Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 16 июля 2016 г.

а л л о м а л а р


Юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломаларнинг таваллуд тўйларини ўтказиш, улар меросини тадқиқ қилиш борасида ҳам талай ишлар қилинди. Жаҳон ислом маданияга, фан ва тамаддунига улкан ҳисса қўшган кўплаб атоқли ислом олимлари ва тасаввуф шайхларининг таваллуд тўйлари кенг нишонланди, қадамжолари обод қилинди, асарлари нашр этилди. Кишилик тарихида ҳар бир замон ва жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда:


«…Ўқиб илм орттирганлар билан ўқимаганлар тенг бўладиларми…?»  –деган ояти каримасига ва Ҳазрати Пайғамбармиз Муҳаммад (сав)нинг «Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир» . – деган ҳадиси шарифларига амал қилинган юртимиздан давруғи дунёни тутган улуғ олимлар, фан дарғалари, атоқли имомлар етишиб чиқишди.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк олимлар ва мутафаккирларнинг яратган бой илмий мероси жаҳон маданияти ва тамаддунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилган. Мамлакатимизда эътиқод эркинлигини таъминлаш, диний қадриятларни тиклаш, улкан тарихий меросни ўрганиш бўйича катта тадбирлар белгиланиб, амалга оширила бошлади.

Самарқанд, Бухоро, Термиз, Кеш Насаф, Хоразм ва Фарғона водийсидан чиққан олимларнинг ҳатто саноғига етиш қийин. Биргина Самарқанднинг ўзидан исломий илмларнинг барча соҳаларида пешқадам бўлган юзлаб улуғ алломаларнинг етишиб чиққанининг ўзиёқ юртимизда илм-фан қанчалик ривож топганига далилдир.
 Муҳаддислар султони деб эътироф қилинган Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ҳазратлари исломнинг етакчи алломаларидан, ҳадис илми олимлари устози мелодий 810 йили Бухорода туғилган. У зот тўққиз ёшда Қуръони Каримни тўла ҳифз этади. Ҳадис эшитишни яхши кўрар, вояга етгунча етмиш минг ҳадисни ёд олган эди. Имом Бухорий Расулуллоҳдан (с.а.в.) ривоят қилинган саҳиҳ ҳадислар жамлаган машҳур «Ал- Жомеъ Ас-саҳиҳ» китобини ўн олти йилда ёзиб тугатади. Ўзида етти минг ҳадис жам қилинган «Саҳиҳи Бухорий» энг ишончи олти тўпламнинг энг биринчиси бўлиб ҳисобланади. Ана шу ноёб китобга жами саксондан ортиқ шарҳ ёзилган. Ўз даврининг атоқли уламоларидан Ҳаким айтди: «Бу дунё остин-устун қилиб юборилса ҳам Имом Бухорий каби ҳадис билгувчи ва уни ёд олувчи одам топилмайди». Ибн Ражъ эса: «Имом Бухорий Аллоҳнинг ерда юрувчи мўъжисаси эди», - деган.

Имом Бухорий мелодий 870 йили Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида Рамазон ҳайити кечаси вафот этиб, ҳайит куни қабрга қўйилди.

Бутун Ўзбекистон шуҳратини оламга таратган буюк аждодларимиздан яна бири Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Саврадир. У 824-825 мелодий йилда Термизда туғилди. Бу улуғ муҳаддис таваллудининг 1200 йиллигини 1990 йилда Ўзбекистон мусулмонлари кенг нишонладилар, тантаналарда кўплаб чет эллик мусулмон вакиллари ҳам қатнашдилар. Имом Термизий ҳадис илмининг тараққиётида муҳим давр бўлган учинчи ҳижрий асрда яшаб ижод этди. Имом Термизий 20 ёшга етганларида Хуросон , Басра ва Ҳижозда илм олдилар. Имом Термизий Термизга 864 мелодий йилдагина қайтиб келдилар, бунга қараганда, тахминан 20 йил давомида ўзга юртларда ҳадисларни ўрганиб йиғиб юрганлар. Имом Бухорий билан Нишопурда учрашиб, кўп ҳадислар хусусида музокаралар олиб борганлари ҳақида маълумотлар бор. Шундан сўнг «Жомеъ ас-саҳиҳ» китобларини ёза бошлаганлар. Улуғ муҳаддис имом Бухорий ўз шогирди имом Термизийни мақтаб, камтаринлик билан: «Сен мендан баҳра топганингдан кўра мен сендан кўпроқ баҳра топдим», дейди. Бу Термизийга берилган жуда катта баҳо эди.

Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий «Сунани Термизий» асар ҳақида бундай деган: «Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гуёки ўша уйда Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар». Имом Термизийнинг «Шамоили Набавия» китоби Ўзбекистон мусулмонлари идорасида араб ва ўзбек тилида нашр қилинди. Юқорида айтилганидек, имом Термизий, Ибн Асирнинг ривоятича, Термиздан 6 фарсах узоқликда (48 км.) жойлашган Буғ деган қишлоқда 279 ҳ. йил, 13 ражаб, душанба куни вафот этдилар. Ҳозир бу қишлоқ Шеробод тумани маркази яқинидадир. Аллоҳ таоло ўзининг раҳматига олсин ва халқимизнинг ул зотнинг буюк меросларидан баҳраманд этсин!

Диёримиздан етишиб чиққан машҳур муҳаддислардан яна бири Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ Самарқандий Доримий бўлиб, бу зот 797 мелодий санада Самарқанд шаҳрида таваллуд топди. Маълумотларга кўра, Имом Доримий ақлда, фаҳмда, динда, ҳалимлик ва зуҳдда етук бўлган.

Хатиб Бағдодий ўзининг «Бағдод тарихи» номли асарида Имом Доримийнинг ҳаёти, ижоди ва шогирдлари ҳақида кўплаб маълумотлар келтиради. Имом Аҳмад бин Ҳанбал ҳам Имом Доримийнинг юксак иқтидори ҳамда ҳадис илмлари соҳасидаги билимини эътироф этиб, уни «Имом» деб улуғлайди.

Кўплаб манбаларда «Имом Доримийнинг Самарқандда ҳадис ва осор илмларининг равнақ топишида улкан ҳиссаси бор», деб таъкидланади. Имом Доримий бир қанча муддат Самарқандда Шайхул – ислом лавозимида ҳам фаолият кўрсатди.

Имом Муслим, Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийлар ундан ҳадис ривоят қилишган. Имом Доримийнинг «Сунан»и ўз ичига 3465 ҳадисни олган. Имом Доримий ҳазратлари 870 мелодий санада 75 ёшларида Самарқанд шаҳрида вафот этди.

Маълумингизким, Қуръони каримдаги барча ҳуқуқий ва аҳлоқий масалалар умумий тарзда баён этилган. Уларга аниқлик киритиш ва изоҳлаш учун Ҳазрати Пайғамбармиз Муҳаммад (сав) ўз ҳадиси шарифларини айтардилар. Бу ҳадисларни саҳобалар ёдда сақлашга ҳаракат қиларди. Жаноби Расулуллоҳ(сав) вафотларидан сўнг ҳадисларнинг нақл, ривоят қилиш одат тусига кирди. Шу муносабат билан бир гуруҳ мусулмонлар уни ёзма шаклда тўплай бошладилар.

Биринчи ҳадис китобни Ибн Шиҳоб Зуҳрий (670-721) ёзди. Ундан кейин бирин -кетин ҳадис тўпламлари тасниф этила бошлади. Даврлар ўтиши билан ҳадислар танланиб, муҳим ва тўғри деб ҳисобланганлари бир тизимга солина бошлади. Тўққизинчи ва ўнинчи аср бошларида мусулмонлар орасида энг ишончли деб танилган ҳадисларнинг олтита тўплами вужудга келган. Булар: «Саҳиҳи Бухорий», «Саҳиҳи Муслим», «Саҳиҳи Термизий», «Сунани Абу Довуд», «Сунани Ибн Можа», «Сунани Насоий». Бу олти ҳадис тўпламини тузган муҳаддислардан иккитаси, яъни Имом Бухорий ва Имом Термизий бўлиб ҳисобланади. Ҳадислар тўплами Сунан деб ном олган. Ҳадисларнинг йиғувчи, шарҳловчи ва тарғиб этувчи олим муҳаддис деб аталган. Жамиятимизнинг эртанги эгалари бўлган ёшларни баркамол этиб тарбиялаш борасида Жаноби Пайғамбаримизнинг айтган сўзлари катта аҳамиятга моликдир. Ул зотнинг Имом Термизий томонларидан ривоят қилинган қўйидаги ҳадислари бунга ёрқин мисол бўлади:
«Кимгаки Аллоҳ таоло қиз фарзандлар берса, уларни сабр билан тарбиялаб, вояга етказса, улар унга дўзахдан парда бўлади».

«Кимки икки етим қизни вояга етказса, ўша киши билан мен жаннатга баробар кираман».

«Кичкиналаримизга раҳм-шафқат қилмаган, катталарга ҳурмат кўрсатмаган, амр-маъруф ила эзгуликка чақирмаган ва ёмонликдан қайтармаган кишилар биздан эмасдур».

«Кимки одамларга шукр айтмаса, Аллоҳга ҳам шукр айтмайди».

Шундай экан, Аллоҳ таолонинг бизга берган барча неъматларига шукр қилиб, келажагимиз бўлган ёшларимизни ватанини, халқини, динини, севадиган, ардоқлай биладиган инсони комил этиб тарбиялашимизда, шубҳасиз бой маданий меросимиз, Имом Бухорий, Имом Доримий ва Имом Термизий каби улуғ аждодларимиз томонидан ёзиб қолдирилган асарларининг аҳамияти каттадир. Улуғ муҳаддисларимиз ҳаёти, илмий салоҳияти ва бой ижодий мероси ёшларимизни ҳар томонлама етук, имон-эътиқодли, Ватанига, миллатига, динига содиқ, фаол ва ахлоқли қилиб тарбиялашда ибрат мактабини ўтамоқда. Ёшларимиз улуғ аждодларига муносиб инсонлар бўлишга ҳаракат қилиб, ҳадисларда келган кўрсатмаларни амалда бажаришга уринишияпти. Улар Пайғамабаримиз Муҳаммад (сав) таълим берганларидек юксак аҳлоқли, одоб фазилатли, салоҳиятли инсонлар бўлишини олий мақсад қилиб олишган.

Уларнинг барча инсонларга фойда келтирувчи қимматли меросларини, илмларини чуқур ўрганиш ҳар биримизнинг муҳим вазифамиздир. Аллоҳ таоло барчалармизни Жаноби Пайғамабиримиз (сав)га чин уммат бўлмоғимизни насиб этиб, Ўзи севган ва рози бўлган солиҳ бандаларидан қилсин.

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов
 Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,
 Юнусобод туман «Мирза Юсуф» жомеъ масжиди имом-хатиби

Комментариев нет:

Отправить комментарий