ЙЎЛДАГИ ТОШ
Алижон
ишдан чарчаб келиб бир оз ёнбошлаб дам олмоқчи бўлиб энди диванга ўтирган эди,
кўчадан Мавлон оқсақолнинг “Жанозага!” деб баланд овоз билан чақириб ўтганини
эшитиб қолди. У бугун оғир иш бўлганини, ишдан чарчаб келганини, ҳозир ишда
бўлиши мумкинлигини,
ишдан келганини ҳеч ким билмаслигини, чиқмаса эртага ишда
эдим деб қўйса ҳеч ким айблолмаслигини
ўйлаб жанозага чиқмай дам олмоқчи бўлди. Астойдил кўрпага ўраниб ҳам олди. Шу
пайт миясига “Ким ўтди экан?” деган савол келди. Мавлон тоға ҳам ажойибда, ҳеч қачон
“фалончиникига жанозага демайди. Бир неча бор маҳалладагилар айтишди. Лекин у:
“Ким бўлса ҳам шу маҳалламизда орамизда яшаган маҳалладошимиз. Жанозасига чиқиш
янгичасига олганда маҳалладошлик бурчимиз. Мусулмончасига савоб. Чиқмасак гуноҳ
ҳам бўлса керак”, деб ҳеч кимга гап бермайди.
Алижонга
“Ким ўтди экан?” деган савол тинчлик бермасди. “Қўй, дам олиш қочмайди. Касал
эмасман-ку. Маҳалламда бир одамнинг ҳаёти якун топган бўлса-ю, барча маҳалла аҳли
уни кузатгани чиқса-ю мен оромимни ўйлаб уйда ётсам инсофдан эмас. Улар билмаса
ҳам виждоним билиб турибди-ку. Унга қандай жавоб бераман?! Танимаган одам бўлса
ҳам майли эди. Ким бўлса ҳам маҳалладаги бир инсон. У билан қанча юз кўришган,
суҳбатлашган бўлишимиз керак. Алижон чиқишга қарор қилиб тездан кийинди.
Хотини: “Чарчадим бир оз дам олай дегандингиз-ку, эртага патага чиқиб қўярсиз”,
деганига ҳам қарамай тез-тез юриб чиқиб кетди.
Алижон
кўчага чиққанда маҳалладошлар доим йиғиладиган жойда ўн кишича йиғилиб
турганини кўрди. Бориб ҳамма билан қўл олишиб кўришгач, ёнидаги биттасидан
сўради:
-Ким
ўтибди?
-Каримбой
ота.
-Худо
раҳмат қилсин!—у дуо қилди.
-Тўқсондан
ҳам ошувди, шекилли-а?—сўради Алижон.
-Ҳа,
тўқсон учга кирган экан,--деди орқадан кимдир.
-Оқсақолнинг
тўйи-да,--деди яна кимдир.
Шу
пайт Мавлон тоға келиб “қани бўлмаса, тезроқ Карим аканикига борайлик. Қўшни маҳаллалардан
олдин бориб турмасак, бўмайди.—деб йиғилганларнинг олдига тушиб йўл бошлади.
Карим
оқсақол ўртаҳол яшаган, лекин маҳалланинг бирор маросимидан қолмайдиган, ҳашарлар
бўлса бош-қош бўлиб турадиган фаол инсон эди. маҳалладошлар келганини билган
уйдаги хотин-ҳалаж овозини янада баланд кўтариб йиғлай бошлади.
-Ҳеч
ўзини ўйламаган, вой дадам!
-Меҳрибоним
вой дадам!
-Суянганим,
вой дадам!
Йиғилар
ҳар хил овозларда, бошқа-бошқа одамлар томонидан айтилсада юракларни эзар,
шунинг учунми ҳамма мотамсаро, қўлларини қовуштирганча жим эди. Жуда зарур
гапларни ҳам паст овоз билан бир-бирига яқин келиб қулоқларига айтишарди.
Маҳалладошлар
қўшни маҳалладан келганлар билан бирга жанозани ўқигач марҳумни қабристонга қўйгани
қариндош-уруғлари билан бирга жўнашди. Баъзи бир зарур иши борлар ишларини баҳона
қилиб қолганда ҳам Алижоннинг виждони ёлғон гапиришга йўл қўймади. Роса чарчаб
турса ҳам маросим тугагунча маҳалладошлардан ажрамади. Қабристондан қайтишаётганда
маҳалладошлардан бири марҳумнинг набирасига яқин келиб ўлим тафсилотини сўради:
-Эрталаб
ҳам туппа-тузук юрганди-ю, нима бўлди ўзи?
-Камолдин
аканинг уйи ёнидан ўтиб кетаётганда олдидан ўтиб кетаётган машина ердаги тошни
босиб ўтган экан, тош отилиб кетиб оподадамнинг бошига тегибди. Тошнинг
зарбидан хушидан кетганча ўзига келмади.
-Хушига
келмаган бўлса буни ким айтди?
-Катта
акам орқадан келаётган, экан кўриб қопти.
-Машинанинг
номерини ёзиб олдингларми?
-Машина
ҳайдовчисида айб йўқ, у атай босармиди. Буни атайлаб қилиб бўлмайди.
Шу
пайт Алижон миясига келган фикрдан карахт бўлиб қолди. Кеча худди шу Камолдин
аканинг дарвозаси ёнидан ўтаётиб муштдай тош ерда бежо ётганига кўзи тушган
эди. Тош ёнидан ўтаётиб шу тошни олиб қўйсам бўларди, деган ўй ҳам хаёлидан
ўтганди-я. Лекин олиб қўйсам яхши бўларди, деган фикр хаёлига келганда у икки қадам
ўтиб кетгани учун қайтишда оларман, деган фикрни хаёлдан ўтказганди. Алижоннинг
тахминича худди ўша тош Карим тоғанинг ҳаётига нуқта қўйгани аниқ эди.
У
Карим тоғанинг ўлимига ўзи сабабчи бўлганини, буни ўзидан бошқа ҳеч ким билмаса
ҳам юраги сиқилиб маросим қандай тугаганини ҳам, уйига қандай етиб келганини ҳам
билмай қолди. Уйга кириб юраги сиқилганидан хотинининг: “овқат тайёр, еб кейин
дам олинг” дейишига қарамай диванга ўзини ташлади. Хаёллар, хаёллардан
келаётган саволлар гўёки уни тергов қилаётгандай эди:
“Ўша
тош хаёлингга бежо тургани келган эди-я. Наҳотки, икки қадам орқага қайтиб
ўшани четга олиб қўйишдан эриндинг?! Сенинг кичик бир лоқайдлигинг шундай улуғ
ёшдаги қанча инсонларга, қанчалар яхшиликлар қилган инсоннинг бошига етди. Сен
энди ўзингни қандай кечирасан? Виждонинг олдида қандай ўзингни оқлайсан? Ўша оқсақол ўрнида отанг, онанг ёки
фарзандларинг ҳам бўлиши мумкин эди. Сенинг арзимас лоқайдлигинг қотилликка
сабаб бўлганини хис қиляпсанми? Сен лоқайдгина эмас қотилсан. ҚОТИЛ!! ҚОТИЛ!!! ҚОТИЛ!!!
Комментариев нет:
Отправить комментарий