Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 7 мая 2016 г.

cухайлий ..хотирага

ОТАЖОНЛАР, АССАЛОМ!
           Хотира кунига



Юртга содиқ, мард ўғиллар –
           отажонлар, ассалом,
Сўзлари панду насиҳат,
           ширин забонлар, ассалом!
Бағри кенг, Ҳотам сифат,
            жонажонлар, ассалом,
Сизга бўлгайдир ҳамиша
           шараф – шонлар, ассалом!
Жон фидо этган Ватанга,
           қаҳрамонлар, ассалом,
Халқига, фарзандларига

           меҳрибонлар, ассалом!

Бостириб кирганда душман,
           кўкракни қалқон этдингиз,
Кўрсатиб жангда жасорат.
           ёвларни талқон этдингиз!
Нафрату, қаҳру ғазабни
            ўт ила вулқон этдингиз,
Шармисор айлаб ғанимни,
            бағрин тўла қон этдингиз!
Жон фидо этган Ватанга,
             қаҳрамонлар, ассалом,
Халқига, фарзандларига
            меҳрибонлар, ассалом!   

                     Жангга йўл олганда мутлоқ
            навқирон ёш эдингиз,
Мўйлаби ҳам сабза урган
            бир қаламқош эдингиз!
Бир-бирингиз бирла сафдош,
            раҳнамо, бош эдингиз,
Ёвга нисбат, чин ғазабкор,
            бағри бир тош эдингиз!
Жон фидо қ илган Ватанга,
            қаҳрамонлар, ассалом, 
Халқига, фарзандларига
            меҳрибонлар, ассалом!

Ҳур Ватан, халқим учун деб,
            кўп машаққат тортдингиз,
Барча кулфат ва жафони
            устингизга ортдингиз!
Жумла олам аҳлини сиз
            уйқудан уйғотдингиз,
Оқибат, ғолиб бўлиб сиз,
            шавқу завққа ботдингиз!
Жон фидо этган Ватанга,
            қаҳрамонлар, ассалом,
Халқига, фарзандларига
            меҳрибонлар, ассалом!

Шум уруш – офатни энди
            олам ва одам кўрмасин,
Тинч яшаб юрсин одамлар.
            мутлақо ғам кўрмасин!
Турмуши бўлсин фаровон,
            йўқлик била кам кўрмасин,
Ўйнасин, кулсин ҳамиша
            кўзларда ҳеч нам кўрмасин!
Жон фидо қилган Ватанга
            қаҳрамонлар, ассалом,
Халқига, фарзандларига
            меҳрибонлар, ассалом!

                     Келди ҳур, озод замонлар,
            давру давронлар суринг,
Оқсоқол, тўйбошимиз сиз,
            фотиҳа айлаб туринг!
Мустақиллик неъматини,
           хуррам замонларни кўринг,
Умрингиз боқий бўлурким,
           соғ - омон ўйнаб юринг!
Жон фидо этган Ватанга,
           қаҳрамонлар, ассалом,
Халқига, фарзандларига
           меҳрибонлар, ассалом!

Юрсангиз босган изингиз
           боғу бўстон бўлғуси,
Амру фармон айласангиз.
            чўл гулистон бўлғуси!
Ҳурматингиздан она ер
            кавкабистон бўлғуси,
Мадҳингиз ёзса Суҳайлий,
             юзта достон бўлғуси!
Жон фидо қилган ватанга,
             қаҳрамонлар, ассалом,
Халқига, фарзандларига
             меҳрибонлар, ассалом!
           ------------------
          
                СУҲАЙЛИЙ
         (Қоражон ҚОДИРОВ)
                  Ўзбекистон







Комментариев нет:

Отправить комментарий