АРЖУМАНД ЭТМАС
(Навоий ғазалига мухаммас)
Тазарру айларам, бошим фалакким сарбаланд этмас,
Ки ёри беқарорим васлима чин мустаманд эмас,
Муҳаббат дарди ҳеч дилни маним янглиғ нажанд этмас,
Мени мен истаган ўз суҳбатиға аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас.
Фироқинг даштида қалбим нажотсиз зори бебаҳра,
Адоғсиз оҳи додим лек топилмас заррае заҳра,
Не тонг ойина ҳам юз кўргазолмас, доғдадир чеҳра,
Не баҳра топғамен андинки мендин истагай баҳра,
Чу улким, баҳрае андин тилармен баҳраманд этмас.
Дедим: сен гавҳарим, дурим, тилаб маҳзан баётимға,
Сен асру ғам юкин маҳмулладинг ожиз қанотимға.
Наҳр тошмиш сиришкимдин, тоғ-тош лол саботимға,
Нетай, ҳуру пари базминки, қатлим ё қанотимға,
Аён ул заҳрчашм айлаб, ниҳон бу нўшханд этмас.
Бошим қай тошлара ургим билолмасман надоматдин,
Наҳот шунча маломатлар ёғар маҳрури роҳатдин,
Сенингким раддиянгдир, тонмағай олам саховатдин,
Керакмас ой ила кун шакликим ҳусну малоҳатдин,
Ичим ул чок-чок этмас, таним бу банд-банд этмас.
Аршға етга-ю, лек сенга етмас оҳу зоримким,
Кўзумга тийрадур ҳажринг ила даҳри диёримким,
Висолинг ўтида ёнмоқ эрур дарди қароримким,
Керак ўз чобуки қотилваши мажнуншиоримким,
Бузуғ кўнглимдин ўзга ерда жавлони саманд этмас.
Жунунлик иштиҳоси-ла
талабгор келмаким охир,
Мусаллас ишқдин нўш айлабон, шўр демаким, охир,
Миниб кибр отиға мулки Адамда елмаким, охир,
Кўнгул уз чарх золидин, фирибин емаким, охир,
Ажал сарриштасидин ўзга бўйнунгға каманд этмас.
Эрурким дилга дил жонбахшки анжум ахтарар юлдуз,
Қамардир тунга ошиқки, шамс шайдосидир кундуз,
Забун Хуршида шоҳвора деёлмас лоақал дилсўз,
Ул ой ўтлуғ юзин очса, Навоий тегмасун деб кўз,
Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра сипанд этмас.
ЎЛУМ УЙҚУСИ
(Бобур ғазалига
мухаммас)
Йироқлаб борга-ю тан, дил фироқинг бирла озурда,
Фано даштин кезурман, Анда жоним васли орзуда,
Муҳаббат шамси қалбимда, саодат васфи камбуда,
Ўлум уйқусиға бориб жаҳондин бўлдим осуда,
Мени истасангиз, эй дўстлар, кўргайсиз уйқуда.
Жаҳондин зор кетсам, қайтмагим таъқиқ билгайсиз,
Назм гулзорида гул очса дил, ақиқ билгайсиз,
Ўтинчим: хинд сари юзланмагим тадқиқ билгайсиз,
Неким тақдир бўлса, ул бўлур таҳқиқ, билгайсиз,
Эрур жангу жадал, ранжу риёзат барча беҳуда.
Садоқат гулларим эл илкида, роҳим тўсар ағёр,
Демангиз шоҳ, ғурбат мулкида ҳолим эрур абгор,
Агарким етса-ю, ҳар лаҳза ишқинг шавқидин озор,
Ўзунгни шод тутгил, ғам ема дунё учун зинҳор,
Ки бир дам ғам емакка арзимас дунёйи фарсуда.
Фалак айвонида минг бир нажм, зиё топилғайму,
Кетар бўлсам узуб кўнгулни чин дунё топилғайму,
Эрурман ишқ пайкони, манга бир ё топилғайму,
Замона аҳли ичра, эй кўнгул, оё топилғайму
Сенингдек дард паймоу, менингдек дард паймуда.
Фароғат нелигин билмам, аё, Аллоҳ ўзинг қодир,
Кўнгулга етмади э воҳ, саодатлиғ даме зоҳир,
Жаҳон гавҳарлари ҳечдир, манга тупроқ азиз, нодир,
Улусдин тинмадим умримда ҳаргиз лаҳзае Бобур,
Магар ўлсам бу олам аҳлидин бўлғаймен осуда.
Паймуда – йўл юрмоқлик;
фарсуда – эскирган, ҳориган.
Тадқиқ – синаш;
таҳқиқ – ҳақиқат; зоҳир – ёруғ;
Камбуда – мавжуд эмаслик, камлик, йўқлик.
БАҲОР АЙЁМИ
(Бобур ғазалига мухаммас)
Муҳаббат аҳлининг дил жандаси оҳу фиғонидур,
Садоқат гулларин гулбарги чин ошиқни қонидур!
Меҳр боқий эрур, аммо ҳавас – ҳис завқи фонийдур,
Баҳор айёмидур доғи йигитликнинг авонидур,
Кетур, соқий, шароби нобким, ишрат замонидур.
Гаҳи осмонда ой дастонидин саргаштаи мажнун,
Гаҳи сеҳру саховатдин шамс парвонаи мамнун,
Гаҳи раъно тикони – хори заҳмидин тўкилмиш хун,
Гаҳи саҳро узори лола шаклидин эрур гулгун,
Гаҳи саҳни чаман гул чеҳрасидин арғувонийдур.
Наҳот олам нурафшонлиғ топур вайрона диллардин?
Таашшуқларға минг таъқибу дашном ўнгу сўллардин!
Васлдин шодланиб унгай жинон гулзори чўллардин,
Яна саҳни чаман бўлди мунаққаш ранги гуллардин,
Магарким сунънинг наққошиға ранг имтихонидур.
Тажарруд кўйида ўлсам нетай кўнгулни хунхори?
Не ғамким, сен анинг ёри, анингким Арш қадар зори!
Вужуд сандин йироқдир, руҳ-юракда ишқ зуннори,
Юзунг, эй сарв, жоним гулшанининг тоза гулзори,
Қадинг, эй гул, ҳаётим боғининг сарви равонидур.
Меҳр – мумидду муовин эрур ул аввал-охирнинг,
Муҳаббат – мулки мерос, туҳфаи Аллоҳи қодирнинг,
Фазиҳат ўлмағай, Хуршида кўнгли ишқи соҳирнинг.
Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,
Ғарибингға тараҳҳум айлагилким, Aндижонийдур.
____________________
Мумидду муовин – мадад берувчи ва ёрдамчи
Фазиҳат – расво, ёмон отлиқ
Комментариев нет:
Отправить комментарий