Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

понедельник, 29 мая 2017 г.

cаримсоқпиёзнинг шифобахш хусусиятлари...



Саримсоқнинг шифобахш хусусиятлари жуда қадимдан маълум. Абу Али Ибн Сино ўзининг «Тиб қонунлари» китобида, Абу Райҳон Беруний «Китоб ас-сай-дана фи-т-тибб» асарида саримсоқнинг шифобахш хусусиятлари ҳақида ёзиб қолдирганлар.

Ибн Сино саримсоқ кулини асал билан аралаштириб, темираткига малҳам тайёрлаган, саримсоқ қайнатмаси ичилса, овоз очилиб, равон бўлишини, оғиз чайилса, тиш оғриғига, сурункали йўтал ва астмага даво бўлишини айтган. Қорин дам бўлганда у саримсоқни зайтун билан қайнатиб
ичирган.

Саримсоқ таркибида фитостеринлар, фитонцидлар, эфир мойи, С (0,24 мг%) дармондориси, В гуруҳидаги дармондорилар, гликозид аллеин, азотли моддалар, минерал тузлар, 20-27 фоиз полисахаридлар мавжуд.

Халқ табобати амалиётида саримсоқ нафас йўллари шамоллаши, нафас қисиши, лавша, безгак, ичбуруғ касалликларида, қорин дам бўлиши, балғам кўчирувчи восита сифатида ишлатилади.

Илмий тиббиётда ҳам саримсоқдан тадбиркорона фойдаланилади. Саримсоқ антибиотик, антисептик, фитоцидлик ва ҳашаротлар кушандаси сифатида ишлатилади. Илмий текширишлар шуни кўрсатдики, саримсоқ иштаҳани очиш билан бирга овқатнинг ҳазм бўлишига ҳам ёрдам беради. Ундан тайёрланган препаратлар қон босимни пасайтириб, юрак қисқариш амплитудасини оширади. Саримсоқ қон томирларини кенгайтириш билан бирга аъзоларни юқумли касалликлардан муҳофаза этишда катта хизмат қилади. Қорин тифи, ичбуруғ, вабо каби касалликларни тарқатувчи микробларга қирон келтиради.

Тиббиётда саримсоқ настойкаси ичак атонияси, гипертония ҳамда атеросклероз хасталикларини даволаш учун тавсия қилинади. Шунингдек, ундан буйрак ва қовуқда тош бўлганда, ревматизм ҳамда ниқриз касаллигини даволашда фойдаланилади. Таркибида саримсоқни қуруқ экстракти мавжуд бўлган аллахол ҳабдорилари жигар ҳамда ўт пуфаги касалликларида ёрдам берувчи доридир.

Фармацевтика саноатида саримсоқ таркибидан аллицин деб аталувчи кучли бактерицид хусусиятига эга бўлган антибиотик олинган бўлиб, у жуда суюқ концентрацияда (1:250000) бактерияларнинг ўсишини тўхтатади.


Комментариев нет:

Отправить комментарий