Одам алайҳиссаломнинг қиссалари Қуръони Каримда йигирма беш ўринда келади. Шуларнинг баъзиларида исмлари, баъзиларида фақат сифатлари зикр қилинган.
Аллоҳ таоло Одамни тупроқдан яратиб, унга жон ато этди. Яратган холқининг табиатини билган Зот, бир муддат ўтар ўтмас, уни ёлғизликдан халос этиб,
унга ўзидан жуфтини яратди. Бу иккиси вужудга келган биринчи эркак ва биринчи аёл бўлдилар. Мулоҳаза қиладиган бўлсак, эркак аёл кетма кет яралиб, яратилган онгларидан бошлабоқ бир-бирларига боғландилар ва бир-бирларига эҳтиёж сездилар. Бу инсоннинг яратилган пайтидаёқ ўзига сингдирилган фитратдир. У иккисига бирга яшашга амр қилинди. "Бақара" сурасининг 35 оятида: "Ва: «Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар», дедик", дейилади. Одам алайҳиссалом жуфтларининг исми Қуръони Каримда келмаган. У кишининг исмлари Ҳаво эканлигини биз ҳадиси шарифдан билиб оламиз.
Шунинингдек бу иккиларига маскан қилиб берилган жаннат ҳақида уламолар орасида кўп тортишувлар бўлган. Баъзилар уни охиратда ваъда қилинган жаннат деганлар. Баъзилар эса ер юзидаги боғ деганлар. Чунки жаннат арабчадан таржима қилинганида боғ маъносини англатади. Лекин кўпчилик уни охиратда ваъда қилинган жаннат эканлигини таъкидлаганлар.
«Мана бу дарахтга яқин келманглар», деганидан, уларга ҳамма нарсадан тановул қилишга рухсат бўлгану, фақатгина битта дарахтдан тановул қилишга рухсат бўлмагани маълум бўлади. Бу – инсон ҳаётида ман қилинган нарсалар намунасидир. Аллоҳ таолонинг инсонга баъзи нарсаларни ман қилиши – иродани мустаҳкамлаш учундир. Агар ман қилиш бўлмаса, инсон билан ҳайвоннинг орасида фарқ қолмайди. Инсон ўзига жон, ақл, илм берган Аллоҳга аҳду паймон қилган, ўша аҳду паймонга вафо қилиши учун унга сабр-матонат, ирода керак, бу нарсалар эса, ман қилиш билан ҳосил бўлади. Сабр-матонатли, иродали кишилар Аллоҳ ман қилган нарсалардан ўзларини сақлаб турадилар. Ҳавои нафсига банда бўлганларнинг эса, ҳайвондан фарқи йўқ. Улар ман қилинган нарсадан ўзларини тийиб тура олмайдилар.
Аллоҳ таоло жаннатдаги ҳамма меваларга рухсат бериб, фақат биттагина дарахт мевасини ман қилганидек, бу дунёда ҳамма нарсага рухсат бериб, фақат саноқли нарсаларни – инсоннинг ўзига зарарли нарсаларни ман қилган.
Ман қилинган дарахт қайси дарахт эканлиги ҳақида узундан узоқ тортишишлар бўлган. Ҳар ким ўзи билган дарахтнинг номини айтган ва ушбу гапни тасдиқлаш учун далил ва ҳужжатлар келтиради. Аммо тўғрисини айтганда, бировга ўша дарахтнинг исмини билиш билан фойда ёки билмаслик билан зарар етмайди. Агар уни билиш зарур бўлса, Аллоҳ Қуръонда ёки Пайғамбаримиз ҳадисларида айтган бўлур эди.
Аллоҳ таоло оятнинг охирида,
«Ва мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар», дедик», демоқда.
Бир нарсани ўз ўрнига қўймаслик зулмдир. Ман қилинган ишни қилиб зулмкор бўлиб қолманглар ёки қайтарилаган ишни қилиб ўзингизга берилган неъматдан маҳрум бўлиб қолманглар, дейилмоқда. Шундай бўлди ҳам. Ман қилинган дарахт мевасидан еганликлари учун жаннатдан чиқарилдилар.
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Quran.uz канали
Комментариев нет:
Отправить комментарий