ЮСУФИЙ: «ЕЙИЛАДИГАН ВА ИЧИЛА....
Бу сўзни демоқда Юсуфий фақир.
Рисолани қилдим сен учун бунёд,
Еб-ичиш тадбири ҳақида ижод.
Рисола назм-ла бўлганда тамомо,
«Маъкулу машруб» деб унга қўйдим ном.
Ул ойким, чеҳрадан олганда ниқоб,
Хуш дея кўрсатди тарихин шу тоб.
Пайдо бўлди шунда бу хуш дастурхон,
Чиройли, неъмати юз хилда алвон.
Ёмонлардан уни асрагил, Худо,
Яхшиларга насиб этсанг муддао!
Ейиладиган нарсалар ҳақида
Агар сен ҳикматдан бўлсанг хабардор,
Сиҳатни ўйлаю, кўп ема зинҳор!
Овқатни тановул айлаганинг чоқ,
Қорнинг роса тўйиб кетмасин мутлоқ.
Озроқ есанг, тезроқ ҳазм бўлади,
Баданинг соғ бўлиб, кучга тўлади.
Чинакам иштаҳа пайдо бўлган он,
Сабр ила тоқатдан қолмагай нишон.
Агар бўлай десанг доим саломат,
Қорнинг очмай туриб емагил овқат.
Ғализ овқатлардан айлагил ҳазар,
Йўқса ундан етар меъдага зарар.
Иссиқ пайдо қилса агар ҳар овқат,
Ҳаво иссиқ пайтда емагил ҳеч вақт.
Одамнинг ичи ҳам қизир зоҳири,
Пушаймон тортади ундан охири.
Танангда ҳарорат кўпайса зинҳор,
Бўлурсан, албатта, зор ила бемор.
Ҳаво ёмон совиб кетгани чоқда,
Совуқ овқатлардан бўлгин узоқда.
Ичу ташинг бирга жанг пайдо қилур,
Совуқ учун айни муддао қилур.
Ҳароратга нуқсон етгани замон,
Ҳазм нуқсонидан қолмайсан омон.
Бир кунда одатинг бўлса, эй ҳушёр,
Бир бор овқат ейиш ёки икки бор.
Ушбу одатингни бузма ҳеч қачон,
Бузсанг, мубталосан ранжга бегумон.
Агар еган бўлсанг сен қуюқ овқат,
Суюқ овқат ема кетидан ҳеч вақт.
Меъдангдан то ўтиб бўлмасдан овқат,
Устидан емоқни қилмагин одат.
Ҳар хил овқат ема, айлагин ҳазар,
Ундан юз беражак ранжу ҳам зарар.
Нозик овқатлардан, эй ўғлим, зинҳор,
Риёзатдан сўнгра қилма ихтиёр.
Агар сенга бўлса дорим муяссар,
Лазиз овқатлардан егин сарбасар.
Лекин айламагин тановул бисёр,
Кўп одам бўлади ундан зор-бемор.
Агар бетаъм бўлса қилинган овқат,
Тановул қил ундан озгина фақат.
Ундан еб бўлмайди пайдарпай мудом,
Иштаҳа танангдан йўқолур тамом.
Ҳакимлар йўлини тутгину маҳкам,
Аччиқ нарсалардан кам е, жуда кам.
Кўп есанг, тезгина қариб қоласан,
Куч-қувват йўқолиб чарчаб, толасан.
Агар ўз жонингга бўлмасанг душман,
Жуда ҳам кам егин шўр нарсалардан.
Баногоҳ баданинг озиб кетади,
Равшан кўзингга ҳам нуқсон етади.
Ҳикмат қонунидан бўйин товлама,
Ширинлик кўп ема ва сўроқлама.
Ҳарорат кўпайиб ундан ўша он,
Жонинг оғриб юрак бўлур нотавон.
Тузсиз бўлса агар еган овқатинг,
Тузлигидан емоқ бўлсин одатинг.
Аччиқ нарсалардан еганинг замон,
Ширин нарсадан ҳам егин ўшал он.
Ширин бўлса агар еганинг зинҳор,
Аччиғини ҳам е, шундай расм бор.
Қовун билан бирга емагин асал,
Гар есанг, албатта, бўлурсан касал.
Анжир билан сутни аралаш қилма,
Зарардан ўз-ўзинг бағрингни тилма.
Емагин сен хардал бирла саримсоқ,
Ҳам товуқ тухумига қўшмагил пишлоқ.
Узум билан калла гўштини зинҳор
Бирга қўшиб ҳеч вақт қилма ихтиёр.
Ҳар кимки қатиққа бақлажон қўшар,
Касаллик домига, албатта, тушар.
Ҳар кимки ҳикматни билса озма-оз,
Каптар гўшти билан емагай пиёз.
Ялпизлар билан ҳам емоқ жоизмас,
Есанг, ундан агар зарар оз эмас.
Соғлиқнинг йўлига қўйиб сен қадам,
Сут билан балиқни айлама ҳамдам.
Сенга айтсам ундан бешак, бегумон,
Мохов касаллиги бўлур намоён.
Комментариев нет:
Отправить комментарий