Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 30 апреля 2016 г.

ўлим афзалми ёки яшаш..

Ўлим афзалми ёки яшаш?



Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин! Инсон баъзан бошига қаттиқ қийинчилик тушгани ёки кўп гуноҳ ишларга қўл ургани сабабли шайтон васвасасига учиб, яшагандан кўра ўлган афзал деган фикрга келиб қолади. Келинг, бугун шу мавзу ҳақида бироз сўз юритайлик. Сўзимиз якунида биргаликда хулоса қиламиз, ўлим афзалми ёки яшаш. Ҳаммамиз ўзимизни мўмин-мусулмонман деб даъво қиламиз. Шундай экан, иймоннинг олтинчи рукнига бир назар солайлик. Иймоннинг олтинчи рукни бу
тақдирга – тақдирнинг яхшию ёмони Аллоҳдан эканига иймон келтиришдир. Бунга ишонмаган инсон эса мусулмон саналмайди. Тақдирга иймон келтириш нима эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога айтган қуйидаги сўзлари янада ёритиб беради: “Билгинки, сенга етган нарса етмай қолиши мумкин эмас. Сенга етмаган нарса етиши ҳам мумкин эмас” (Термизий (2516) ривояти). Шундай экан, айтингчи, ўлимни орзу қилиш ёки ўз жонига қасд қилиш бизнинг мусибатларимизни етнгиллатиши мумкинми?! Бошимизга тушиши керак бўлган яхши-ёмонликлар биз онамизнинг қорнида эканимиздаёқ ёзиб қўйилмаганми, ахир?! Мусулмонлар бу нарсани яхши англаб етганлари учун бугунги статистик маълумотларга қарасангиз, дунёда мусулмон мамлакатларида ўз жонига қасд қилганлар нисбати бошқа мамлакатларга нисбатан озчиликни ташкил қилишига гувоҳ бўласиз. Баъзан инсон гуноҳлари кўпайиб кетгани ва бу гуноҳлардан ўзини тия олмаётганидан пушаймон бўлади. Бироқ унинг азалий душмани бўлган шайтон уни яна йўлдан уришга ҳаракат қилади, “сен бу гуноҳ ишларни қилишинг билан охиратда ўзингга ўзинг азобни кўпайтираяпсан, бу гуноҳлардан қанча тез тийилсанг, азобинг шунча камаяди, ўзингга ўзинг азобни орттириб яшаганингдан кўра ўлганинг афзал” каби васвасалар билан инсонни йўлдан урмоқчи бўлади. Хўш, бу билан шайтон бизга нима “яхшилик”ни “раво” кўрмоқчи? Бу билан шайтон инсонни шу гуноҳлардан тавба қилиб қолиш эҳтимолини йўқотишга ҳаракат қилади. Чунки инсон гуноҳ ишларни қилгани учун тавба қилиш ўрнига ўз жонига қасд қилиши энг катта гуноҳдир. Бу каби васвасалар билан азалий душманимиз бўлмиш лаънати иблис бизни мана шу жарликка итариб юбормоқчи бўлади. Гуноҳ ишларга чек қўйиш учун инсон ўзига ўлим тилаши ёки ўз жонига қасд қилиши касал инсонни даволаш ўрнига кўп қийинчилик кўрмасин деган ниятда ўлдириш билан баробар. Ваҳоланки, бу касалликнинг давоси бор ва у энг тез тузаладиган касаллик саналади. Бу касалликдан даволаниш учун тавба қилишнинг ўзи кифоя. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Айтинг: “Эй (кўп гуноҳ қилиб) ўз жонларига зулм қилган бандаларим, Аллоҳнинг марҳаматидан ноумид бўлманглар. Аллоҳ барча гуноҳларни кечиради. Албатта Аллоҳ кечиримли ва меҳрибон зотдир” (Зумар: 53). Қарияларга хизмат қилганлар яхши билишади, уларнинг жуда ҳам ҳикматли бир дуолари бор: барака топ, умринг узоқ бўлсин. Барака араб тилидан олинган бўлиб, “яхшиликнинг мўл-кўллиги” маъносини англатади. Уларнинг дуоларини қаранг: яхшилигинг кўп бўлсин ва умринг узоқ бўлсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари ҳам худди шу маънони ифодалайди: “Энг яхши инсон умри узоқ бўлиб, амали солиҳ бўлган кишидир” (Термизий (110) ривояти). Инсон Аллоҳ таолога дуо қилиб, ўзига ўлим тилаши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Биронтангиз ўлимни орзу қилмасин, ажали етмагунча ўлимини сўраб дуо қилмасин. Чунки вафот этиши билан унинг номаи аъмоли ёпилади. Албатта мўмин кишининг умри узоқ бўлиши унинг яхшиликларини кўпайтиради” (Муслим (2682) ривояти). Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бу ҳадисда бошга мусибат тушгани ёки душман тарафидан келган балолар ёки шунга ўхшаган дунёдаги машаққатлар сабабли ўлимни орзу қилиш макруҳ экани очиқ айтилмоқда...”. Бошқа бир ҳадисда эса Расули акрам шундай деганлар: “Биронтангиз ўлимни орзу қилмасин. Зеро, инсон солиҳ бўлса умри узайиши билан ҳасанотлари ортиши, осий бўлса тавба қилиб Аллоҳнинг розилигига эришиши мумкин” (Бухорий (7235) ривояти). Энди ўзингиз хулоса қилинг, ўлим афзалми ёки яшаш?!

Комментариев нет:

Отправить комментарий