Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 17 февраля 2016 г.

кўкрак бези саратони

КЎКРАК БЕЗИ САРАТОНИ

Ҳозирги кунда кўкрак бези раки аёлларимиз орасида учрайдиган онкологик касалликлар орасида биринчи ўринни эгаллаб, касалланганлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра дунё бўйича ҳар бир ўнинчи аёл кўкрак бези саратони билан хасталанар экан.

Бир йилда кўкрак бези раки касаллиги туфайли 1,5 миллиондан ортиқ аёл дунёдан кўз юмади. Уларнинг 20 фоизини эса 35 ёшдан 45 ёшгача бўлган аёллар ташкил қилади. Кўкрак бези саратони эрта босқичда атиги 10-15 фоиз ҳолларда аниқланади. Маълумки, кўкрак бези ўсмаси қанчалик эрта босқичда аниқланса ва даволаш муолажалари қанчалик эрта бошланса, беморнинг ҳаёти шунча узоқ давом этиши мумкин. Агар кўкрак бези раки касаллиги биринчи босқичда аниқланадиган бўлса, 92-98 фоиз ҳолларда бемор касаллик аниқланган санадан бошлаб 20 йилгача яшаши мумкин.


Афсуски, ҳозирги кунда кўкрак бези раки билан касалланган беморларнинг 50-70 фоизи касаллик аниқланган сананинг биринчи 5 йиллиги давомида оламдан кўз юмади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозимки, аксари ҳолларда касаллик ривожланиб кетишига аёлларимизнинг ўзлари сабабчи бўлишади. Аёл кишининг касаллик ҳақида, унинг асоратлари ва оқибати ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслиги, ўз соғлиғига бефарқ бўлиши, вақтида мутахассисга мурожаат этмаслиги туфайли қайтариб бўлмайдиган асоратлар ривожланиб боради ва бемор ўз ҳаётига зомин бўлади.

Кўкрак бези раки касаллигини диагностика қилишнинг асосий усули маммография ҳисобланади. Маммография – кўкрак бези касалликларини рентген нурлари ёрдамида аниқлаш усулидир. Маммография усули асосан 35-40 ёшдан ошган аёлларга тавсия этилади. Бу усул билан беморга 92-96 фоизгача тўғри ташхис қўйиш мумкин. Айниқса, бу борада рақамли маммографларнинг имкониятлари жуда катта. Чунки, айнан рақамли маммограф ёрдамида кўкракда пайдо бўлган микрокальцинатлар жуда яхши аниқланади. Микрокальцинатлар эса кўкрак саратони касаллигининг дастлабки белгилари ҳисобланади.

Кўкрак бези саратонига ташхис қўйишда самарали усуллардан яна бири ультратовуш диагностикаси ҳисобланади. Бу усул ёш аёлларга асосий диагностик усул сифатида тавсия этилади. Лекин ультратовуш кўкрак бези тўқимасидаги микрокальцинатларни аниқлаш имкониятига эга эмас. Шу сабабли ҳам кўп ҳолларда ультратовуш усулини маммография усули билан тўлдиришга тўғри келади.

Кўкрак бези касалликларини диагностика қилишда замонавий тиббий техника асбобларини, хусусан замонавий маммографларни тажрибага тадбиқ қилиш, кўкрак бези раки касаллигини 70 фоизгача биринчи босқичда аниқлашга имкон беради ва ўлим кўрсатгичларини 30 фоизгача камайтиришга олиб келади.

Бахтга қарши ҳозирги кунда аёллар орасида кўкрак бези саратони касаллигининг кенг тарқалишини чеклови ва бу касалликнинг олдини олувчи реал имкониятлар йўқ. Лекин ушбу касаллик эрта босқичда аниқланса, уни даволаш мумкин. Кўкрак бези касалликларини эрта босқичда аниқлаш учун эса аёл киши мунтазам тарзда бир ойда бир марта ўзи кўкракларини мустақил равишда текширувдан ўтказиб туриши керак. Бунинг учун энг қулай вақт ҳайз даврининг 5-10 кунлари  ҳисобланади. Климакс даври бошланган аёллар эса ойнинг бирор кунини танлаб, бир ойда бир марта мустақил тарзда ўзларининг кўкракларини текширувдан ўтказишлари керак. Кўкракни мустақил тарзда текширув жараёнида қуйидаги белгиларга алоҳида эътибор қаратишлари зарур:

– Кўкрак безининг шакли ва ўлчамлари ўзгарганлиги;

– сут бези терисининг ёки сўрғичнинг тортилиб қолганлиги;

– унинг териси ёки сўрғич терисининг дағаллашиб қолганлиги;

– кўкрак бези тўқимасида тугун ёки қаттиқлик пайдо бўлганлиги;

– аёл эмизикли бўлмасада кўкракдан суюқлик ажралиши;

– сут бези соҳасида қизариш ва яллиғланиш белгилари пайдо бўлиши;

– қўлтиқ ости соҳасида тугун пайдо бўлиши.


Борди-ю, аёл киши юқорида санаб ўтилган белгиларнинг бирортасини ўзида сезса, дарҳол мутахассисга  мурожаат этиши зарур. Шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, кўкрак бези касалликларини эрта аниқлашда ва уларни олдини олишда профилактик тиббий кўриклар жуда катта аҳамиятга эгадир. Ҳар бир аёл сийнаси оғримаса ҳам 30 ёшдан кейин бир йилда бир марта, 40 ёшдан кейин эса бир йилда икки марта мутахассис-маммолог кўригидан ўтиб туриши керак.

Комментариев нет:

Отправить комментарий