқотчи Иосиро Хатано Японияда оммалашиб кетган  «10 минг қадам» теориясини таклиф қилади. Унинг фикрича, кунига 10 минг қадам (8 км.) юрган одам узоқроқ умр кўради, қомати букилмайди ва  қон босими билан боғлиқ муаммоларга дуч келмайди. Японлар бунга ҳамон амал қилишади.

Чой маросимига хуш келибсиз!

Япония — чойлар мамлакати. Кўк чойни бу ерда кун бўйи ичишади. Овқатдан олдин, уйқудан аввал, тонг отгандан, шунчаки кун ўртасидами фарқи йўқ, кўк чой бўлса бўлди. Улар кўк чой инсонни ҳар қандай дарддан халос қилади, деб ҳисоблашади. Умумий овқатланиш жойларида кўк чой бепул тарқатилади.

Тонгда югурасизми?

Япония шаҳар-қишлоқларида тонг пайти кўчада югуриб юрган кекса-ёшларни кўплаб учратиш мумкин. Тушда офисдан чиқиб пиёда айланиб келишади. (Бунга 10 дақиқага рухсат берилган) Дам олиш кунларида албатта, табиат қўйнига чиқишади, хиёбонларда сайр қилишади, ўрмонларга ошиқишади.

Улар уйларида тез-тез ҳаво алмашиб туришини назорат қилишади. Уйни жуда иситиб юборишмайди. Айримларга ўхшаб ўраниб юришмайди.

Японлар сигарета тутунига тоқат қилишолмайди,шу сабаб ҳамма жойда чекиш учун махсус жойлар белгиланган. Шунингдек, спиртли ичимликлар ичишга ҳам чекловлар бор.

«Юрагингизни кенг қилинг!»

Донишманд японлар  таъкидлайдиларки, ҳар бир кунини завқ билан яшаган, майда-чуйда гаплардан оғриниб юрмаган, тушкунликни енгган одамлар кўп яшайди. Улар салбий ҳис-ҳаяжонлар  нафақат инсон қалбига, кайфиятига, балки одамнинг жисмоний ҳолатига ҳам таъсир кўрсатади, аниқроғи, саломатлигига жиддий зарар етказади, деб ҳисоблайдилар.  Шу сабаб боғча ва мактаб ёшидан болалар ҳаётга нисбатан муҳаббат руҳида тарбияланади. Аҳамиятсиз воқеа-ҳодисаларга куйинишни эмас, ижобий ҳолатлардан завқланишни, қувонишни ўргатишади.

Бу ҳаётий фалсафа инсон иммун тизимини мустаҳкамлашга замин яратиб, организмни турли юқумли хасталиклардан ҳимоя қиларкан.

«Шахматдан сўнг уйқу…»

Япониялик кексалар то қартайиб қолсалар ҳам  мияни машқ қилдириб туриш лозим, дейдилар. Кунчиқар мамлакатда ҳар бир хонадонда шахмат-шашка ўйинларига гувоҳ бўласиз.  Шунингдек, японлар турли танловларда иштирок этишни яхши кўришади, бошқотирмалар ечишади.

Уйқунинг сифати японлар учун жуда муҳим. Ухлаш шунчаки вақт ўтказиш эмас, организм соғлом бўлиши учун асосий жиҳатдир. Тўйиб ухлаган одам уларнинг наздида яхши ишлай олади, сифатли уйқу организмни хасталиклардан ҳимоя қила олишига ишонишади.


Мана, японларнинг узоқ умр кўриш сирлари — оддийгина, ҳамма амал қилса бўладиган қоидалар. Бу қоидаларга амал қилиб, инсон нафақат саломатлигини  асрайди,  балки дунёқараши ҳам ижобий томонга ўзгаришига муваффақ бўлади. Сиз ҳам юқорида айтилганларнинг энг осонидан бошланг, ахир минглаб километрларга йўл бир қадамдан бошланади.(мулохаза уздан)

Комментариев нет:

Отправить комментарий