Б У - А Ё
Л . . .
Мунис ва мўътабар, ҳурки - бу аёл,
Покиза, ҳалолу, нурки – бу аёл!
Бебаҳо хазина, дурки – бу аёл,
Таърифу тавсиф йўқ, зўрки – бу аёл,
Олам гўзаллиги, кўрки – бу аёл!
Уларга қадалган минг битта орзу,
Баозор фаришта, ҳур, малак, оҳу,
Ҳаётнинг зийнати, мисоли кўзгу,
Гар улар бўлмаса, олам қоронғу,
О и л а
таянчи, кўрки – бу аёл!
Оллоҳим яратмиш аёл зотини,
Унга ҳадя айлаб ҳаёт отини!
Ҳаёт ширинлиги, лаззат – тотини,
қўйингки, дунёнинг бор бисотини,
Олам
гўзаллиги, кўрки – бу аёл!
Энг аввал яралган Одам Атодур,
Сўнг жуфти ҳалоли Момо Ҳаводур!
Шу боис одамзот жуфт-жуфт ўтодур,
Ўзга нисбат бермоқ балки хатодур,
Башарнинг онаси, кўрки – бу аёл!
қиз бўлиб туғилар, сўнг гўзал жонон,
Турмуш қургандан сўнг азиз онаҳон!
Бу асли мўъжиза, - ҳаммага а ё н ,
Онасиз бўлмасди кенг олам – жаҳон,
Дунёнинг ҳуснию, кўрки – бу аёл!
Оналар меҳри – бу тоғлардан юксак,
Ҳеч қандай сўз етмас агар мақтасак!
Уларга борлиқни нисор айласак,
Севгилим, рафиқам, жонимсан,- десак,
Вафо, садоқатнинг кўрки – бу аёл!
Болалар онанинг шўх жигарбанди,
Хатто пайғамбар ҳам она дилбанди!
Азиз, алиёлар
о н а фарзанди,
Шаҳаншоҳ, ҳонлар ҳам асали, қанди,
Меҳру мушаббатнинг кўрки – бу аёл!
Онани улуғлар «Ҳадис»у «қуръон»,
Аёлни она дер кенг олам – жаҳон!
Улуғлиги ортиқ, ортиқки чунон,
Аёлни эъзозлар ҳар киши ҳар он,
Шу ёруғ оламнинг кўрки – бу аёл!
Турмуш гўзаллигин она яратган,
Оламни ўзига айнан қаратган!
Фарзандин ниҳоят кўп эъзоз этган,
Эзгулик, мангулик гулин таратган,
Табиат кўзгуси, кўрки – бу а ё л !
Аёлни куйлади Мир Алишер ҳам,
Бобур шоҳ айлади ниҳоят кўркам!
Машраб жон бағишлаб, деди: «ушбу кам»,
Ошиқлар тиз чўкиб, дегайлар «Эркам!»
Севги, муҳаббатда зўрки – бу аёл!
Юзидан нур ёғар, хуршиду қамар,
Мадҳу сано ортиқ, юз миллион қадар!
Нозу карашмалар чунонки тортар,
Мақтовлар беҳисоб, юлдуздан ортар,
Башарнинг эркаси, кўрки – бу аёл!
Аёлнинг эрларга юксак меҳри бор,
Ишқи, муҳаббати, нозик сеҳри бор!
Аёллар олдида гўзаллик бекор,
Аёлсиз қолганнинг ҳоли кўп душвор,
Ҳаёт ширинлиги, кўрки – бу аёл!
Аёл бор – демакки, турмуш фаровон,
Аёл бор – демакки, уйлар чароғон!
Аёл бор – демакки, яшайди инсон,
Аёл бор - демакки, эрлар гиргиттон,
Оламнинг ҳуснию, кўрки – бу аёл!
Меҳрию тафти зўр ой ила кундан,
Табиат, мавжудот баҳр олар шундан!
Аёллар оламни қутқарар тундан,
Забардаст йигитлар қарздодир ундан,
Инсонлар эркаси, кўрки – бу аёл!
О н а
алласига гўдаклар қонар,
Куйласа, рақс этса,–жон ўртаб, ёнар!
Ханда айлаганда борлиқ тўлғонар,
Аёл жангга кирса, олам лол қолар,
Мўъжиза яратган, зўрки – бу аёл!
Ошиқлар айрилар нақди – нақдидан,
Баъзилар топдилар вафо аҳдидан!
Ширин деб воз кечди Фарҳод тахтидан,
қайс деб айрилди Лайло бахтидан,
Ишқ аҳлин гўзали, кўрки – бу аёл!
Зебунисо, Нодира, Увайсий ўтди,
Уларнинг шуҳрати оламни тутди!
Озодлик, ҳурликни орзиқиб кутди,
Жабру жафо тортди, ғам-алам ютди,
Донолар доноси, кўрки – бу аёл!
Аёллар фаолдир ҳур жамиятда,
Уларнинг ўрни бор маънавиятда!
Ҳар кимга боқурлар самимиятда,
Кимга ёр бўлсам дер, яхши ниятда,
Жамият ҳуснию, кўрки – бу аёл!
Эрку ҳуқуқлари жуда юқори,
Улар жамиятнинг кўрк, ифтихори!
Эрларга рафиқа, севгили ёри,
Аммо дилларида кўпдир асрори,
Ҳур, озод замонда зўрки – бу аёл!
Давлат раҳбарлари – ҳокима аёл,
Муаллим, муҳандис, ҳакима аёл!
Илм фанда илғор, олима аёл,
Раққоса, шоира, ҳодима аёл,
Ақлу заковатда зўрки – бу аёл!
Таърифин ёзсам гар сиғмас бир шеърга,
У л а р
зебу зийнат шу она е р г а !
Аммо жуда ҳам бой меҳру сеҳрга,
Вафодор, жафодор бўлурлар эрга,
Ҳаёт нашидаси, кўрки – бу аёл!
Аёллар йили – бу эмасдир бежиз,
Мадҳини куйладим адашмай ҳаргиз!
Аммо таърифлашга тил бўлди ожиз,
Мўътабар оналар - аёл, гўзал қиз,
Шоирлар илҳоми, кўрки – бу аёл!
Ҳар она фарзандга якка, ягона,
Ҳар қитъа, ҳар юртда меҳрибон она!
Эрлар аёлларга бўлур парвона,
Ҳуру парилар шу, гўзал жонона,
Оламнинг ҳуснию, кўрки – бу аёл!
Аёллар – оналар абадий турсин,
Гўзал ёр, жонона бўлишиб юрсин!
Эъзоз ва шодликда давронлар сурсин,
Суҳайлий баҳр олиб, кўп умр кўрсин,
Таърифу тавсифда зўрки – бу аёл,
Оламнинг ҳуснию, кўрки – бу аёл!
------------------
СУҲАЙЛИЙ
(Қоражон ҚОДИРОВ)
Ўзбекистон
Комментариев нет:
Отправить комментарий