Самарқанд сари (давоми) Дурбек Қўлдашев
Алп Баҳодир шогирдига юзланаркан:
- Амирзодам! Алар, бирқозон
деб аталадур, иккинчи номи – сақоқуш! Сиз, ҳушёр туруб тафарруж этиб
олсангиз, нариги жонибға ўтуб олғонимизда сўйлаб берамен, бу қушлар ҳақида, -
деди.
Паррандаларнинг тинимсиз
чағур-чуғурлари бутун атрофни тутиб кетганди...
Айниқса, галадаги ғозларнинг ғағиллашлари, қулоққа
бошқаларникидан бир мунча баланд
эшитилиб турарди...
Устоз! - деб қолди валиаҳд, яна, қушлардан кўз узолмай:
“Биргина, илбосун тутуб олғонимизда эди”, деганди, Алп Баҳодир мийиғида
жилмайиб қўяркан:
- Амирзодам! Жоним била эрди, аслиға, буни ҳеч бир душвор
жойи йўқ, бироқ, шу пайт ов била андармон бўлуб, йўлдан қолуб кетсак,
Марғинонға “етти хуфтон”да кириб боришға тўғри келадур. Ғолибо, Хўжанд
атрофларида ҳам қушлар бундан-да бисёр жойлар бор. Тенгри рост келтурса,
шикорни ўша кўлларда қилабиз, - деб қўйди.
Устозининг бу жавоби валиаҳднинг ўзига ҳам маъқул тушдими, ё
подшоҳ отанинг: “Мирзом! Сафар чоғи устозинғиз чизғон чизиғидин бир қадам ҳам
четға чиқмағайсиз!” деган ўгитига амал қилибми, ҳар ҳолда, ов ҳақидаги тадбир
кейинга қолдирилди.
Бобур Мирзо гоҳо-гоҳо ўзигина эшитадиган овозда: “Ҳаб-бо-за-
а!” дея пичирлаб қўяр, Қубонинг “қора” сувидан то нариги қирғоққа ўтиб
олгунларига қадар, бир дақиқа бўлса-да, табиатнинг бу фусункор манзарасидан
нигоҳини узолмасди…
Қофила бир маромда одимлаб Қубо марказидан ўтиб борарди.
Қасабада бозор кун экан. Кўчалар зироат маҳсулотлари ортилган аравалар, ҳуржун,
қоп юкланган уловлар, мол-қўй
етаклаганлар, ҳаммоллар, пиёдалар билан гавжум.
Ҳамма ўз ташвиши билан, қаергадир, нимагадир шошаётгандай.
Алп Баҳодир қуболиклар ғайратига, меҳнатсеварлигига ҳавас
билан боқаркан: “Ҳа, эл-улус тўққизни учға уруштуруш илинжида” дея жилмайиб
қўйди.
Кейин бир йигитча катта тандир ичидан бошини чиқариб,
шипиллаганча элтиб бораётганини (бир қараган одамга тандир ўзи юриб
кетаётгандай эди) завқ билан кузатиб
бораётган шогирдига юзланиб:
- Мирзом! Биласизму, агарчи, қасаба – кичик қасаба, вале,
чун мўътабар маскун! Бу замин буюк аллома Аҳмад ал-Фарғоний ҳазратларининг
киндик қонлари тўкилғон жой! Устод Ҳусайн Ниёзий жанобларининг айтишларича,
мана олти асрдан ўтибди ҳамки, ул зотнинг Араб дунёсида қилғон ишлари барчани
лол қолдируб, ҳали ҳануз самара бериб келаётғон эмуш! - деб қўйди, ғурур билан.
Бобур Мирзо бу номни илк бор эшитаётганди, шундан:
- Устоз! Ул зот
фотиҳму? - деб сўраганди, Алп Баҳодир:
- Ҳа, Амирзодам! Ул зотни мажозан фотиҳ деса ҳам бўладур!
Аслида, улкан ақл ва заковат соҳиби, фалакиёт ҳамда жарри сақил илмининғ
пешвоси бўлғонлар, - деб қўйди ифтихор билан.
Устозининг сўзлари Бобур Мирзонинг юзида орзу ва ҳавас
учқунларини елпиб ўтгандай бўлиб, киприклари пирпираб кетди. Буни кузатиб
бораётган Алп Баҳодир хиёл жилмайганча Бобур Мирзога юзланиб:
-Амирзодам! Сизға яна бир, маҳтум тарихдин бир шингилинигина
сўйлаб берсам... Улуғ бобонгиз Темурбек ҳазратлари Миср султони Малик аз Зоҳир Барқуқ жаноби
олийларининг “таклифи” била, ҳижрий 803 йил жумодул-аввал ойида Қоҳирада
бўлғонларида, атрофиға мавкибат аҳлини олиб, алломанинг Равдо оролида, Нил
суйиға солғон ўлчагич иншоатларини тафарруж этиб келғон эканлар. Қурилманинг
ўта жўн ва ишончли бўлғонидин ҳайратға тушган Темурбек ҳазратлари султон
Барқуққа, филҳол олимнинг муборак равзаларини таъмирдин чиқориб, зиёратгоҳга
айлантириш ҳақинда фармони олий берғон эканлар...
Улар шу тахлит бир олам таассуротлар оғушида кун қандай
ўтганини ҳам сезмай Марғинонга кириб келдилар.
Меҳмонларни шаҳар доруғаси (табиатан қўпол, тунд юзли
бўлганидан, атрофдагилар “яхмалак” деб лақаб қўйиб қўйган) Али Дўст тағойи
кутиб оларкан, юксак иззат-икромлар кўрсатиб, қалъа ичига тушган ўз ҳовлиси
томон бошлади.
Алп Баҳодир хизматкорларга юкларни имкон қадар авайлаб
тушириб, жобажо қилиб қўйишларини буюрди-да, шогирдларини олиб (шомга қолмай),
рав бориб Бурҳонуддин Марғиноний ҳазратлари яшаб ижод қилган муборак хонадонни,
“Ҳидоя” асарини ёзишга жазм қилган чиллахоналарини зиёрат қилиб қайтдилар. Шундан кейингина андижонликлар
кўнглига руҳий сокинлик иниб, зудлик билан гармобада ювиниб чиқдилар.
Мезбонлар нозик табиат ёш темурийзода ва унинг садоқатли
ҳамроҳларидан иборат киборлар кўнглини олиш учун марғинонликларга хос баланд
меҳмоннавозликлар кўрсатдилар.
Хизматда қасабанинг манаман деган олиймақом муғаннийлари,
бовурчилар, дастурхончи ва баковуллари камарбаста турдилар.
Тахт
ворисини ҳушнуд этиш мақсадида
хонадонга шогирдлари билан Сотти
қўғирчоқбоз таклиф этилган экан. Бор
маҳоратларини ишга солиб, “Уч оғайни
ботирлар”, “Качал полвон”, “Ёрилтош” эртакларидан парчалар намойиш килиб
бераётганди. Бобур Мирзо бу эртакларни ёддан билгани боис, бир-икки жойда
ижрочиларга эртак қаҳрамонлари сўзларида йўл қўйган хатоларни кўрсатиб
қўйганди, хижолат бўлиб кетган қўғирчоқбозлар жовдираганларича бир-бирларига
қараб саҳна кўринишларини давом эттира олмай қолдилар.
Доруға вазиятни юмшатиш учун ҳамёнидан бир сиқим ақча
чиқариб дафнинг чарм ғилофига ташлаб қўяркан, ияги билан дарвоза томонга ишора
қилиб, “Бошқа келасизлар, жаноблар,” деганча уларга жавоб бериб юборди.
Давра совиб қолмаслиги учун бир имо билан навбатни аҳли
нағма давом эттира кетди.
Сайёҳлар жадаллик билан етти йиғоч масофани бир кунда босиб
ўтган бўлсалар-да, хушовоз мутрибларнинг куй ва қўшиқлари янграгач,
чарчоқларидан асар ҳам қолмади.
Базм узоқ давом этмади.
Муаззиннинг хуфтон намозига чорлаб чақирган азони эшитила
бошлаганида болалар дам олиш учун ичкарига кириб кетгандилар.
Намозхонлар эса ўринларидан туриб таҳоратларини янгилаш учун
тарқалдилар.
Бобур Мирзонинг Марғинон қалъасига келиб тушганидан хабар
топган беклардан бир нечаси (ўзларини яқин олиб) ҳў, алламаҳалда, тахт ворисини
кўриш ва имкон бўлса назаридан ўтиб
қолиш илинжида доруғанинг эшигига ташриф буюрган эканлар. Салом-аликдан сўнг,
Али Дўст тағойи уларни базми жамшиддан қайтаётганликларини билиб:
- Кимникида бўлишдинғ? - деб сўради аввал совуқ овозда.
- Баҳодир дўкайникида... - деб жавоб беришди беклар.
- Тўкварибди-да, баччағар, - деб қўйди дўнғиллаб.
Сўнг бекларга юзланиб:
- Гап мундоқ, йигитлар! Амирзодамиз йўл юруб хўб чарчағонлар,
энди, ёнғонда учраштириб қўямен. Ҳозироқ уйларингга бориб дамларингни олиш! -
деб буюрди амрона овозда.
Улардан бири: “Амирзодамизға аталғон кичиккина совғамиз бор
эди...”, деганча қўйнидан қарға шоҳи чорсига ўроғлик бир нима чиқараётганди,
“Ўшанда”, “Ўшанда” деганча жойига қайтартириб қўйди.
Беклар ҳар қанча жангари бўлмасинлар доруғанинг “қор ёғиб
турган” қовоғига қараб, бир чимирилиб олдилар-да, улуғ меҳмонлар ҳурматидан бир
сўз қайтармай, ортга қайтиб кетдилар.
Болалар ўзлари учун ажратилган шинамгина хос хонага
кирганларида Абдуллоҳни уйқу элита бошлаганди. Бояқиш роса чарчаган экан,
апил-тапил ечинди-да, пашшахонани ҳам туширмай ўзини ўринга отиб, бир зумдаёқ
пишиллаб ухлаб қолди.
Бобур Мирзо уст-бошларини ечди, саришталик билан тахлаб, бош
тарафидаги жавон устига қўйди, ўринда кийиб ётадиган оппоқ либосларини олиб,
эгнига илди, сўнг катталардай хонада бироз у ёқдан бу ёққа юрди.
Токчадаги фонус хирароқ ёритиб турган нақшинкор шипнинг
гулли вассажуфтларини тамошо қилди. Ўзининг хобхонасидаги вассажуфтлар безаги
буларга қараганда бежиримроқ эканлигининг гувоҳи бўлди.
Ҳар ҳолда, чарчаганлиги билинди чоғи, бориб чироқни пуфлаб
ўчирди. Келиб пашшахонани очди-да, ичига кириб, четларини қимтиб чиқди. Шундан
сўнггина ўринга кириб ётди. Ҳаво бироз дим бўлса-да, болаларнинг ҳовлида
ухлашларига рухсат берилмаганди.
Янги жой, янги одамлар. Умрида биринчи марта саройдан
ташқарида тунаб қолиши. Бир-икки у ёқдан бу ёққа ағанади, нималарнидир ўйлаб
ётиб, кўп ўтмай уйқуга кетди.
Тун ярмидан оғган... Амирзоданинг ором олаётганини билиб,
чуҳралар ҳам бирин-кетин пинакка кетишган.
Бобур Мирзо туш кўрибди...
Тушида кимдир хавотир билан улар ётган хонага кириб:
“Амирзодам! Тўпчоғингиз бўшалиб кетиб, ҳеч кимға тутқуч бермаётур!” деяётган
эмиш.
Валиаҳд уйғониб кетди. Сапчиб туриб пашшахонадан чиқди-да,
пардани четга суриб, деразадан ташқарига қаради. Ним қоронғи ҳовлида ҳеч ким
кўринмасди. Бир зум қулоқ тутиб турди. Атрофдан фақат чирилдоқларнинг бетартиб
чириллашларигина эшитиларди холос.
Кўнгли тинчимай, оёғига кавушчасини илди-да, даҳлиздаги
пинакка кетган соқчига бир қараб қўйиб, ташқарига чиқди, кейин шарт ўгирилиб,
отхона томон одимлаб кетди.
Отхона қоровули уйғоқ экан.
Комментариев нет:
Отправить комментарий