Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 20 июля 2017 г.

Хуршидабону Ваҳобжон қизи


Хуршидабону Ваҳобжон қизи

  “ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!”


Энг улуғ, энг азиз байрамимиз олдидан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида юртимизда маънавият, адабиёт байрамлари бўлиб ўтмоқда. Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари бу йил ҳар йилгидан ҳам таассуротларга бой, сермазмун ва муваффақиятли ўтди.
Зомин семинари кўплаб истеъдодларни кашф этишга хизмат қилибгина қолмай, қатор янги асарлар яралишига ҳам сабабчи бўлди. Табиатнинг бетакрор мўжизаси  –  “Ўриклисой” оромгоҳида, туну кун шилдираб қўшиқ куйлаган сой, ҳавоси шифобахш, руҳиятни ўстирувчи улуғвор Зомин тоғлари бағрида ҳар қайси ижодкор қалб қушлардай сайраб
юбориши табиий.
Эй қуёш, беркин, бугун толе кулиб ёғду сочар,
О муҳаббат, шодмон гул, андалиб ёғду сочар!

Осмондек тозаю соф, ой каби барно гўзал –
Суврати ҳам сийрати жонни олиб, ёғду сочар.

Ошиқар манзил сари тошларга бош урганча сой,
Дилни фориғбол этиб, шовқин солиб, ёғду сочар.

Маст этар ҳар бир гиёҳи кўҳна Зомин тоғининг,
Арчазор эркин нафас бирла елиб, ёғду сочар.

Инжа туйғуга ҳаловат қайда, кўнгил маҳлиё,
Хуш ҳаво эъжозидан ҳайрон қолиб, ёғду сочар.

Бахту омад боғида гул очса Хуршида магар,
Андалиб оҳи ёнар, ҳолдан толиб, ёғду сочар.

Андижон вилоятидан назм йўналиши бўйича Нуржаҳон Убайдуллаева, наср йўналиши бўйича Маҳбуба Жалолхонова, бадиий публицистика йўналиши бўйича Ўзбекистон Миллий университети талабаси Зулхумор Орифжонова, болалар адабиёти йўналиши бўйича Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси Моҳидил Абдуллаева, бадиий таржима йўналиши бўйича Андижон давлат университети ҳорижий тиллар факультети талабаси Хуршида Аъзамжонова, адабий танқид йўналиши бўйича Андижон давлат университети филология факультети талабаси Мақсуда Баҳромовалар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлинмасида ҳамда Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Зомин семинари қатнашчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Ёш  ижодкорлар Хуршида Аъзамжонова, Моҳидил Абдуллаева, Зулхумор Орифжонова, Мақсуда Баҳромова, Маҳбуба Жалолхоновалар семинар катта адабиёт сари қадам босишлари учун алоҳида маҳорат мактаби вазифасини ўтаганлиги, тирик тарихга айланиб бораётган улуғ устозлар билан бўлган ижодий суҳбатларнинг завқи, сурури, келгусидаги орзулари ва мақсадлари ҳақида сўзладилар. Айниқса, ёшлар Президент совғаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тақдим этилган сертификат ва эсдалик совғалари, Жиззах вилояти ҳокимлигининг мукофоти ҳақида сўзлаётганда ҳаяжонларини яширмадилар.
“Олтин қалам” газетаси муҳаррири, шоира Назира ас Салом билан бўлган ижодий учрашув қизғин савол-жавоблар тарзида ўтди. Шоира Муҳаммад Юсуф номидаги фонднинг фаолияти, келгусидаги режалари ҳақида гапириб, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф номини абадийлаштириш бўйича Республикада ва вилоятда амалга оширилаётган эзгу ишларга алоҳида тўхталиб ўтди ва ўз ўрнида Президентимизга миннатдорчилигини билдирди.
Вилоятда бир юз эллик ўринли Муҳаммад Юсуф номидаги ёш истеъдодлар мактаби бу йил фойдаланишга топширилади. Назм, наср, драматургия, бадиий таржима, рассомлик, сухандонлик каби йўналишларга ихтисослашган мактаб ҳамда шоирнинг ҳайкали ўрнатилган хиёбон шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиш билан бирга адабиёт ихлосмандлари, ёш авлод учун файзли маънавият масканига айланиши шубҳасиз.
Учрашув давомида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” мавзусида мушоира бўлиб ўтди. Мушоирада фаол қатнашган ёшларнинг шеърлари “Олтин қалам” газетасида нашр этилишига тавсия қилинди.
Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтган шеърият кечасида қорақалпоғистонлик ижодкорлар Янгибой Қўчқоров ва Қурбонжон Шодиёровлар ҳам иштирок этиб, йиғилганларга янги шеърларидан ўқиб бердилар. Улар вилоят ижодкорларининг, ёш қаламкашларнинг янги китоблари  билан танишдилар. Ижодкорлар Хуршида, Фарид Усмон, Омина Тожибоева, Нусрат Абдусалом, Ғани Мажид ва бошқалар бошлаб берган мустақиллик мушоирасини Абдураҳим Абдиев, Зулхумор Орифжонова, Мавлуда Азимова, Наима Турдиева, Ҳидоят Зуҳриддинова, Машҳура Ботирова, Шоҳсанам Эргашева каби ёшлар

ж хуршидабону, [20.07.17 13:54]
давом эттирди. Айниқса, Зомин семинарида болалар адабиёти йўналишида қатнашган Моҳидил Абдуллаева ўқиган шеър барчанинг эътиборини тортди:
Укамнинг кортогидай
Сакрайвердим эшитиб.
Мен шунчалар кутгандим,
Зомин, сенга етишни.

Енди кетаман десам,
Синглим этагим ушлар.
Йиғлайди бораман, деб.
Аям қўлидан ушлаб:

Онаш қизим, бормасанг,
Сенга қаққа бераман.
Дегач, Зуҳра жим қолди,
Битта қаққа билан-а?!

Ачом қилиб кузатди,
Синглимга ҳам қойилман!
Мен мингта қаққага ҳам
Алишмасдим Зоминни!

Мустақиллик байрами муносабати билан вилоятнинг барча шаҳарлари ва туманларида, ташкилот, муассаса, корхоналарда  “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида анжуманлар бўлиб ўтмоқда.

Комментариев нет:

Отправить комментарий