Ҳар бир ижодкор ўз ҳаётида қанчадир из қолдиради. Бу из оддий одамлар
изидан кўра кенг омма учун зарур ва қизиқарли бўлиши табиий. Бугунги
ижодкорларимиз фақат ижодларини ўйладию бошқалар ижоди ҳақида ёзишга негадир
бефарқ бўладилар.
Ўзларининг ижоди тўғрисида кимлардир хотира ёзишини жуда истагани ҳолда ўзлари
яқин ижодкор дўстлари тўғрисида ёзишни ўйласаларда пайсалга солиб йилларни
ўтказиб юборади. Бу пайсалга солишларнинг кўплари натижасида кўп хотиралар
ёзилмай қолиб кетади.
Фарид Усмон бу борада ўзига хос бағрикенглик ва хайрли ишга қўл уриб “Ҳар
кимнинг ўз хотираси бўлур” номли китоб таёрлаб кенг китобхонларга тақдим этиб
ўз устози олдидаги ижодкорлик ва шогирдлик бурчини адо этибди.
Китобни ўқисангиз бу китоб шунчаки хотирага бағишланган оммабоп китоб эмас,
балки бадиий ҳикояни эслатади. Китобни ўқир экансиз устоз Эркин Воҳидовнинг
ажойиб инсонлиги, очиқ кўнгиллилиги, камтарлиги, бағрикенглиги, дилкашлиги кўз
олдингизга келади. Унга бўлган ихлосингиз яна бир поғона кўтарилганини хис
қиласиз.
Китобда тилга олинган воқеалар фақат Фарид Усмонгагина тааллуқли бўлиб у
бошқа ҳеч бир хотира китобларида учраши мумкин эмаслиги билан ажралиб туради.
Эркин Воҳидов халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамонигина эмас ўзбек халқининг
ҳақиқий севимли шоиридир. У халқ орасида катта ихлос уйғотган, ўзига хос мактаб
яратган ажойиб ижодкордир. Унинг шеърлари нафақат мазмунли, бидиий юксак
даражадаги шеърлар, балки ҳикматлар ҳазинасилиги билан ҳам ўзга ижодкорлар
ижодидан ажралиб туради. Унинг шеърларини ўқиган мухлис у билан учрашувга юраги
дов бермай қолади.
Шундай “юксак даражадаги инсон” билан қандай гаплашаман деб юрагида андиша,
тортиниш кучайиб кетиши табиий. Бундай ҳолни камина ҳам ўз бошидан кечирганим
тўғрисида хотира мақоламда эълон қилган эдим. Бу иккиланиш туфайли шундай
севимли инсоним билан учраша олмай Тошкент деган жойдан Андижонга қайтиб
келганим ёдимда. Фарид Усмоннинг мазкур хотира китобини ўқигач Эркин Воҳидов
билан гаплашиш шундай оддий, ўз яқининг билан гаплашишдай осон бўлиши
мумкинлиги, унинг нақадар камтарлиги, оддийлигини ўқиб ўша пайтда жуда катта
хато қилганимга ишонч ҳосил қилдим.
Фарид Усмоннинг бу янги китоби Эркин Воҳидовни элга яна бир томонини
очгандай, инсонларга уни янада яқинроқ қилгандай бўлгани билан ҳам ўз қимматини
оширган дейиш мумкин. Ҳатто китобни ўқиган китобхон буюк шоиримизнинг оиласи
билан ҳам яқин қариндошининг оиласи каби танишиш шарафига муяссар бўлади.
Бу янги китоб янги ижодгина эмас ижодкорнинг хайрли иши деб қараш керак.
Чунки ўз замондош, сафдош, гурунгдош дўстлари тўғрисида хотира ёзиш ҳар
биримизнинг бурчимиз бўлсада бундай ишни амалда бажариш учун ижодкордан
олижаноб қалб ҳам талаб қилинади. Фарид Усмонда эса ўша қалб ўзлигини намоён
қилибди. Бунинг учун уни табриклашимиз бизнинг ҳам гурунгдошлик бурчимиздир.
Комментариев нет:
Отправить комментарий