Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 19 августа 2016 г.

хуршидабону

             МУСАФФО МАСКАН


Халқим, тегрангга боқ, ҳар ён мусаффо,
Осмон мусаффодир – замон мусаффо,
Мусаффодир диллар – виждон мусаффо,
Не бахт, томирда қон – туғён мусаффо!

Аждодларим руҳи шодон, мусаффо!

Гарчанд мотамсаро кўзлар тўла ёш,
О, бу маскан узра парвона қуёш!
Тингла, аҳли олам, тинглагил, элдош:
Бу кун юракларда фиғон мусаффо…
Аждодларим руҳи шодон, мусаффо…

Беқиёс бу Ватан васфидир сўзсиз,
Хотира – Ватандек муқаддас бир ҳис!
Гарчанд жисми тупроқ қаърида, сассиз
Улуғлардан ёдгор – забон мусаффо,
Аждодларим руҳи шодон, мусаффо!

Момоларим ёққан қадим чироғлар
Нуридан залолат зулми йироқлар,
Жигарбандин кутган гирён қароғлар
Уммонида фасли найсон мусаффо,
Аждодларим руҳи шодон, мусаффо!

Ёмғирдек ёғилган ўт гирдобида
Шаҳид кетган номлар дил китобида,
Она-юрт бағрида қутлуғ обида –
Азизу мукаррам майдон – мусаффо,
Аждодларим руҳи шодон, мусаффо!

Ватан Истиқлоли йўлида қурбон
Зотлар, иншоаллоҳ, топгай пок макон,
Фитрату Абдулла, Усмону Чўлпон
Чин ҳаққи-ҳурмати иймон мусаффо

Аждодларим руҳи шодон, мусаффо!..

Комментариев нет:

Отправить комментарий