Садаф дурларидек тишлар оғзимизда ярақлаб турса, қандай чиройли ва яхши. Соғлом ва кўркам тиш инсон ҳуснига ҳусн қўшади. Шунинг учун инсон кексайган чоғида ҳам тишлари соппа-соғ бўлишини истаса, тишларини болалигидан эҳтиёт қилиши зарур.
Биз кундалик ҳаётимизда соғлом,
оппоқ тишга эга инсонларга ҳавас билан қараймиз. Бундай тишлар бекорга садаф
дурларига қиёсланмайди. Чунки садаф Аллоҳ яратган мўъжизадир.
Тишлар тушган ёки оғриган бўлса,
овқат етарли чайналмайди ва натижада озиқ моддаларнинг бир қисми
ўзлаштирилмайди. Бу эса кўпинча меъда-ичак касалликларига олиб келади. Баъзан
ширинликларни, жуда қаттиқ нарсаларни ва тишга зарарли моддаларни (совуқ ва
иссиқ ҳолда) ҳаддан зиёд истеъмол қилиш, гўшт тановул қилгач, тишлар орасида
қолган қолдиқларни вақтида тозаламаслик тишнинг касалланишига ва емирилиша
сабаб бўлиши исботланган.
Баъзи одамларнинг тиши сарғайиб
кетади. Одатда, тамаки, нос чекиш, айрим дори препаратлари, аччиқ чой, чечак,
маврак, эман пўстлоғи дамламалари билан чайилганда ҳам тишлар сарғайиб қолиши
мумкин. Одамнинг ёши ўтиши билан, шунингдек, ичимлик сувида фтор моддаси
ортиқчалигидан юзага келган флюораз касаллиги оқибатида тишлар сарғая бошлаши
таъкидланади. Баъзи одамлар сарғайиб қолган тишларини ичимлик сода, туз,
водородпероксид билан тозалайдилар. Бундай қилиш зарарли бўлиб, тиш эмалига
зиён етказади.
Тишларини вақтида тозалаб
турмайдиган, оғиз бўшлиғи гигиенасига риоя қилмайдиган одамлар тишларида
кўпинча тош йиғилиб қолади. Тишдаги тошларни нина, тўғноғич, сим ва бошқа
нарсалар билан олиб ташлашга уринмаслик керак. Акс ҳолда тиш эмали бузилиб ёки
милк чети яраланиб, натижада бу ерга инфекция тушади. Тиш тошларини фақат тиш
шифокори олиб ташлайди ва тошлар олиб ташланганидан кейин оғизни тоза тутиш
зарур. Агар оғизда ёқимсиз ҳид пайдо бўлса, у тиш чириши ёки милкларнинг
касаллиги ҳисобланиб, баъзан бодом бези, ҳалқум, бурун шиллиқ пардаси,
ошқозон-ичак касалликлари ёки айрим умумий касалликлар ҳам ҳид манбаи бўлиши
мумкин.
Агар тишлар соғлом ва чиройли
бўлсин, десангиз, қуйидаги оддий қоидаларга риоя қилинг:
1. Тишларни иложи борича дарҳол
овқатдан кейин тозаланг.
2. Тиш чирий бошлаган бўлса,
тезда тиш шифокорига мурожаат қилинг.
3. Бола икки ёшга тўлгач,
овқатдан сўнг оғизни илиқ сув билан чайишга, уч ёшидан кейин юмшоқ тиш шчёткадан
фойдаланишга ўргатинг.
4. Агар овқатдан кейин ҳар гал
бир пиёла кўк чой (памил чой) ичсангиз, бу тишнинг эмал қатламини кемираётган
микроорганизмларнинг кўпайиши ва ўсишини тўхтатишга ёрдам беришини эсда
сақланг.
5. Тиш тошлари ҳосил бўлмаслиги
учун ҳар куни эрталаб хом сабзи, олма ва бошқа сабзавотлар, меваларни еб туриш
фойдали. Шунда оғзингиз ўз-ўзидан тозаланади, милклар қон билан яхшироқ
таъминланади ва мустаҳкамланади.
6. Болаларни ёшлигидан қотган
нон, ноннинг четлари, сабзавотларни, меваларни чайнашга ўргатиб бориш лозим.
Шунда уларнинг тишлари ҳеч оғримайди, мустаҳкамланади.
7. Ҳар бир ёпишқоқ ҳолва,
конфетни чайнаманг.
8. Данак, ёнғоқ ва бошқа қаттиқ
нарсаларни тиш билан синдирманг.
9. Жуда совуқ ва жуда иссиқ таом
ва ичимлик ичманг.
10. Тамаки ва нос чекманг.
Жаъфар Жабборов
Комментариев нет:
Отправить комментарий