Тарк қилинган суннатлар: аксирганда ҳамд айтиш
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва
саломлар бўлсин! Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар бирортангиз аксирса,
“Алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин) десин. Унга жавобан (ёнидаги) биродари
“ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин) деб айтсин. Агар киши аксирган кишига
“ярҳамукаллоҳ” деса, у бунга жавобан “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум” (Аллоҳ
сизни ҳидоятласин ва ишларингизни ўнгласин) деб жавоб қайтарсин” (Бухорий
ривояти, 5870). Аксирган киши Аллоҳ таолога ҳамд айтиши динимиздаги мустаҳаб
амаллардан бири бўлиб, бу суннат ҳам бугунги кунда мусулмонлар, хусусан,
бизнинг ўзбек миллати орасида йўқолиб кетган суннатлардан ҳисобланади. Аксирган
киши аввало Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганлари, қолаверса,
аксириш натижасида миясида тиқилиб қолган ҳаво чиқиб кетгани ва шу сабабли
мазкур ҳавонинг зараридан қутилгани учун ҳам Аллоҳга ҳамд айтади. Агар бу ҳаво
чиқиб кетмаганида ҳар хил оғир касалликларга сабаб бўлар эди. Аксирган кишининг
ёнидаги биродари унга “соғ бўлинг” ёки “умрингиз узоқ бўлсин” дейиш ўрнига,
аксар мусулмонлар Аллоҳ таолонинг бу каби неъматлари шукрини адо
этмаётганларини хотирлатиш мақсадида унга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат сўраб,
“Аллоҳ сенга раҳм қилсин” маъносида “ярҳамукаллоҳ” деб, унинг ҳаққига дуо
қилади. Бу мусулмонлар ўртасидаги муносабатлар янада кучайишига катта ҳисса
қўшади. Бироқ аксирган киши “алҳамдулиллаҳ” демаса, унда унинг ҳаққига
“ярҳамукаллоҳ” деб дуо қилинмайди. Чунки Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят
қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар
бирортангиз аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унинг ҳаққига дуо қилинглар. Агар
(аксирганидан кейин) Аллоҳга ҳамд айтмаса, унинг ҳаққига дуо қилманглар”
(Муслим ривояти, 2991). Бироқ аксирган кишидан узоқроқда бўлгани учун унинг
ҳамд айтганини яхши эшитмаса-да, оғзи қимирлаганидан ёки ёнидагилар унинг
ҳаққига дуо қилганидан унинг ҳамд айтганини билса, унда унинг ҳаққига дуо
қилаверади. Келинг, азизлар! Бу суннатни ҳам ҳаётимизга татбиқ қилиб,
қолганларни ҳам шунга тарғиб қилайлик, фарзандларимизга ҳам ўргатайлик, одамлар
ўртасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир суннатларини
тирилтирайлик. манба ихлос орг
Комментариев нет:
Отправить комментарий