Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 31 мая 2016 г.

фарид усмон

ЭРКИН ВОҲИДОВ ҒАЗАЛИГА МУХАММАС


Куйлагач булбул муҳаббат номани ошёнида,
Бор экан билдим дилим рози ҳаёт бўстонида,
Шул сабаб фикрим бўлиб абёт гули райҳонида,
Истадим сайр айламоқни мен ғазал бўстонида,
Кулмангиз не бор сенга деб Мир Алишер ёнида.

Бир чаманга кирсангиз гулғунчаси хандони кўп,

Бир чаман, ўзга чамандир, ўзгача пинҳони кўп,
Бир чаман булбулларининг ноласи, афғони кўп -
Шеърият дунёси кенг, гулзори кўп, бўстони кўп.
Ҳар кўнгил арзини айтар неки бор имконида.

Учқунинг гар бўлмаса ҳаргиз кулини титмагил,
Ноўрин сўзларни айтиб, севгидан сўз битмагил,

Қўйгил энди, бу чаманнинг ошиғин ўкситмагил,
Эй мунаққид, сен ғазални кўҳна деб камситмагил,
Севги ҳам Одам Атодан қолган инсон қонида.

Шеър этиб кўнгилда не бор, мисрага солса забон,
Кашф этар дунёча маъно, сода кўп, бўлса равон,
Қўзғатар завқингни дилдан, ўйнатар тан ичра қон.
Тошга ҳам ширин ғазал бахш айлагай оташ ва жон,
Шавқ ўти ёнса агар шоир - ғазалхон қонида.

Айлаган Мажнунни мафтун севгани - Лайлосидур,
Оҳулар ҳамроҳидир ҳам юрти ишқ маъносидур,
Эй Фарид, фаҳм айла сен - дил шеърият ошносидур,
Дўстларим, шоир эмас Эркин, ғазал шайдосидур.
Ёш денгу маъзур тутинг, саҳв ўлса гар девонида.

Комментариев нет:

Отправить комментарий