Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 29 апреля 2017 г.

Дурбек Қўлдошев

АСЛ   ТАЛАБА
(ҲИКОЯ)

            Қалин шохлари кўкка томон бўй чўзган манзарали дарахтлар қуршовидаги кўп қаватли бино бир қарашда гўё қуюқ ўрмон ичида қад кўтариб турган маҳобатли қасрни эслатади.
            Олийгоҳ тасарруфидаги бу иншоотнинг узун йўлакларидаги ҳаракат кун бўйи тинмайди. Айниқса, дарсларга танаффус эълон қилинган пайтларда, “Олтин давр”ларини сураётган оппоқ халатлардаги ёшлар билан янада гавжумлашиб, уларнинг шўх-шодон, ҳазил-мутойибаларга бой, бироқ беозор ғала-ғовурларига тўлиб кетади... Улар фақат “Диққат! Имтиҳон кетяпти!” деган ёзуви бор эшик олдидагина жим бўлиб қоладилар... Ахир, бундай синов эрта ё индин
ўзларининг ҳам бошида бор-да!
            Қатордаги эшикларнинг бирига, ана ўшандай, тинчлик сақланишини сўраб, ёзув осиб қўйилган хонада кетаётган имтиҳон анчадан буён давом этмоқда эди.
            Хаёлидан қандай фикр ўтди экан, чекига тушган саволларга жавоб излаб, ўз билимларини оққа тушириб ўтирган талабалар оралаб юрган профессор Фозил Содиқович, қатордан чиқиб келди-да, ёқимсиз ғинғиллаб турган ҳавосовутгични ўчирди... Кейин хонанинг кун йўлига қараган тўрттала деразасини ҳам ланг очиб ташлади.
            Ичкарига ёпирилиб кириб келган ёқимли (лекин илиқ) ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олди. Шу зайл  ҳовлидаги  табиат манзараларига боқиб бир зум турди.
            Руҳи кайфияти кўтарилган кекса олим, шундан кейингина, қониқиш ҳисси билан келиб ўз жойини эгаллади.
            Олимнинг улуғлик белгилари из ташлай бошлаган юзида, қандайдир, ачиниш аломатларига ўхшаш ҳолат (ҳали ҳамон) тарқаб кетмаганлиги сезилиб турарди...
            Унинг ич-ичидан чиқаётган: “Ярамас!.. Сунъийлик,1 турмуш тарзимизда шундай томир отиб кетдики,.. одамларимизни энди ундан қайтариб бўлармикин?!” деган сўзларини кўпчилик эшитмади ҳам... Куюнчак олимнинг ўша биргина сўзи таги замирида бир олам муаммо ётганини уқиб олиш қийин эмасди...
            Домланинг қилган ҳаракатларига бирон киши “чурқ” этиб эътироз билдира олмаса-да, сарин ҳавода ҳузур қилиб ўтирган ёшлар андак норози бўлишгандай, бир-бирларига  қараб,  лаб буриб қўйдилар, холос.
            Кекса мураббий ўз жойига ҳотиржам ўрнашиб олгач, анчадан буён жавоб бериб ўтирган талабага юзланиб:
–Норинов! Сенга охирги савол. Агар, шунга ҳам тўғри жавоб берсанг, “Анатомия”дан баҳоинг беш! –деди, қандайдир тантанавор оҳангда.
            Домланинг оғзини пойлаб ўтирган толиби илм бу сафар ҳам ишонч билан бош ирғаб қўяр экан:
–Мен тайёр, устоз, гап йўқ,..–деб қўйди.
            Профессор ўта қийин савол бераётгандай, кўрсаткич бармоғини хиёл кўтариб оларкан:
–Қулоқ сол, Норинов! Одам организмида қоражигар, яъни талоқ қандай вазифани бажаради? –деди, “энди қўлга тушдинг...” дегандай  қувлик билан  бир кўзини қисиб.
            Аксинча, талаба бир зум ҳам ўйланиб ўтирмади, “Ҳа, И-13” деб пичирлаб қўйди-да, шариллатганча: “Қораталоқнинг асосий вазифаси организм учун қон элементлари ишлаб чиқаришдан иборат” деб жавоб берди. Кейин: “Шарқнинг буюк ҳакимлари уни мажозан: “Одам ичидаги қабр”...деб ҳам баҳолаганлар”, дея қўшиб қўйди.
            Домла унинг мукаммал жавобидан қаноат ҳосил қилган бўлса-да, мулоқотни узгиси келмай:
–Менга қара, Норинов! Ваъда, ваъда! Мендаям гап йўқ. Баҳоинг беш! Қарши бўлмасанг, сенга яна битта, эркин савол берсам,.. билиб қўй, бунинг жавоби анови бешингга мутлақо таъсир қимайди, –дея кўзойнаги устидан унга тикилиб турганди, талаба: “Бемалол, домла” дегандай, астойдил бош ирғаб қўйди.
–Норинов! Ўқиган бўлсанг  айтчи,.. лимфа  нима ўзи ва қаерда жойлашган?-деб сўради, салмоқлаб.
            Норинов ортикча ўйланмади: Домла лимфа, танамиздаги тўқима ва хужайралар оралиғида  жойлашиб, тўқима билан қон ўртасида  модда алмашинувини  таъминлаб турувчи шаффоф суюқлик,”- деган жавобни берибоқ, кетидан  И-11 дея пичирлаб қўйди. Сўнг: “Домла , “Республика Лимфатик маркази”ни ҳам қаерда жойлашганини ҳам айтайми?”- деб сўради. Профессор “майлинг”,  дегандай бош ирғаб қўйганди, Норинов қандайдир ички бир ғурур билан:“...Ташкил этилганидан буён Андижонимизда!”-дея қўшиб қўйди.
            Талабанинг билимидан қувончларини ичига сиғдира олмай турган домла имкон қадар ўзини тутиб: “Кўриниб турибди, имтиҳонга яхши,.. йўқ, яхшигина эмас, зўр тайёрланибсан, Норинов!”, дея миннатдорчилик билдирди. Сўнг бироз таажжублангандай бўлиб:
–Норинов! Мен бир нарсага сал тушунмай турибман... Айтчи, барча саволларга батафсил ва лўнда жавоб беряпсану, негадир,.. аввал қандайдир рақамларни пичирлаб қўйяпсан?.. Бу сенга одатми, ё махфий белгингми? Кечирасан, Норинов, сен, шу қилиғингни изоҳлаб беролмайсанми?..–деди.
            Талаба бироз ўнғайсизланиб оларкан:
–Домла! Сизга нима десам экан, бу –махфий белги эмас, ўзим,.. шунчаки,.. –дея у ёғини айтмай, бироз каловланиб турганди,.. профессор “бунда қандайдир, яширин сир бўлиши мумкин” деган ўй билан секин ўрнидан туриб, бехитгина Нориновнинг орқа тарафига ўтди... Аввал оппоқ қалпоғининг четларига, иккала қулоғига, бўйин атрофларига, кейин ёқалари остига, ҳатто сочининг ораларига қадар разм солиб чиқди... Шубҳали бирон нарса тополмаган  домла хижолат бўлиб кетганини яшириш учунми ёки Россия киноусталари суратга олган, ўша машҳур “Имтиҳон”комедияли фильмидаги “думбул” талабанинг қиёфасини ва кўзлари олазарак ҳолда, замонавий шпаргалка ёрдамида  атиги “уч” баҳо олиш учун куйикиб,  ҳар замонда  “приём,приём” деб қўйишини эсладими, негадир Нориновга тикилганча хоҳолаб кулиб юборди... Домланинг кулаётганини кўриб, Норинов ҳам ўзини тўхтатиб туролмади...
Кўп йиллик тажрибада муваффақиятли  синовдан ўтган нарса шуки: имтиҳон пайти имкон қадар домланинг кайфиятини кўтариш ва орадаги муносабатни илитиш керак! Бу фақат ўзларининг фойдасига хизмат қилишини яхши билган талабалар, домла билан Норинов ўртасида нима гап ўтаётганини ўқиб  ололмаган бўлсалар-да, ёш болалардай бир-бирларига қараб, қиқирлашиб  олдилар...
            Қолаверса, тайёр сув текин кулгу келиб турганда “шундай ўтказиб” юбориш –бориб турган гўллик-ку!
            Вақт зиқлигидан бўлса керак, профессор  Норинов билан бўлаётган мулоқотни давом эттиришни лозим топмади... “Норинов! Мана, паҳлавон бешингни ведемостга қўйиб қўйяпман”, деганича беш рақамининг ёнига “аъло” деган жозибадор сўзни ҳам йирик ҳарфлар билан ёзди, кейин унга қараб: “Зачёткангга эса, ҳали, имтиҳон тугаганда кирасан, ўшанда қўйиб бераман”, деб  рухсат бериб юборди...
            Бугунги имтиҳон, талабалар хотирасида анча вақтгача сақланиб қолса керак, чунки, у жуда тез тугаб, биронта ҳам бола “йиқилмаган”  эди...
            Профессор рўпарасига яқинроқ қилиб битта стулни қўйдириб, Норинов билан узилиб қолган суҳбатни иштиёқла давом эттираркан, жилмайганча унга термулиб:
–Қани, Норинов, энди ўша сирли рақамларингнинг бир қулфини оччи?! –деди.
            Талаба: “Хўп бўлади” дегандай бош ирғаб қўйиб, аввал чўнтагидан зачёткасини чиқарди. Кейин стол устига қўйиб, домла томон секин суриб қўяркан: “Домла, тўғрисини айтсам, Тиббиётга ёшлик пайтимдан қизиқаман... У менинг жоним! “Йиқилган курашга тўймабди” деганлари рост экан... Шу олийгоҳнинг асл талабаси бўлиш учун роса уч йил чирандим. Аввалги йили шартнома асосида ўқишга киргандим ҳам, лекин оиламизнинг молиявий шароити, анави “тўлов” деганларини кўтара олмас эди,.. шунинг учун ўқишни давом эттиргим келмади. Аниқроғи, отамга жабр қилиб қўйишни хоҳламадим... Мана, кўриб турганингиздек, ўтган йили олийгоҳ бўйича иккинчи ўринда бал тўплаб давлат грантига сазовор бўлдим. Ҳали академик лицейда ўқиб юрган пайтимдаёқ, одам организмидаги барча аъзоларни бирма-бир ўрганиб чиқиб, таснифлаб қўйгандим...” 
            Профессорнинг сабри етмай: “Қандай тарзда?” деб сўради шошганча.
–Домла, аввал уларни икки тоифага: аёлларда бўладиган ва эркакларда бўладиганларга ва икки турга: яъни (Т) ташқи ва (И) ички аъзоларга бўлдим. Кейин хизмат вазифаси, инсон ҳаёти учун зарурлик даражаларини, қолаверса, шакли шамойилини ҳам инобатга олиб, албатта шартли тарзда рақамлаб чиқдим. Баъзи аъзоларга изоҳлар ҳам бериб ўтганман...
            Ҳаяжонлари жўшиб бораётган профессор:
–Норинов! Тўхта, тўхта! Сен, ўша аъзоларни қандай хусусиятларига қараб рақамладинг? Масалан, сени таснифингда биринчи рақам қайси аъзога тегишли?
–Домла, хоҳлаймизми, йўқми, “Т”  турда биринчи рақам бош, яъни каллага, “И” турда эса юракка тегишли! Буни, нафақат Тиббиёт ходимлари, балки, ҳар қандай бошқа касб эгалари ҳам тасдиқласалар керак! Тўғримасми, домла?–деганди, профессор талабанинг фикрини маъқуллаб, жилмайганча бош ирғаб қўйди. Кейин:
–Хўп, Норинов, иккинчи рақамни қайси аъзога бердинг?–деди, тезроқ билгиси келиб.
–Домла! Сиз ҳам бунга қўшилсангиз керак, бу рақамни кўзга бердим. У – “Т-2”!
–Норинов, тўхта!–деб қолди, бу янгиликдан қувонишни ҳам, қойил қолиб тан беришни ҳам билолмай,– хўп, айт-чи, қўл-оёқларга қайси рақамни бергансан?
–Домла! Қўл-оёқлар биргаликда Т-4, панжалар эса – Т-5!
–Қойил, Норинов! Мантиқан олиб қараганда ҳам уларни жуда тўғри рақамлагансан. Энди бурун билан қулоқни айтиб қўй!
–Бурунми, у роппа-роса етти, яъни Т-7! Қулоқ эса Т-9.
Домла суҳбат орасида тишлар ҳақида ҳам сўраган эди, Норинов устознинг ҳар бир саволига эринмай жавоб бераркан:
–Домлажон! Улар ўз исмлари билан туғилган чақалоқлардай тўғридан-тўғри –И-32!–деган жавобни берди.
Кейин (домланинг чарчаганлигини ҳисобга олди чоғи) ёнидан мўъжазгина рисола ҳолатига келтирилган қўлланмадан бир нусха чиқарди ва домлага узата туриб: “Домлажон! Ушбу дафтарчада барча аъзоларимиз бор!..” деб қўйди.
Устоз: Тўхта Норинов! Ҳали  айрим аъзоларга изоҳлар ҳам ёзганман дегандинг, қани, масалан , ошқозон тўғрисидагисини ўқиб берчи?,-деб қолди...
-Марҳамат, домла, дея талаба сўзида давом этаркан, бир зумда ўша жойни топиб:
“Ошқозон, одам организмида  энг муҳим  аъзолардан ҳисобланиб, унга “И-66” рақами берилган.  У бош мияга, марказий нерв системасига, янаям аниқроғи ақлга  бўйсунмоғи керак бўлса-да,.. деган жойига  довур ўқиб, тўхтаб қолди. .. Жон қулоғи билан тинглаб ўтирган Домла “Ўқи, ўқи  Норинов ”   дея ундаган эди, талаба “домла бу ёғи  “Тиббиёт”га таалуқли эмас-да, деди...
Профессор  кўнмай:  “Ахир, одам аъзосига  тегишли гапларми, мен учун жуда қизиқарли ва муҳим, ўқийвер, деб таъкидлагач, Норинов келган жойидан  давом эттириб “уни йўлдан урадиган асосий душман-нафс деб аталмиш фосидий туйғу! Айрим ҳолларда,  (унинг)  қутқуси оқибатида,  қурсоқ  “непомерно” тарзда кенгайиб, қаппайиб кетиш, баъзида  эса ўзини кўтаролмай осилиб қолиш ҳоллари ҳам учраб туради. Мабодо, ошқозон эгаси бутунлай нафснинг  қулига айланиб қолган бўлса, бу  аъзо молнинг қорнигача катталикда кенгайиб кетиши мумкин. Табиийки, ундан кейинги ҳолат-ҳалокат эканлигини унутмаслик керак!
”Домла жилмайганча талабанингқўлидан қўлланмани олиб: “Раҳмат сенга! Қолганини уйда ўқийман”, дея катта портфелининг ичига жойлаб қўяркан, яна ниманидир билмоқчи бўлди шекилли, Нориновни ёнига имлади. Кейин қулоғига лотин тилида пичирлаб, қандайдир бир аъзонинг рақамини сўради.
Аввалига талаба уялганидан бир қизариб олди, кейин ерга қараб: “Т-202”, деб қўйди.
Домла ҳайрон бўлганидан: “Одамнинг ташида 202 та аъзо йўқ-ку!”, деганди, талаба: “Домла! Ҳали айтдимку, шакли-шамойилини ҳам ҳисобга олганман, “ деб жавоб берди.
–А, эркакларда-чи?–деб сўраганди, “Т-12”, деб жавоб берди.
Бундан профессор бор овозда хоҳолаб кулиб юборди. Ёнидан дастрўмолини чиқариб, ёшинқираб кетган кўзларини артаркан: “Ҳа, сен билмаслигинг мумкин. Иккинчи Жаҳон Уруши йиллари Қизил Армия сафида худди шу русумда тоза узқара танк бўлганди... Қурғур, жуда бикр қурол эди, отовриб, отовриб фашист газандаларни “мама”латиб ташлаган...”, деб қўйди.
Бироз ўзига келгач: “Норинов! Кўриниб турибди, сен анчайин мулоҳазали ва билимли йигит экансан! Ижодий изланишлардан тўхтаб қолма! Уйда бир кўриб чиқиб, хато, камчиликлари бўлса айтаман. Ажабмас,  қўлланманг  талабалар орасида шуҳрат қозониб кетса!..” дея унга кетиш учун рухсат бераркан:
–Норинов! Исминг нимайди?–деб сўради.
Талаба ортга ўгирилиб:
–Қудрат! Қудратман, домла!–деб жавоб берди.
Профессор асл талабага ҳавасла тикилиб қоларкан: “Қудрат Норин!” деб қўйди-да( ўзини тўхтата олмай), яна кулиб юборди. Бу сафар унинг хаёлига шифобахш ва қимматбаҳо гиёҳ – “қудрат норин” тушган бўлса керак...        

Сунъийлик1: Олим бу сўз замирида , Инсоният бугунги кунда истеъмол қилаётган сон-саноқсиз, керагидан  ортиқ  кимёвий дори-дармонлар, турли-туман  стимуляторлар, гормонлар,  нотабиий  йўл  билан  етиштирилаётган  маҳсулотлар, алдамчи таъм берувчи ёғлар,  одамни ўзига тобе қилиб олаётган,ҳозирда ўта урф бўлиб кетган сунъий салқин  ичимликлар, ширинликлар,  сунъий равишда яратилаётган салқин (муздек) ҳаво, қўйинки, гоҳо-гоҳо бўлсада, айрим спортчилар қонидан топилиб қолаётган (сохта бақувват қилувчи)  допингларни  назарда тутмоқда эди...
Дурбек Қўлдошев

                                                                                                                                                                                                   2017 йил

Комментариев нет:

Отправить комментарий