Қайноқ сатрларда сўзларим куйди,
Армонлар бахтимнинг кўзини ўйди.
Дунё сиз деб мени унутиб қўйди,
Қалбимнинг қабрини қазган кимсалар!
Ҳаётимни заҳар қилган ҳам сизсиз,
Сиз мутлоқ ғолибсиз, мағлуб эса биз.
Шунчалар қаллобсиз, шунчалар юзсиз,
Қалбимнинг қабрини қазган кимсалар!
Мен- кўзгу! Кўзгуман, фош қилгум сизни,
Ҳақиқатга тикиб бўлсада ўзни,
Кўрсатгум сиздаги ҳақиқий юзни,
Қалбимнинг қабрини қазган кимсалар!
Садпора юрагим қафасдаги қуш,
Ҳаёлда тентираб юраман нохуш.
Қанча азоб чексам, сиз шунча сархуш,
Қалбимнинг қабрини қазган кимсалар!
Ёлғон таъналарнинг остида ёна,
Кун келиб бардошга айландим мана,
Мендан нималарни истайсиз яна?
Қалбимнинг қабрини қазган кимсалар!
Бир сўз айтолмайин титраганда лаб,
Виждон азобида бағрингиз тиғлаб,
Тобутим ортидан қолгайсиз йиғлаб,
Қалбимнинг қабрини қазган кимсалар!
Комментариев нет:
Отправить комментарий