Буйракдаги оғриқ
Тиш ва оғиз бўшлиғи хасталиклари билан кўп оғрийдиган
беморларда буйрак касалликларига чалиниш хавфи юқори, дейди шифокорлар. Чунки
айнан шамоллаш, кариес ва оғиз бўшлиғи касалликларини қўзғатувчи моддалар қон
орқали «саёҳат» қилиб, буйракларда «қўним» топишади. Буйрак касалликлари эса
бутун организмга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Танадаги сув тақсимоти
бузилиб, организмда зарарли моддалар йиғила бошлайди. Бу эса тананинг
заҳарланишига олиб келади. Айниқса, ангина асоратлари натижасида гломерулонефрит
касаллиги ривожланиши хавфи ортади.
Илк аломатлари
Буйрак касаллиги ёш танламайди: у билан ёш ҳам қари ҳам,
шунингдек, болалар ҳам оғриши мумкин. Касаллик аломатлари аввалига арзимаган
бўлиб кўринади:
- кўп ҳожатга чиқиш;
- белдаги оғриқ;
- баъзи ҳолларда тана ҳарорати кўтарилиши. Айнан мана шу
аломатлар пайдо бўла бошлагандан касалликка қарши чора кўриш даркор.
Турлари
Буйрак касалликларининг турли хил бўлиб, унинг аломатлари
ҳам турлича:
- танадаги шиш, бел ва бошда оғриқ пайдо бўлиши, нафас
қисилиб, юрак уриши кўтарилиши, қон босими ошиши — нефрит касаллигига далолат;
- Юқори тана ҳарорати, терлаш, мушакларда оғриқ, кўнгил
айниши ва қайт қилиш, тез-тез ҳожатга чиқиш ва бунда оғриқ ҳис қилиш, сийдик
рангининг хиралашиши — пиелонефрит аломатлари;
- Пиелонефрит сурункали ҳолатга ўтганда эса беморнинг тана
ҳарорати баъзан кўтарилиб туради. Уйқуда кўп терлайди, юз териси қуруқлашиб,
сарғаяди, қон босими кўтарилиб, белда оғриқ пайдо бўлади;
- Буйрак етишмовчилиги эса сийдик ажралмаслиги, бош оғриқ,
кўнгил айниши, асаб тизими бузилиши, кўриш қобилиятининг пасайиши, ич кетиши ва
қайт қилиш билан намоён бўлади. Бундай ҳолатларда зудлик билан шифокорга
мурожаат қилинг.
- Сийдик рангининг ўзгариши, унда ўзига хос ҳид пайдо бўлиши
ва ўткир оғриқ эса буйракдаги тошлардан далолат беради.
Комментариев нет:
Отправить комментарий