Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 17 января 2017 г.

Ҳаж ва Умрага оид

Ҳаж ва Умра тадбирларига оид ахборот


Ўзбекистон Республикаси истиқлолга эришган кундан бошлаб инсон ҳуқуқларини кафолатлаш ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари ҳукуматимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.
 Мустақиллик йилларида мамлакатимизда диний қадриятларни тиклаш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, беназир илмий меросимизни ва меъморий обидаларни асраб-авайлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
 Шунингдек, республика фуқароларига муқаддас шаҳарларни зиёрат қилиш учун
ҳам қулай шароитлар яратилди. Истиқлолгача саноқли кишилар муборак зиёратларга бориш бахтига муяссар бўлган бўлсалар, мустақиллик йилларида минглаб фуқароларимиз умра ва ҳаж сафарларига боришга муваффақ бўлмоқдалар.
 Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2006 йил 26 август кунидаги Фармонига асосан тузилган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши зиёратчилар учун янада қулай шароитлар яратиб бериш, ҳаж ва умра сафарларини намунали ташкил этиш борасида самарали фаолият олиб бормоқда.
 Шу ўринда мамнуният билан айтиш лозимки, сўнгги йилларда ҳаж зиёратига бориш истагини билдирганларнинг сони ошиб бораётганини эътиборга олиб, 2017 йилдан ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳаж квотаси 7200 нафар қилиб белгиланди (илгари бу кўрсаткич 5200 нафар эди).
 Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” фонди таклифларига биноан ҳамда ўзбек халқининг бағрикенг ва инсонпарварлик тамойилларига асосланиб, жорий йилда мазкур кенгаш томонидан бир ва ундан ортиқ маротаба ҳаж ва умра сафарларига борган шахсларнинг муборак зиёратларга боришлари кечиктириб турилиши ҳақида қарор қабул қилинди.
 Мазкур қарорнинг қабул қилинишида республика миқиёсида муборак умра ва ҳаж сафарларига бориш истагини билдирган фуқаролар сонининг тез суръатларда ортиб бориши, мустақиллик йилларида фуқаролар турмуш даражасининг юксалиши, аҳоли сонининг ўсиши, улар томонидан ҳаж ва умра сафарларига бориш истагида амалий ёрдам сўраб кўплаб мурожаатлар қилиниши ҳам эътиборга олинган.
 Ўз ўрнида Жамоатчилик кенгашининг ушбу қарори аксарият ватандошларимиз томонидан кексаларимизга кўрсатилаётган ғамхўрлик сифатида илиқ кутиб олингани кузатилмоқда.
 Айни пайтда таъкидлаш жоизки, ислом дини таълимотларига кўра ҳар бир инсонга умрида бир марта ҳаж зиёратини амалга ошириш (ҳаж сафари давомида умра зиёрати ҳам бажарилади) фарз қилинган. Бунда албатта унинг соғлом ва иқтисодий жиҳатдан яхши таъминланган бўлиши белгиланган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам Арабистон ярим оролида яшаган бўлсаларда умрларида бир марта ҳаж амалини бажарганликлари тарихдан маълум.
 Аксарият мусулмон мамлакатларида, жумладан, Саудия Арабистони Подшоҳлигида ҳам ўз фуқароларига 5 йилда бир марта ҳаж қилишлари мумкинлиги қатъий белгилаб қўйилган.
 Умид қиламизки, юртдошларимиз ҳаж ва умра ибодатларини адо этмаган фуқароларга кенг имкониятлар яратиб бериш мақсадида Жамоатчилик кенгашининг умра ва ҳаж сафарларини ташкил этиш билан боғлиқ бу йилги қарорини тўғри тушунадилар.

Манба: religions.uz

Комментариев нет:

Отправить комментарий