Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 4 августа 2016 г.

ижод жой танламайди

ИЖОД  ЖОЙ  ТАНЛАМАЙДИ

 Андижон вилоят Булоқбоши туманидаги 14-мусиқа ва санъат  мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб Сотволди Ражабовнинг 70 йиллик таваллуди муносабати билан ижодий кеча ўтказилди. Ижодий кечага Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари, шоира Хуршидахон Қўчқарова раислик қилди.


Хуршидабону адибнинг ижодий ва меҳнат фаолияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. У Сотволди Ражабовнинг қишлоқ жойда туриб ҳам жўшқин ижод қилаётганини таъкидлаб адибнинг қатор китобларини халқ севиб ўқиётганини айтиб ўтди.
Адиб 1979 йили дастлаб “Меҳр” номли ҳикоялар тўплами эълон қилгандан бери яна қатор насрий асарлар яратганини ва ҳозирда уч жилдли асарлари тўплами нашрга тайёрлигини кенг китобхонларга маълум қилди.

Тадбирда адибнинг шогирдлари, устозлари, яқин ижодкор дўстлари, оила аъзолари билан биргаликда вилоятдаги таниқли адиблар, шоирлар ҳам иштирок этдилар. Булар орасида Хуршидабону, Фарид Усмон, Наби Жалолиддин, Абдуҳалил Қорабоев, Омина Тожибоева, Ғани Мажид, Мўмин Саттор, Ҳурмат Тожи каби адиблар, Абдуқодир Саттаров, Иброҳимжон Зуфаров, Тўхтасин Мирзаев, Донёрбек Камолов каби олим, жамоат арбоблари, Гавҳархоним Тожибоева, Диёрбек Маманазаров, Баҳромшер Мирзаев каби санъаткорларни ҳам санаб ўтиш мумкин.
Туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин қизлар қўмитаси раиси Иродахон Сотволдиева адибни туман ҳокими номидан қутлаб, эсдалик совға тақдим этди.
Анжуманда сўзга чиққан Наби Жалолиддин, Фарид Усмон, Омина Тожибоева, Абдуҳалил Қорабоевлар Сотволди Ражабовнинг  ҳикоялари, қиссалари ва публицистик асарлари ёш авлод тарбиясида, китобхон қалбига ватанпарварлик туйғусини жойлашда алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Тумандаги “Найман” масжиди  имом-хатиби Донёрбек Камоловнинг самимий ва ибратли сўзлари анжуман иштирокчиларининг қалбига ажиб ҳисларни жойлади, десак муболаға бўлмайди.
Ўзларининг дилбар қўшиқларини анжуман қатнашчилари эътиборига ҳавола этган санъаткорлар йиғилганларнинг олқишига сазовар бўлдилар. Шунингдек, анжуманда адибнинг синфдошлари, яқинлари, ёру дўстлари ҳам ўз табриклари, рақслари билан иштирок этдилар.

Бир пиёла чой устида давом этган анжуманда сўзлар табрикларга, қўшиқлар рақсларга уланди.
Хуршидабону сўнг сўз ўрнида Сотволди Ражабовга сўз берди. У барча меҳмонларга ўз миннатдорлигини изҳор этиб, келажакда янги-янги асарлар билан халқимизни хурсанд қилиш ниятида эканини маълум қилди.
Анжуманда қатнашган ижодкорлар ҳам, бошқа қатнашчилар ҳам анжуман давомида кўп марта ижод жой танламаслиги ҳақида таъкидлаб,  Сотволди Ражаповнинг ҳаёти ва фаолияти бунга ёрқин мисол бўлишини таъкидлаб ўтдилар.
Cаттаров Абдукодир Нурмухаммад ўғли-руҳшунос олим , профессор


Комментариев нет:

Отправить комментарий