Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

воскресенье, 6 марта 2016 г.

табрик

АЗИЗ  ҚИЗЛАРИМ, СИНГИЛЛАРИМ, ОПАЛАРИМ!

Сизларни чин дилдан байрамингиз билан қутлайман. Сизларга тирнчлик ва саломатлик доимо ёр бўлсин!  Эркаклар бахтига доимо бор бўлинг! Сизларга бўлган ҳурматим ва эҳтиромим чексиз.  Бу эҳтиром умримнинг охиригача мени тарк этмаса керак. Сизларга бўлган бу эҳтиром туйғулари менинг қўлимга кўп бора қалам тутқазган. Қуйида сизларга бўлган эҳтиромимнинг яна бир гулдастасини тақдим этмоқдаман, бирор аёл ундан заррача мамнунлик топса бошим осмонга етган бўларди.



ЎЗБЕГИМ АЁЛИ

Ўзбегим аёлидай аёл борми дунёда,
Ўзбегим қизларидай қиз йўқдир Осиёда.

Отага тик боқмайди бўлса ҳатто малика,
Йўқ меҳмон кутиш деса ундан ўтар зиёда.

Одоби хўп ярашган, унда андиша, ибо,
Излаб ҳам
тополмайсиз дунё кезинг пиёда.

Ўқимишли олима, дунё кезар санъаткор,
Уйда эса қиз, она тенгсиз меҳригиё-да.

Тарбиялар фарзандин оқил, доно бўлгин деб,
Ҳар бириси мураббий тенгсиз бир устазода.

Бордир оқил аёллар дунёда кўп ва лекин
Ундайин дур топилмас одоб деган дарёда.

Ғани лолдир доимо она, қизи, ёрига,
Шулар билан яшайди у бахтиёр дунёда.
Ғани МАЖИД.
ОНАЛАРГА ҚАСИДА

Оналарни ҳар қанча бошга қўйсак арзигай,
Улар меҳр уммонин тупроқ ердан қазигай,
Уларсиз байрам тўйлар қандайин ҳам қизигай,
Заминни ўраб турган чексиз уммон оналар.

Андиша пардасида ўзларин этмас ошкор,
Ўғил-қизнинг дардида ухламай чиқар бедор,
Фарзандлари бахт топса шод юрарлар бахтиёр,
Фарзанд учун жон фидо бир қаҳрамон оналар.

Оила фарзандим деб кеча олар орзудан,
Билимдондир, жавоб бор, сўранг ҳар бир мавзудан,
Фақат ҳафа бўлади боқса гоҳо кўзгудан,
Ёшлигин эслаб қолса ҳар-ҳар замон оналар.

Фарзандлари бўлса тўқ, улар тўқдай шодумон,
Фарзандларин кийдирса ўзи кийгандай шу он,
Мусичадай кун бўйи фарзандига излар “дон”,
Фарзанд тўйса гўёки бўлган меҳмон оналар.

Бўлмоғи мумкин эди зўр шоира, олима,
Фарзандим деб қўйган у барча ишга хотима,
Қаҳрамонликдан ортиқ фидоийлик, бу нима?
Номлари чиқмай қолган бўлмай достон оналар.

Фарзандим деб унитар армон бўлган ёрини,
Гўзал ёшлик, ишқ тўла гуллаган баҳорини,
Кеча олар ҳаттоки унга ошиқ-зорини,
Бўлар эди қай ёрга қандай жонон оналар.

Ҳар мушкулга кўникар етим бола мисоли,
Бўлса бўлди фарзандин етук бахту камоли,
Унга бахшида эрур ўзин бахту иқболи,
Фидоийлик бобида юксак осмон оналар.

Яхшиямки алла бор, қўшиқлар бор дунёда,
Сувга оқизар дардин ҳеч ким билмай дарёга,
Юракларинг эзади зўр қўшиқдан зиёда,
Ҳар қандай бастакордан ўтар чандон оналар.

“Муножот”нинг куйида оналарнинг дарди бор,
“Чўли ироқ куйлайди оналар деб бахтга зор,
Лекин улар яшайди гўё тенгсиз бахтиёр,
“Мен бахтсизман” демайди у ҳеч қачон оналар.

Улар содда, мулойим, тўғри сўз, хур, фаришта,
Уйларини тутарлар сарамжону саришта,
Уларнинг жойи, албат, бўлса керак бехиштда,
Шулар борки, эллар тинч, тинчдир жаҳон, оналар.

Доим курашар улар елкасида бор шайтон,
Фарзандин муҳаббати ғолиб қилар ҳар қачон,
Мағлуб бўлса ютади домига нафсдай уммон,
Лекин енгар кўпинча бермай имкон оналар.

Оналарни ўхшатгум ифорли атир гулга,
Тунда айтган алласин хуш сайраган булбулга,
Ҳеч зот яқинроқ эмас оналардай кўнгилга,
Меҳрибонликда тенгсиз энг меҳрибон оналар.

Кўзларга суртгинг келар ўраган рўмолини,
Дардлар олмасин дейман уларнинг хаёлини,
Бошга қўйсанг арзийди ўзбегим аёлини,

Бахтли бўлса бахтлидир Ўзбекистон, оналар.

Комментариев нет:

Отправить комментарий