Алкоголсиз пиво ичиш жоизми?
Савол: Ассалому алайкум ixlos.org таҳририяти аъзолари! Сизлардан бир масала ҳақида маълумот сўрамоқчи эдим. Ҳозир баъзи бир биродарлар билан суҳбатлашсак, таркибида алкоголи бўлмаган пивони ичса бўлади, деган гапларни эшитамиз. Шу ҳақда шариатда бирон бир ҳукм, бирон бир фатво борми? Шу ҳақда маълумот берсангизлар. Жавоб: Оламлар
Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин! Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Маълумки, пивони икки тури бор: 1. Маст қилувчи пиво. Бундай пивони истеъмол қилиш ҳаром бўлиб, ҳукмда унинг ароқдан фарқи йўқ. Уни сотиш, сотиб олиш ва ичиш ҳам ҳаромдир. Дарҳақиқат, Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Ҳар қандай маст қилувчи ичимлик ароқ, ҳар қандай маст қилувчи ичимлик ҳаромдир” [Муслим: 2003]. Бундай пиводан озми-кўпми, ҳатто бир қатра бўлсада ичиш ҳаромдир. Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кўпи маст қилган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир” [Термизий: 1865, Абу Довуд: 3681, Албоний саҳиҳ деган]. 2. Маст қилмайдиган пиво. Бундай пиво ё алкоголдан бутунлай холи бўлгани боис ёки инсон уни қанчалар кўп истеъмол қилмасин маст қилмайдиган жуда оз миқдорда алкогол моддаси борлиги сабаб маст қилмайди. Уламолар бу тур пивони истеъмол қилиш жоиз деб фатво берганлар. Шу ўринда аллома Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳнинг айнан мавзуга оид сўзларини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлса керак: “Бозорларимизда (Саудия Арабистони) мавжуд пиволарнинг барчаси ҳалол бўлиб, масъул шахслар томонидан текширилган ва буткул алкоголдан холидир. Шариатдаги асл қоидага кўра, ҳар қандай егуликлар, ичимликлар ва кийим-кечаклар, токи унинг ҳаром эканига бирон далил бўлмас экан ҳалол саналади. Зеро, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У ер юзидаги барча нарсаларни сизлар учун яратган Зотдир” [Бақара: 29]. Борди-ю, бирон киши “фалон ичимлик ҳаром, фалон егулик ҳаром ёки фалон кийим ҳаром”, дейдиган бўлса, унга қарата: “Ҳаромлигига далилинг борми?”, деб айтинг. Агар далил келтирса, у ҳолда далилга кўра амал қилинади. Бироқ далил келтира олмаса, гапи – эътирози қабул қилинмайди. Чунки Аллоҳ таоло “У ер юзидаги барча нарсаларни сизлар учун яратган Зотдир”, деган. Ер куррасидаги барча нарсаларни Аллоҳ таоло биз учун яратган. Шунингдек, бошқа бир оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳнинг номи зикр қилинган нарсалардан нима учун емас экансизлар?! Ахир У сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган-ку” [Анъом: 119]. Демак, ҳаром қилинган нарсалар батафсил баён қилинган бўлиб, ундан бошқа нарсалар ҳалоллигича қолаверади...” [“Ал-бобул мафтуҳ”, 3/ 381-382], валлоҳу аълам.
Комментариев нет:
Отправить комментарий