Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 19 мая 2017 г.

Ғазалнавис шоиранинг ижодий кечаси

Хуршидабону Ваҳобжон қизи              


ҒАЗАЛНАВИС ШОИРАНИНГ ИЖОДИЙ КЕЧАСИ
Тарихда ва бугунги кунда икки истеъдодли қалб, икки ижод соҳиблари ўртасидаги самимий ва соф муҳаббатдан ОИЛА деб  аталмиш муқаддас қўрғон вужудга келганини, бу жуфтликлар аксарият ҳолларда бахтиёр, гоҳо эса тақдир ҳукми билан ҳижронли умр кечирганларини яхши биламиз. 
1967 йилда Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида туғилган шоира Дилором Эргашева марҳум шоир ва адиб Абдулла Жабборнинг  рафиқаси. Улар ўзаро ҳурматда, доимий ижодий суҳбатлар сурури билан саодатманд ҳаёт кечирдилар. Тақдир ҳукми шоир Абдулла Жабборни – Дилоромнинг устози, маслакдоши, маслаҳатгўйи,
суянчиғи, кўзининг оқу қароси бўлган икки фарзандининг отаси  -  азиз инсонни дорилбақо сари олиб кетди...
Айрилиқ оғир, аммо ҳаёт давом этаверади. Мақсадлар, масъулият, галдаги вазифа ва бурчлар инсонга сабр, куч беради. Айнан яхши инсонларнинг, азиз зотларнинг хотираси, уларнинг орзулари рўёби учун ҳам яшаш, интилиш, ҳаракат қилиш лозим! Ҳа, тақдирнинг бундай синови дилбар шоира Дилоромнинг ҳам чекига тушган эди... Ўтган йиллар давомида Дилором янада фаолроқ ижод қилди, аламу ҳасратларини, фарахбахш дамлар хотираларини назмга жойлади:
Яна дардинг келди мени ахтариб,
Яна йиллар сени ахтариб кетди.
Ҳаёт сенсиз мунча беъмаъни, ғариб?
Ғаминг муҳаббатдан каттариб кетди.

Сенсиз баҳор келар, ўша алдамчи, 
Ёмғирлари бағрим ўтади янчиб,
Юрагим урмайди, юрагим санчир,
Кўзим оқигача сарғариб кетди.

Бири қадам бўлса, бири из бўлган,
Бири қалам бўлса, бири сўз бўлган,
Бири назар бўлса, бири кўз бўлган,
Битта  ғариб қолди, бир ғариб кетди... 
Ушбу шеърни ҳеч иккиланмай бугунги замонавий шеъриятнинг бетакрор намунаси, шоира Дилоромнинг шоҳ асарларидан бири деб санаш мумкин!
Кеча Наманган санъат коллежида Дилором Эргашеванинг Ижодий кечаси ҳамда “Асрор” номли китобининг (шоиранинг иккинчи девони) тақдимот маросими бўлиб ўтди. “Лолазор ўлсин жаҳон” деб номланган адабий анжуманда Наманган вилояти кенг жамоатчилиги билан биргаликда пойтахт Тошкентдан, водий вилоятларидан келган таниқли ижодкорлар ҳам иштирок этдилар. 
Ижодий кечани шоир Зиёвиддин Мансур очиб, Дилоромнинг шу кунгача нашр этилган китоблари ичида мумтоз йўналишда – аруз вазнида яратилган шеърларидан таркиб топган икки девони катта эътиборга лойиқ эканини, бу китоблар ижодкорнинг бўй-бастини рўй-рост кўрсата олганлигини таъкидлади. Ёш тадқиқотчи-адабиётшунос Азизбек Ҳакимовнинг “Шоира Дилором ғазалларининг бадиий хусусиятлари” мавзусидаги маърузаси тингланди. Наманганлик ижодкор дўстлар номидан Бахтиёр Исҳоқов ва Хосият Рустамовалар сўзга чиқиб, ўз ўрнида “Китоб дунёси” газетаси таҳририятининг эсдалик совғасини ҳам шоирага тақдим этдилар.
“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, таниқли олим ва драматург Шуҳрат Ризаев, андижонлик ижодкорлар Қамчибек Кенжа, Хуршида, Замира Рўзиева, Баҳодир Андижоний, Музаффар Маматхонов, пойтахтда яшаб ижод қилаётган наманганлик умидли ижодкорлар Носиржон Жўраев, Беҳзод Фазлиддин, “Наманган садоси” газетаси бош муҳаррири Комилжон Файзиев, шоир Абдулла Жалил, “Ўзбегойим” газетаси муҳаррири Дилбар Ҳайдарова ва бошқалар ҳам шоира Дилором Эргашеванинг бугунги кун шеъриятида алоҳида ўрни, ўз овози борлиги, унинг инсоний фазилатлари, иқтидорли ёшларни рўёбга чиқаришдаги хизматлари ҳақида сўзладилар. 
Ёш истеъдодли санъаткорлар Ориф Эргашев ва Миржалол Ўринбоевларнинг жўровозликда айтган мумтоз қўшиқлари дилларга завқ бағишлади.  Шунингдек, анжуманда Абдуқодир Саттор, Муслим Мусаллам, Зулфизар, Зариф Султани каби ижодкорлар, бир қатор тармоқ ва туман газеталари муҳаррирлари ҳам иштирок этдилар. 
Ижодий кеча Абдулла Жаббор ва Дилоромнинг бахтли кунларига гувоҳ бўлган қутлуғ хонадонда бир пиёла чой устида давом этди. Йиғилганлар шоирага узоқ умр, ижодий парвозлар, фарзандлар камолини кўриб юришини тиладилар.

Тадбирдан лавхалар

Комментариев нет:

Отправить комментарий