Ражаб ойида рўза тутиш ҳақида
Савол: Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Дин
йўлида қилаётган ҳаракатларингизни Аллоҳ таоло баракали қилсин ва беҳисоб
ажрлар билан мукофотласин. Ражаб ойида тутиладиган рўза ҳақида саҳиҳ ва кенг
маълумот берсангизлар, токи бу дамларни ўтказиб юбормайлик. Жазакумуллоҳу
хойрон! Жавоб: Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бисмиллаҳ,
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога
салавоту саломлар
бўлсин! Ражаб ойи ҳижрий ўн икки ойнинг еттинчиси бўлиб, “ҳаром ойлар” деб
аталган тўрт ойнинг бири саналади. Бу ойлар ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:
“Албатта, Аллоҳнинг наздида, ойларнинг саноғи ўн иккитадир. Бу нарса Аллоҳ
осмонлару ерни яратган кунида лавҳул маҳфузда белгилаб қўйилган. Булардан
тўрттаси ҳаром ойларидир (яъни бу ойларда уруш қилиш тақиқланган). Мана шу ҳақ
диндир. Шундай экан, бу ҳаром ойларда (гуноҳ ишлар қилиб) ўзингизга зулм
қилманглар” (Тавба: 36). Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Бир йилда ўн икки ой
бор, булардан тўрттаси ҳаром ойларидир. Бу ҳаром ойларнинг учтаси кетма-кет:
зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ҳамда жумодо билан шаъбон ўртасидаги, Музар
қабиласи ҳаром ойи деб биладиган ражаб ойидир” (Бухорий ривояти, 3197). Жумҳур
уламолар ражаб ойида кўп рўза тутиш мустаҳаб дейишган. Сабаби, ражаб ойи
юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳаром ойлардан бири. Ҳаром ойларда эса
тоат-ибодатни кўпайтириш афзаллиги хусусида баъзи ҳадислар келган. Бироқ бу
ҳадисларнинг санадида бироз заифлик бор. Лекин айнан ражаб ойида кўп рўза
тутишга оид ҳеч қандай саҳиҳ ҳадис келмаган. Бу ҳақда Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ
шундай деганлар: “Ражаб ойининг фазилати, бу ойда ёхуд бу ойнинг муайян
кунларида рўза тутиш ёки маълум кечаларида намоз ўқиш ҳақида ҳужжатликка яроқли
бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис келмаган” (“Табйинул ажаб” китоби, 11-бет). Демак,
ражаб ойи ҳаром ойларидан эканини эътиборга олган ҳолда бу ойда тоат-ибодатни
кўпайтириш ниятида рўза тутиш жоиз. Лекин ражаб ойида рўза тутиш бошқа
ойларнинг рўзасидан афзал, деган ниятда рўза тутиш ёки бу ойнинг баъзи
кунларида намоз ўқиш ёки бошқа бир муайян амалларни қилишга ҳеч қандай далил
келмаган, валлоҳу аълам. Манба “Ixlos org”
Комментариев нет:
Отправить комментарий