Malhamuz1

ASSALOMU ALAYKUM "MALHAM1UZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 9 июня 2017 г.

Умид нихоли

 Xurshidabonu Vahobjon qizi, O'zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a'zosi, shoira

УМИД НИҲОЛИ 
(Ёш истеъдодли шоир АЛИШЕР МУҚИМОВ ижодига бир назар)

Шеърият қалбларга эзгулик, нафосат улашибгина қолмай, кишини мўъжизавий оламлар сари етаклайди, чин инсоний фазилатлар шаклланишига ёрдам беради. Бугунги кунда ёшларимиз ичида шеъриятга меҳр ва ихлос қўйганлари кўп. Ўзига хос изланишларни, ўз йўлини топишга интилишларни уларнинг машқларида кузатишимиз мумкин. Аммо мумтоз адабиётимиз дурдонаси бўлмиш аруз вазнида ижод қилувчилар тобора камайиб бораётгани сир эмас.
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилиб, ўсиб, Термиз давлат университетини тамомлаб, ҳозирда тумандаги 5-умумтаълим мактабида ёш авлодга адабиёт фанидан сабоқ бериб келаётган Алишер
Муқимовнинг “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида, “Китоб дунёси”, Андижонда чиқадиган "Қишлоқ  оқшоми" газеталарида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг расмий интернет сайтида эълон қилинган ижод намуналари ўзига хос фазилатлари билан эътиборимни тортди. 

Мумтоз шеъриятимиз анъаналари навқирон авлод вакиллари томонидан давом этдирилиб, янгича жозиба, янгича руҳ касб этаётгани, албатта, қувончлидир. Аслида, ҳақиқий адабиётга нисбатан айтиб бўлинган, ёки эскирган деган сўзларни ишлатиш ножоиз, ҳар бир инсон, ҳар бир қалб ягона яратилганидек, ҳар бир истеъдод руҳий кечинмалари, дунёқараши ва маҳорати билан шеъриятда янги сўзини айтаверади.
Умидли ёш шоир аруз илмини яхши ўрганиб, ўз устида тинимсиз ишлаш натижасида мумтоз жанрнинг ҳазаж, ражаз, рамал, мунсариҳ, музориъ, муқтазаб, мутақориб баҳрларида ажойиб 
ижод намуналари яратган. Мени  ўзига тортган жиҳати унинг янги сўз, янги фикр айтишга интилиши, янгича ифода услубидир. У қайси мавзуда шеър битса ҳам фақат ўз қалбининг сўзини айтади. Ёзганлари ўқувчининг эътиборини тортадиган даражада ёқимли, самимий.
Алишерда дунёни ҳис этиш қобилияти ҳам ўзига хос. Атрофидагиларга бўлган муносабатини, меҳр-муҳаббатини, садоқатини шеърий санъатлар орқали акс этдиришга ҳаракат қилади.  Инсоний фазилатларни улуғлаш, келажакка ишонч, меҳнатсеварлик ёш шоир шеърларининг асосий мавзусини,  моҳиятини ташкил этади. 
“Эй, нигоҳинг - саккизинчи мўъжиза”, “Бир қанча ниҳол эккан дил боғига ёшлик, лек Қурғоқчилиги қурсин, ҳосилни йўқотганман”, “Етар кутганларим шунча, қўярман барига нуқта, Шу боис ҳам юзингдан дона холингни ўғирлайман”, “Жон, десам жондан азизроқсан менга, Дил, десам олдингда кам ардоғи бор”, “Тинмайин ҳар лаҳза қилгум қўнғироқ, бир кун мени Айлагай девона шу етти рақам, деб қўрқаман” каби бетакрор ифодаларни  унинг ижодида кузатиш мумкин.
Таниқли арузшунос олим, профессор Абдулла Аъзамов улуғ Навоий ва Бобур издошлари бўлган ёшларни қўллаб-қувватлашни ўз бурчи деб биладиган жонкуяр устозлардан. Ундан Алишернинг ғазалларини кўздан кечириб, ўз фикрларини билдиришларини сўрадим. Мана устоз билдирган фикрлар: “Минг шукрким, Республикамиздан илми арузни ўрганган, илми қофия билан танишган, илми балоғатдан хабардор  ғазалнавис ниҳоят етишиб чиқибди! Завқим бир олам! Ёзганларини янада сайқаллаш шоирга сира мураккаблик қилмаслигига ишонаман. Мана шу ишонч билан мен берадиган баҳо: АЪЛО! Мен ёш шоир Алишер Муқимов ғазалларини нафақат  нашрга тавсия этаман, балки имкон борича тарғиб қиламан, кучим етганича қувватлайман. Саховатли Бойсун туфроғига яна бир бор ОФАРИН!”  
Сурхон эли Ўзбекистон халқ ёзувчилари Шукур Холмирзаев, Тоғай  Мурод, Эркин Аъзам, Ўзбекистон халқ шоирлари Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Ўзбекистонда  хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Эшқобил Шукур, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, адиб Қўчқор Норқобил, шоир ва публицист Менгнор Олломурод каби кўплаб истеъдодларга бешик бўлган.  Бу хосиятли заминда ёш иқтидорлар, Алишер каби умид ниҳоллари  бўй кўрсатаётгани бежиз эмас, албатта.

Улуғ салафларга муносиб тарзда  Алишер Муқимов ўзига нисбатан доимо талабчанлик билан ижод пиллапояларидан тобора кўтарилиб боришига ишонамиз. Бунга асосимиз бор. Қолаверса, у яхши мутахассис сифатида илмий изланишлар қилишини, келгусида аруз мактаби анъаналари давом этишига ҳисса қўшишини ҳам тилаб қоламиз. Чархпалак дунёда келажак авлоднинг вазифаси ва масъулияти шу аслида.

(Alisher Muqimovning "Mashhur-press" nashriyotida chop etilgan "Saodat fasli" kitobiga yozilgan so'zboshi.)

Комментариев нет:

Отправить комментарий