Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 2 апреля 2016 г.

ваъдага вафо қилиш ҳақида

Ваъдага вафо қилиш ҳақида

Савол: Инсон бировга сўз берса-ю, кейин берган ваъдаси гуноҳ ишга сабаб бўлишини билиб қолса, сўзидан қайтса бўладими?

 Жавоб: Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин! Ваъдага вафо қилиш ва бировга берган сўзининг устидан чиқиш динимиз ва шариатимизда буюрилган лозим ишлар ва мақтовли сифатлардан саналади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар,
аҳдларга вафо қилинглар!” (Моида: 1). Яна айтади: “Аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилувчилар... яхши кишилардир” (Бақара: 177). Аҳдга хиёнат қилиш, ваъдага вафо қилмаслик, сўзининг устидан чиқмаслик жамиятларнинг бузилишига сабаб бўлувчи, одамлар ўртасида ўзаро ишонч йўқолиши, омонатлар зое бўлиши ва хиёнат ёйилишига олиб борадиган ёмон сифатлардандир. Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам деярли барча хутбаларида: “Омонати йўқ кишининг иймони йўқ, аҳдига вафоси йўқ кишининг дини йўқдир”, деб айтардилар (Имом Аҳмад ривояти).  Аллоҳ таоло аҳдга вафо қилишни оқил зотлар ва пайғамбарларнинг сифатларидан деб таърифлади: “(Бу оятлардан) фақат Аллоҳга берган аҳдларига вафо қиладиган ва ваъдаларини бузмайдиган ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Раъд: 20). “Ёки унга Мусонинг ва (аҳдига) вафодор зот бўлган Иброҳимнинг саҳифаларидаги сўзлар хабари берилмаганмиди?!” (Нажм: 36-37). “Ушбу китобда Исмоил (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида рост пайғамбар эди” (Марям: 54). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонлар шартларининг устидан чиққайлар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ҳадисда келганки, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам вафот этишди. Вафотларидан кейин менинг зиммамда уларга яхшилик қилишдан бирор нарса қолдими?”, деб сўраганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, ҳақларига дуо қилишинг, улар учун истиғфор айтишинг, орқаларидан уларнинг ваъдаларини бажаришинг, улар томонидан бўлган қариндошларга силаи раҳм қилишинг ва уларнинг дўстларини иззат-икром қилишинг”, деб жавоб берганлар (Абу Довуд ривояти). Ҳаттоки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  ваъдага вафо қилмасликни мунофиқлар белгисидан эканини хабар берганлар: “Мунофиқнинг аломати учта: сўзласа ёлғон сўзлайди, ваъда берса вафо қилмайди, омонат қўйилса хиёнат қилади” (Бухорий ва Муслим ривояти). Энди уламоларнинг бу мавзуга оид сўзларига қарайдиган бўлсак, улар ҳар қандай ваъдага ҳамма вақт вафо қилиш шартми ёки вафо қилмаслик жоиз бўлган ўринлар ҳам борми, деган мавзуда баҳс юритганлар. Аҳмад ибн Али Розий Аллоҳ таолонинг: “Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани айтасизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)” (Саф: 2-3) деган оятлари тафсирида шундай дейди: “Абу Бакр ибн Арабий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу оят – ўз зиммасига бирон ибодат мажбуриятини олган ёки ўзига бирон аҳдни вожиб қилган киши албатта аҳдига вафо қилиши вожиблигига ҳужжатдир. Чунки вафо қилмаслик кишининг ўзи қилмайдиган сўзни айтганига далолат қилади, ваҳоланки, Аллоҳ бундай кишини қоралайди. Шунингдек, келгусида бирон ишни қилишга ваъда қилган киши имкон қадар сўзининг устидан чиқиши маъқулдир. Албатта гуноҳ бўлмаган ишларда аҳдга вафо қилинади...” (Аҳкомул Қуръон: 3/543). Имом Қуртубий мазкур оят тафсирида қуйидаги сўзларни келтиради: “Ибн Арабий айтади: “Агар айтилган сўз ваъда бўлса ва у бирон сабабга боғланган бўлса, мисол учун, “агар уйлансанг, сенга шунча динор ёрдам бераман”, деса ёки “фалон нарсани сотиб олсанг, сенга шунча бераман”, деса, фуқаҳолар ижмоси билан унинг зиммасига лозим бўлади”. Имом Молик айтади: “Аммо ваъда беришга келсак, масалан, бир одам бошқа бировдан бир нарсани унга ҳадя қилишини сўраса, у майли, бераман, деса-ю, кейин бергиси келмаса, бу нарса унинг зиммасида лозим бўлади, деб ўйламайман”. Ибн Қосим айтади: “Агар бир киши қарздор номидан қарз эгаларига ваъда берса ва: “Сизлар гувоҳ бўлинглар, мен бу одамнинг қарзини ўташни ўз зиммамга олдим”, деса, у ҳолда бу мажбурият унинг зиммасида вожиб бўлади. Аммо, борди-ю: “Майли, мен ўтаб бераман”, деса-ю, кейин бу фикридан қайтиб қолса, бу унга вожиб бўлади, деб ўйламайман. Бироқ одамгарчилик ва мурувват юзасидан ўз сўзининг устидан чиқиши яхшидир. Чунки Аллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиқувчи кишиларини мақтаб шундай дейди: “Аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилувчилар... яхши кишилардир” (Бақара: 177), “Ушбу китобда Исмоил (қиссасини) зикр қилинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида рост пайғамбар эди” (Марям: 54). Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ  ва у кишининг асҳоблари, шунингдек, Авзоий, Шофеий ва бошқа фуқаҳоларнинг фикрича, ваъда бериш билан кишининг зиммасида бирон мажбурият вожиб бўлиб қолмайди” (Тафсирул Қуртубий: 11/116).  Имом Қарофий ёлғон сўзлаш ва ваъда ҳақида сўз юритар экан, улардан қай бирига вафо қилиш вожиб, қай бирига вафо қилиш вожиб эмаслиги ҳақида қилган узун рисоласида жумладан шу сўзларни ёзади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Аёлимга ёлғон сўзласам бўладими?”, деб сўради. “Ёлғонда яхшилик йўқ”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. “Унга шунчаки ваъда бериб қўйсам бўладими?”, деди ҳалиги киши. “Зарари йўқ”, деб жавоб бердилар у зот” (Муваттои Молик: 1859). Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келажакка тааллуқли бўлган ёлғондан қайтардилар, ваъда бериб, сўзининг устидан чиқмасликда эса гуноҳ йўқлигини айтдилар. Чунки ваъдасининг устидан чиқиш нияти бўлганда бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраб ўтирмаган бўларди. Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар бирингиз биродарига ваъда берса ва дилида ваъдасига вафо қилиш нияти бўлса-ю, сўнг ваъдага вафо қилолмаса, унинг зиммасида бирон мажбурият бўлмайди” (Сунани Абу Довуд: 4995). Ушбу далиллар ваъдага вафо қилмасликнинг мубоҳ иш эканига ва унинг ёлғонга кирмаслигига далил бўлади” (Ал-фуруқ: 4/20-25). Энди сўровчимизнинг саволига келсак, юқорида ўтган сўзлардан маълум бўлдики, агар бир киши бировга бир шариатда жоиз бўлган нарсани ваъда қилган ёки сўз берган бўлса-ю, ваъдасининг устидан чиқмаса, унга ҳеч қандай каффорат ёки бошқа бирон мажбурият вожиб бўлмас экан. Шундай экан, сўровчимиз айтганидек, у бир нарсага сўз берган-у, кейин унинг гуноҳ ишга сабаб бўлиши маълум бўлиб қолган бўлса, ўша сўзининг устидан чиқмаслигида унга ҳеч бир гуноҳ бўлмайди ва зиммасида каффорат ҳам вожиб бўлмайди, валлоҳу аълам. Бироқ киши бир ишни қилишга қасам ичган бўлса, сўнг унинг гуноҳга сабаб бўлиши ёки ундан бошқа иш яхшироқ экани маълум бўлса, у ҳолда қасам ичган ишини қилмайди ва қасамини бузгани учун каффорат беради. Чунки Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бирор нарсага қасам ичса-ю, кейин ундан бошқаси яхши эканини билиб қолса, қасамига каффорат тўласин-да, ўша яхши деб билганига амал қилаверсин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).  Қасамнинг каффорати ўнта мискинга таом бериш, ё ўнта мискинни кийинтириш, ё бир қул озод қилишдир. Бу айтилган уч нарсадан қай бирини танлаш ихтиёри инсоннинг ўзига берилган. Агар бу ишлардан биронтасини ҳам қилишга имконият  топа олмаса, у ҳолда уч кун кетма-кет рўза тутади, валлоҳу аълам. манба ихлос орг

Комментариев нет:

Отправить комментарий