Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 30 марта 2016 г.

ота -онага оқ бўлиш хакида

Ота-онага оқ бўлиш ҳақида

Савол: Ассалому алайкум рохматулоҳи ва барокатуҳ! Мени бир танишимнинг бир ўғил ва тўрт қизи бор эди. Ўғли кўп куйдирди, ёши ўттизга бориб қолган, бешинчи марта қамалиши. У бу йил турмадан чиқаркан. Шу болани қамалишидан олдин бир айби учун отаси оқ килиб

юборганди. Воқеа менинг кўз ўнгимда содир бўлган, 5-6 кундан кейин милицияда, деб эшитдик, хуллас қамалганди. Энди нима булади, у бола чиқса шу уйга келадику?  Яшаса бўлаверадими, кечириб яшашга рухсат борми?  (Савол матни ўзгартирилмасдан келтирилди) Жавоб: Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин! Аввало, ота-онага оқ бўлиш нима экани ва унинг асл моҳиятини яхши англаб етишимиз лозим. “Оқ бўлиш” араб тилидаги “уқуқ” сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани узиш, ёриш ёки синдириш, деган
маънони англатади. Шариатимизда эса ота-онага азият берадиган ҳар қандай иш ёки сўзга оқ бўлиш, деб айтилади. Албатта, ота-онага оқ бўлиш гуноҳи кабиралардан саналади. Шариатимиз ота-онага яхшилик қилиш ҳамда уларни доим ҳурмат-эҳтиром этишга буюрган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ота-онангизга яхшилик қилингиз!” [Нисо: 36]. Бошқа бир оятда эса уларга қандай муносабатда бўлшимиз кераклигини баён қилиб шундай деган: “Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бири ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар,  уларга қараб “уф” тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Меҳрибонлик билан гўзал муомалада бўл ва “Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин”, деб (ҳақларига дуо қил)!” [Исро: 23-24]. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан: “Сизларга катта гуноҳларни айтайми?”, деб уч бор сўрадилар. Улар: “Ҳа, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам”, деганларида у зот шундай дедилар: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, деб, ёнбошлаб ўтирган эдилар сўнг ўтириб олдиларда: “Билиб қўйинг! Ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик бериш”, дея ушбу сўзларни қайта-қайта айтавердилар, ҳатто биз кошки у зот жим бўлсалар, деб қолдик”  [Бухорий (2654) ва Муслим (143)].  Бизнинг диёрларда ота ёки она ўз фарзандига “сени оқ қилдим!”, “оқпадар”, “сендай ўғлим йўқ” ва ҳоказо сўзларни айтса, гўё ота-она билан фарзанд ўртасидаги ришта қайтиб боғланмайдиган даражада узилиши тушунилади. Албатта, ота-онани бундай сўзларни айтадиган ҳолатгача олиб бориш гуноҳи кабира бўлган оқ бўлиш ҳисобланади. Бироқ бундан ота-она билан фарзанд ўртасидаги ришта узилиб, улар бир бирларига етти ёт бегонага айланади, деган тушунчага бориш нотўғри. Зеро, фарзанд бу иши билан катта гуноҳга қўл урган бўлсада, бироқ улар ўртасидаги ота-она ва фарзандлик ришталари узилмайди. Қолаверса, фарзанд ота-онасига азият берадиган сўз айтса ёки бирон иш қилса, ота-она “оқ қилдим”, деб айтмаса ҳам оқ бўлган саналади. Зеро, шариатимизда оқ бўлиш, деганда нима назарда тутилишини юқорида баён қилиб ўтдик. Шу боис ҳар бир инсон ота-онасига яхши муносабатда бўлиши ҳамда уларни ранжитадиган сўз айтмаслиги ёки улар ёқтирмайдиган бирон иш қилмаслиги лозим. Ота ёки она ўз фарзандини кечирса, албатта бу уларнинг ҳаққи бўлиб, Аллоҳ таоло ҳам уни кечиради. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ва мен тавба қилган, ҳамда иймон келтириб яхши амаллар қилган, сўнгра тўғри йўлга юрган кишиларни мағфират қилгувчидирман” [Тоҳа: 82]. Бошқа оятда шундай дейди: “Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса,  сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса,  Аллоҳни мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини кўрар” [Нисо: 110]. Шунга биноан ота-она ўз фарзандини кечириб, бирга яшашга рухсат берса, улар бирга яшашлари жоиздир, валлоҳу аълам.

Комментариев нет:

Отправить комментарий