ИЖОД БУЛОҒИНИ
ТОПГАН ИЖОДКОР
Андижон адабий гурунггини
баъзи бир андижонлик ўзларини даҳо деб билаётган ижодкорлар “оқсақоллар
чолларнинг бекорчиликдаги эрмаги” деб гапириб юришади-ю лекин бу анжуман
муҳитида эътибор қилинса бутун
республика тан олса бўладиган иқтидорлар борган
сари кўпайиб бормоқда. Фақатгина ўзларини даҳо деб билган айрим ижодкорлар
уларни менсимайдилар холос.
Юрагидан чиқаётган туйғулар булоғини ёзиб улгурмаётган Баҳодир
Андижонийни, тинимсиз Бобурни тадқиқ қилиб бобиршунос олимга айланиб қолган
Дурбек Қўлдашевни, ижодни миллий ва исломий тушунчалар билан қориштириб
ёзганларини телевидениедаги дикторлардан қолишмай ўқий оладиган, дуо қилса
қориларни оғзини очиб қўядиган Орифхожи Мелиевни, ғазал ёзишда Муқимийлардан
қолишмайдиган Музаффархон Маматхоновни, тўртликлар ёзишда Хайём изидан
кетаётган, тўртликлари ҳикматларга тўла Иброҳимжон Аҳмедовни, ижодда
олимлигидан ҳам илгарилаб кетган Турғун Тўрани, ҳар бир анжуманга ўша давр
талабига қараб ҳозиржавоблик билан янги шеър олиб келадиган, сўз устаси,
режиссёр Одилжон Худойбердиевни, 80 ёшдан ошса ҳам юраги қайнаб анжуманлардан
қолмай келиб, тинимсиз эътироф мақолалар, шеърлар ёзишни, уларни матбуотларда
чоп эттиришни ташламайётган Комилжон Ҳакимовни, 80 ёшда ҳам ёшлардай шеърларини
ёд ўқийдиган, теша тегмаган мавзулар топадиган Эркин Охунжоновни, 70 ошганда
ижод булоғини топиб, ёзган шеърларини хофизларга тақдим этиб талай қўшиқлар
яратган Қиличбек Охуновни, ўз ижодини интернетлар орқали дунёга эълон қилаётган
Равонийни, ибн Сино йўлида ижод қилиб келаётган рухшунос олим Абдуқодир Нурмухаммад
ўғли Саттаровни, ўз адабиётшунос олимлигини гоҳ-гоҳда бўлса ҳам эслаб ажойиб
фикрлар айтиб турадиган шоир ва олим Ҳурмат Тожини ва бу ижодкорларни
бирлаштириб устозлик мақомида иш олиб бораётган Фарид Усмонни бемалол
республикадаги барча ижодкорлар тан олишса арзийди. Камина ҳам шу ижодкорлар
таъсирида ижодимни бир неча ўнлаб марта ривож топдирдим десам бўлади. Юқоридаги
ижодкорларнинг ҳар бири ўзига хос овозли, ўзига хос йўналишли ижодкорлар ўрганса
арзийдиган ижодкорлардир.
Кейинги пайтларда бу ажойиб ўзига хос жамоага ихлос билан янги
ижодкорлар келиб қўшилмоқда. Булар орасида Мирзамаҳмуд Ботировни алоҳида
таъкидлашга лойиқ дегим келади. У жуда камтарлик билан ўзини ҳаваскор деб
атаяпти-ю лекин юрагидан чиқаётган туйғулари ўзининг бой маънавий олами,
юртсевар, миллий ғурури кучли, миллий одатларни жуда катта ҳурмат билан тан
оладиган ўзига хос ажойиб шоир эканини бутун Андижон адабиёт аҳли тан олса
бўладиган даражага етиб қолди. Унинг яқинда чоп этилган “Андижонга бир келинг!”
номли биринчи китоби юқоридаги фикримизга мисол бўла олади.
Китобдаги шеърларни ўқир экансиз, ундаги андижонча ғурур, юртни севиш,
ота-онага ҳурмат, миллий урф-одатларга муҳаббат уфуриб турганини сезиш қийин
эмас. Китобдан ўрин олган “Андижонга бир келинг”, “Андижонлик полвон
йигитлар”, “Андижонда”, “Андижонлик
қиз”, “Андижонга борамиз” каби қатор шеърларда юртга хусусан она шаҳри Андижонга
бўлган муҳаббати яққол сезилиб туради. Унинг онасига аталган шеъри ҳам
юракларга бориб етади.
Мирзамаҳмуд миллий урф-одатларни бекорга мадҳ этмайди. У миллий
одатларимизни жуда яхши кўради, улуғлайди, ўзбекона одатларни дунёга мақтагиси
келади. Унинг ҳар бир тилга олган масалада фикрлари шу қадар кўпки илҳом
бўлоғини тўхтатолмай қолади. Шунинг учун барча шеърлари чўзилиб кетади. Агар
қофиядош сўзлар тугаб қолмаса яна анча давом этиши мумкинлигини сезиш мумкин.
Унда миллий муаммоларга бўлган куюнчаклик ҳам жуда юқори. У
урф-одатларни оқилона бўлишини юракдан истайди. Халқ орасидаги ўз тилини яхши
билмаслик, урф-одатларни ҳурмат қилмаслик, ота-онани рози қилмаслик каби
иллатларни юрагидан ачиниб, ёниб шеърга солади.
Отанг ким, онанг ким ҳурмат қил,
Аввало халқингга ҳизмат қил!
Ўз тилинг жон
билу иззат қил!
Ўз тилин билмаган
ўзбегим,
Урфини суймаган
ўзбегим!
деб дилидан оҳлари шеърга тушади.
Айниқса унинг тўртликлари жуда маънога бой,
ҳикматларга тўлиқ. У ҳар бир тўртликда янги бир ҳикматни айтишни истайди.
Ҳикматлари юракка бориб тегади.
Дунёда гуллардан
тиконлар кўпроқ,
Ҳаётда асалдан
заҳарлар кўпроқ,
Боисин билмасанг
билиб ол дўстим,
Инсон аччиқ сўзи
заҳардан зўрроқ.
Мирзамаҳмуд шеърларида киноя ва сатира ҳам кучли. У
тўғри сўз билан айтолмаган туйғуларни сатира усулида баён этишни истайди.
Тонггача санқиб
ичганмиз,
Буруқсаб анқиб
ичганмиз,
Юраклар санчиб
ичганмиз,
Ўшал дамлар, ўшал
дамлар.
деб ароқхўрнинг тили билан унинг жирканч башарасини
очишга ҳаракат қилади.
Мирзамаҳмуд мана ўзининг дастлабки шеърий тўпламини
минг андиша билан, юрагини ховучлаб кенг китобхонлар эътиборига ҳавола
қилмоқда. Бу янги муваффақият билан уни бутун андижонлик ижодкорлар номидан
табриклар эканмиз, келгусида бу ижод булоғи бутун шеърият ихлосмандларини ҳам
баҳраманд этади деб умид қиламиз. Биринчи ижодий гулдаста муборак бўлсин!
Ғани МАЖИД,
Республика Маънавият тарғибот маркази,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси,
Ўзбекистон “Камолот” ЁИҲ вилоят бўлимлари қошидаги “Нафосат” клуби
бадиий раҳбари, шоир ва носир
Комментариев нет:
Отправить комментарий