Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 27 июля 2016 г.

абдулла орипов

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг янги ёзган гўзал шеърлари


Абдулла ака дўппида
САДО
 Узоқлардан келар бир садо,
Айтинг, нима қилайин, бобо?
– У Ватандан таралган овоз,
Йўлларига солгин пойандоз.
-Садо келди яна ногаҳон,
Нима қилай, айтинг, бобожон?
-Елкасида юк бор бир олам,
У халқингдир, мадад бер, болам.
24.06.2016
БАРДОШ

Мудом чаппор уриб учган қалдирғоч,
Қишу ёз уйимдан кетма, ором ол.
Мен сенга тегмасман, яйраб бола оч,
Фақат қанотларинг менга берақол.
Мусича ин қурган хонадонимда,
Хеч кимдан чўчимас, шунчалар ёввош.
Хай қушим, фазилат бўлса қонимда,
Мўминлигинг билан айлай айирбош.
Осмон-фалакларнинг эгаси бургут,
Бир умр шаҳдингга қилганман ҳавас.
Ўша армонимни эсла, ёдда тут,
Менга шижоатинг ҳадя қил бир пас.
Қушлар жам бўлишар, пасайиб осмон,
Ерга қарай-қарай, чуғурлашиб дер:
– Барча хислатимиз олгину, Инсон,
Бизга тирноқчалик бардошингдан бер.
                                               01.07.2016
БОЗОР

Ўйиндан бўшамайди одатда бола зоти,
Ҳовлимизда у кун ҳам қувонч шамолдай елди.
Дарвозадан югуриб чиқдик ўша заҳоти,
– Отам бозордан келди, отам бозордан келди.
Хуржунни тортқилаймиз, жим турар қирчанғи от,
Таралар болаларнинг қий-чувлари ҳовлига.
Бу- хўрозқанд, бу- пашмак, буниси эса новвот,
Парво қилмайди ҳеч ким саратоннинг ҳоврига.
Отам секин елпинар, пешона терин артиб,
Бизларнинг ташвишимиз чарчатганди бегумон.
Ҳар бозорда ҳар қайда бор эрур шундай тартиб,
Албатта, уйимизда қайнайди бугун қозон.
Салқин оқшом тушади, супададир бизнинг жой,
Етаканни санаймиз, боққанча юлдузларга.
Оғзимизда хўрозқанд эриб битган, ҳойнаҳой,
Қани энди, уйқу ҳам кела қолса кўзларга.
У йиллар ўтиб кетди бамисоли рўё, туш,
Қанчалар оҳ чекмайин, кўрмасман уни қайта.
Ўтказдим ўз умримни баъзан хуш, баъзан нохуш,
Ошдим неча довонни шукрона айта-айта.
Мени кутиб тургандир балки у Олий Даргоҳ,
Энди мен мўйсафидман, рутбам ҳам балки Ҳотам.
Лекин дарвоза томон қараб қўяман гоҳ-гоҳ,
Бозорга кетган эди, қачон қайтаркан отам.
8.07.2016

ҲАЁТГА МУҲАББАТ

Сендан узоқлашиб бораман тун-кун,
Балки бир қадамдир, балки бир, ярим.
Фанонинг бағрига сингаман беун,
Пайқамас ғанимлар, билмас дўстларим.
Шамоллар қайдан ҳам бўлсин хабардор,
Мен ахир сафарга отланган банда.
Қушлар давра қурар тепамда такрор,
Томоша қилишар, ҳеч бўлмаганда.
Қўл чўзса етгудек юлдузларим ҳам,
Сезишмас ўрнимдан кўчганлигимни.
Бир умр уларга бўлсам-да ҳамдам,
Энди-чи, ногаҳон ўчганлигимни.
Умрнинг поёнин англайсан, бироқ
Уни кўриб туриш оғирдир фақат.
Тириклик дунёда бахт эрур порлоқ,
Айри тушмоқ эса энг қора қисмат.
Боқиб атрофингга бошинг қашлайсан,
Қарзинг қолмаганми бирор кимсадан?
Ҳисоб-китобингни ўйлай бошлайсан,
Сендан розимикан элу юрт, Ватан.
Елпиниб ҳайдайсан туманни гўё,
Яна кўз олдингда шеърият, баёт.
Барибир, шириндир шу тахир дунё,
Барибир, гўзалдир шу қари ҳаёт.
20.07.2016
ТАРОЗИ

 
 
Тонгда айвонингга чиқасан яйраб,
Тарбият қиласан жисму жонингни.
Тинчлик деган бир қуш тепангда сайраб,
Қўриқлаб туради хонадонингни.
Ҳолбуки, эллар бор, қирқ йилдан буён,
Мотам либосини ечган эмасдир.
Ҳар зум фалокатга маҳкумдир инсон,
Тинчлик деган сўз ҳам, демак, абасдир.
Ювиниб, тараниб жўнайсан ишга,
Кундалик юмушни ўйлайсан фақат.
Ўрганиб қолгансан сокин турмушга,
Ёнингдан оқади осойишта вақт.
Ҳолбуки, дунёда шундай жойлар бор,
Текшириб кўради пайпоғинггача.
Кимлигинг сўрайди такрор ва такрор,
Сўрайди етти пушт-аймоғинггача.
Бу ҳолнинг тагига етганлар борми,
Дарё ҳам ёндошдир саҳролар билан.
Нафратда яшайди дунёнинг ярми,
Ярми эса яшар дуолар билан.
26.07.2016

Комментариев нет:

Отправить комментарий