АБДУЛЛА ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири
ҒАЗАЛ
Йўлдадир, етгай бориб,
Бизнинг дуолар сизга ҳам,
Бир куни бўлгай аён
Кўп муддаолар сизга ҳам.
Сиз-ку мендан айридирсиз,
Мен эсам айро эмас.
Байтларим борғусидир
Аҳли жудолар сизга ҳам.
Жойингиз Тайлоқ атодир,
Ё Фаробий гўшаси,
Зеб эрур аждодларим
Кийган ридолар сизга ҳам.
Осмонни билмадим, лек
Ер аҳли сокин эмас,
Бул замин ғавғоси мўл,
Етгай садолар сизга ҳам.
Яхшиликни барчамизга
Ўтдингиз орзу қилиб,
Нур бўлиб қайтсин ўшал
Эзгу нидолар сизга ҳам.
То савоб дунёсида
Шоҳдек юришга ҳақлисиз,
Кин билан боққай магар
Қанча гадолар сизга ҳам.
Мен ҳаёт фарзандиман,
Абдулламан – шеърин ёзиб,
Тангридан раҳмат сўраб,
Бўлгай адолар сизга ҳам.
13…..
Комментариев нет:
Отправить комментарий