ГУЛДА
МЕҲР ЯШИРИН - Ғани МАЖИД
Учрашувда қўлимга
Мухлислар гул тутдилар,
Ажиб учрашув бўлди,
Буюк зотдай кутдилар.
Гул кўтариш ноқулай,
Кўчада уялардим,
Билолмасдим не қилай,
Уни қайга қўярдим.
Кўча кўйда кўрганлар
Қараб қўяр ғалати,
Тушунтириб беролмам
Эр кишининг холатин.
Ишқилиб етиб олдим,
Қилиб юриб бир бало,
Ўйладим хотин энди
Ўйлаб топар бир жазо.
Лекин ундай бўлмади,
Хотин қувониб кетди,
Гулдай очилиб ўзи
Гулнинг қадрига етди.
Гулдонни олиб келиб
Солди унга авайлаб,
“Раҳмат!—деди у кулиб—
Олдингизми атайлаб?”
Шу кун ўзгарди хотин,
Бўлиб қолди меҳрибон,
Бахтли кунларни эслаб
Куларди фақат ҳандон.
Муаммоларни айтиш
Кўтарилди ёдидан,
Қўлга илиқ сув тутди
Овқатланиш олдидан.
Ясанволди ўзи ҳам,
Гўёки бугун байрам,
Унитилди кам-кўстлар,
Шодликлар бўлди ҳамдам.
Айтолмасдим бу гулни
Олмаганимни атай,
Шунча бахтга етганда
Айбимни қандай айтай?
Эркакларга айтаман:
“Муҳаббатни унутманг!
Гулда меҳр яширин,
Меҳрсиз меҳр кутманг!”
Комментариев нет:
Отправить комментарий